Бегона ўтлар тавсифи ва таснифи
Бегона ўтлар деганда инсон етиштирмайдиган, лекин маданий ўсимликлар орасида тарқалган ва уларнинг яхши ўсиб-ривожланишига ҳалақит берадиган ўсимликлар тушунилади. Улар маданий ўсимликларнинг яшаш шароитлари ҳисобига яшайди, ҳосилдорлигини камайтиради, сифатини пасайтиради, қуритади (1-расм).
1-расм. Бегона ўтлар: 1—ғумай; 2—ажириқ; 3—курмак; 4—печак.
Далаларга бегона ўтларнинг тарқалиши ва кўпайишининг асосий сабаблари қуйидагилар:
а) кўпчилик бегона ўтлар тез кўпаядиган, уруғлари кенг тарқаладиган бўлади; б) атроф-муҳитга тез мослашиб кетади;
в) уруғдан ва ўсиш аъзоларидан кўпаяди;
г) уруғларнинг униб чиқиш қобилияти нисбатан юқори ва узоқ муддат сақланади;
д) экиладиган маданий ўсимлик уруғининг яхши тозаланмаслиги;
ж) экинларни алмашлаб экишни қўлламаслик;
з) агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли қўлламаслик;
с) бегона ўтлар уруғининг шамол ва сув билан осон тарқалиши;
л) уруғларнинг ҳайвонлар ва тупроққа ишлов бериладиган механизмлар ёрдамида тарқалиши;
м) далага мунтазам равишда гўнг солиниши.
МДҲ давлатлари ҳудудида 1500 турдаги бегона ўтлар мавжуд. Бегона ўтларга қарши курашиш чораларининг меъёри ва усулларини танлашда уларнинг биологик хусусиятларини билиш зарур.
Бегона ўтлар озиқланиш таркибига кўра яшил (мустақил яшовчи) ва паразит ўсимликларга бўлинади.
Мустақил яшайдиган, илдизи, пояси мавжуд, барги орқали фотосинтез жараёни содир бўладиган ўтлар яшил бегона ўтлар ҳисобланади. Улар бир, икки ва кўп йилликларга бўлинади.
Бир йиллик бегона ўтларга илдизи яхши ривожланмаган, йил давомида умрини тугатадиган ва бир йиллик маданий ўсимликларга мослашган ўтлар киради. Уларнинг 200 дан ортиқ тури маълум бўлиб, 154 таси ғўза етиштириладиган далаларда учрайди. Буларга курмак, итқулок, олабута, гултожихўроз, қўйтикан, итузум, қоракўза ва бошқалар киради. Бир йиллик бегона ўтлар эфемер (лолақизғалдоқ, мокрица), баҳорги (ёввойи сули, олабўта, шамак, девкурмак, иткулоқ, итузум, бургак), қишловчи (бўтакўз, мойчечак) ва кузги (метла, ялтирбош) ўтларга бўлинади.
Икки йиллик бегона ўтлар иккинчи йили ҳосил беради. Буларга қашқарбеда, қушқўнмас, мингдевона, қизил бурганлар киради.
Кўп йиллик бегона ўтлар ҳаёти даврида жуда кўп ҳосил қилади. Улар асосан илдизпоядан, илдиздан ва уруғидан кўпаяди (қоқиўт, изен, шўрак, ғумай, ажриқ, саломалайкум, қамиш, какра, бўзтикон, қўйпечак, қизилмия, янтоқ ва бошқалар).
Паразит бегона ўтлар ҳақиқий ва ярим паразитларга бўлинади. Ҳақиқий паразитлар бир йиллик, баргсиз ва поясиз бўлиб мустақил ҳаёт кечира олмайдилар. Улар поя (зарпечак, девпечак) ва илдиз (шунғия) паразитларга бўлинади. Ярим паразит бегона ўтлар Ўзбекистонда тарқалмаган.
Манба:
О. Рамазонов, О. Юсупбеков (2003). Тупроқшунослик ва деҳқончилик. Тошкент: «Шарқ».