Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошка экинини тупроқ сифати ва минерал озиқа элементларига талаби

22/Noyabr/2024 06:58
  1178

Картошка  тупроқ шароитига у даражада талабчан эмас. Аммо, физик хусусиятлари яхши, донадор, механик таркиби енгил, сув ва ҳаво сингадиган тупроқларда яхши ўсади.

Картошка, ҳаво яхши алмашадиган, ғовак, донадор ва тез қизийдиган тупроқларда юқори ва сифатли ҳосил беради. Аммо, тегишли агротехник чора-тадбирларни ўз вақтида ўтказиб, уни барча тупроқларда етиштириш мумкин.

Картошка навларининг барчаси ўсув даврида тупроқ, ҳаво таркибига талабчан. Унаётган туганак ва ўсаётган илдизга биринчи навбатда кислород керак. Кейинчалик, оқтомир ва ёш туганаклар ҳосил бўлаётганда, кислородга талаби янада ошади. Туганаклар шаклланиш ва ўсиши даврида кислородга бўлган талаби энг юқори бўлади. Тез зичланадиган тупроқларда ҳосил бўлган оқ томирнинг 50-60 фоизи туганак беради. Картошка, шунинг учун ғовак ва бир хилда намланадиган тупроқларда яхши ўсади.

Оғир, захкаш тупроқларда ҳаво етишмаслиги сабабли туганаклар шакли ўзгариб кетади. Картошка экилган майдонларда тупроқ мунтазам  равишда юмшатиб турилса уни ҳосилдорлиги ва товарлик сифатига ижобий таъсир этади. Зичлашган тупроқларда туганак таркибидаги крахмал ва витамин С камаяди.

Картошка етиштириш учун енгил ва таркиби ўртача донадор бўлган тупроқлар энг яхши ҳисобланади. Механик таркиби оғир зич тупроқларга экилган картошка уруғликлари чирийди, ниҳолларни ҳосил бўлиши кечкади ва шакли ўзгарган туганак ҳосил бўлишига сабаб бўлади.

Картошка етиштиришга соғ тупроқ ва қумоқ соғтупроқлар ҳам яроқлидир. Ёғингарчилик ва суғориш етарли даражада бўлса, қумоқ тупроқ ҳам яроқли. Тупроқ коллоидлари (қумоқдан бўз тупроқгача) миқдори ошиб борган сари туганак таркибидаги крахмал кўпаяди, бўз тупроқ ва ботқоқ тупроқларда эса туганак таркибидаги крахмал камаяди. Баҳор фаслида секин қизийдиган, ҳаво аэрацияси суст, механик таркиби оғир бўлган бўзтупроқларда картошка ҳосили кам бўлади. Бундай тупроқларда етиштирилган ҳосилни куз фаслининг ёғингарчилик даврида комбайн  ёрдамида йиғиштириш анча қийинчилик туғдиради. Бундай тупроқларнинг структурасини яхшилаш учун кўп миқдорда органик ўғит солиш ва жадал ишлов берилиши керак.

Тошлоқ ерларда ҳам картошкадан яхши ҳосил олинади, аммо етиштиришда механизацияни қўллаш катта маблағ талаб қилади.

Ҳосилни юқори ва сифатли бўлиши фақат тупроқ хусусиятига боғлиқ бўлмасдан, балки уни таркибидаги озиқ моддаларга ҳам боғлиқ. Картошка озиқ моддаларга жуда талабчан ўсимлик. Юқори ҳосил ва сифатли туганаклар олиш учун, уни ўз вақтида етарли миқдорда ва керакли шаклида озиқ моддалар билан таъминлаш керак. Тупроқ таркибидаги табиий озиқ моддалар заҳирасини ҳисобга олган ҳолда, ерга солинадиган ўғитларни картошка ўсимлиги яхши ўзлаштиради.

Картошка гектардан 10 т ҳосил берса, у ўзи билан тупроқдан 40-60 кг азот, 75-100 К2О, 15-25 Р2О5 ва 8-10 кг МgO ни олиб чиқади. Бу озиқ моддаларнинг учдан икки қисмини туганаклар  ўзлаштиради. Гуллаш босқичида талаб қиладиган азотни 75, калийни 66, магнийни 40 ва фосфорни 50 фоизини ўзлаштиради. Картошка Ўзбекистон тупроқ шароитида, азот ва фосфор ўғитини кўп талаб этади, калийга нисбатан эса талабчанлиги камроқ. Картошка бўз тупроқли минтақалардаги бўз тупроқларда етиштирилганда кўпроқ азот ва калий ўғитларни талаб этади.

Азот.  ўсув даврининг биринчи ярми ер устки қисмини ривожланиш босқичида, азотни жадал сингдиради. Туганакларни етилабошлаши ва палагини қурий бошлаш даврида азотга талаби камайиб кейинчалик тўхтайди. Азотни етишмаслиги палаги ўсишини сусайтиради, ҳосилини ва туганак таркибидаги протеинни камайтиради. Азот меъёридан ортиқ бўлса ҳосил сифати, туганак таркибидаги крахмал миқдори, туганакларни сақланиши ва картошка хом ва пиширилган этини қорайишига чидамликлигига салбий таъсир этади.

Фосфор  мураккаб оқсил моддаларини ҳосил қилиш учун ўсимликка зарур бўлиб, углевод ва оқсил алмашинувини яхшилаб, ўсимлик ўсиши ва ривожланишини тезлатиб, илдиз тизимини яхши ривожланишини таъминлаб, туганак ҳосил бўлишини тезлатиб ва уни таркибида қуруқ модда ҳамда крахмални кўпайтириб, ўсимликни қурғочиликка чидамлилигини оширади. Фосфор етишмаса ўсимлик ривожланиши секинлашади ва вирус касалликларига чидамлилиги  камаяди.

Калий – ўсимлик учун азот ва фосфор каби зарур, аммо у органик моддалар таркибига кирмаслиги билан фарқ қилади ва шу билан бирга  у эркин ионлар ёки беқарор коллоидлар бирикмаси ҳолатида бўлади. Ўсимлик калий билан озиқлантирилса, у ноқулай шароитларга ва касалликларга чидамли бўлади,  туганагини хом ва  пиширилган этини қорайиб қолишга чидамлилигини кучайтиради.

Картошка учун тупроқ таркибидаги гумус миқдори 3-3,5 фоиз ва минимал 1% бўлиши меъёрийдир. Тупроқ эритмаси таркибидаги рН қиймати 5,5 дан 6,5 гача бўлиши меъёрий ҳисобланади. РН 7,4 дан кўп ва 4,31 дан кам бўлса, ўсимликни ўсиши ва ривожланиши учун ноқулай шароит бўлади, бундай ерларда етиштириш учун тупроқ буферлик ҳолатига келтирилиши керак.

Картошка шўрга чидамлилиги ўртача бўлиши билан ажралиб туради. Марказий Осиё шароитида картошкани тупроқ таркибидаги  шўрга чидамлилиги хлор бўйича 0,015-0,020% ни  ташкил этади. Тупроқда меъёридан ортиқча шўр бўлиши ниҳоллар ҳосил бўлишини кечиктиради, туганак – кўзларидан ўсиб чиқадиган ўсимталар сонини камайтиради, палагини ўсиши сусаяди, ҳосилдорликни ва туганак таркибидаги крахмални камайтиради.

Манба:

В.И. Зуев, Ҳ.Ч. Бўриев, О. қодирхўжаев, Б.Б. Азимов (2005). Картошкачилик. Дарслик. Тошкент.

Улашиш: