Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Наслли буқа уруғларини етиштириш лабороторияси ташкил этилмоқда

14/Aprel/2024 23:29
  593

Халқ банки томонидан чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, ички истеъмол бозорни арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда Халқ банки ахборот хизмати берган маълумотга асосан ЎзА хабар берди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Халқ банки томонидан чорвачилик йўналишидаги 618 та лойиҳага 498,2 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, 18 452 бош наслдор қорамол олиб келиниб, наслчилик хўжаликларга тарқатилди.

Бундан ташқари, Халқ банки четдан наслли қорамол олиб келиш билан чекланмай, республикамиздаги мавжуд чорва молларини сунъий уруғлантириш кўламини кенгайтириш, чорвачилик хўжаликларида наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш ҳамда экспорт ўрнини босувчи зотдор сигирларни етиштириш мақсадида зотдор буқалардан наслли уруғ олиш лабороториялари ҳам ташкил этишни молиялаштириб келмоқда.

Яқинда ушбу лойиҳалардан бири Фарғона вилояти Қува туманидаги “Қайқубод насл чорва” масъулияти чекланган жамиятитомонидан йўлга қўйилди.

– Мазкур лойиҳага Халқ банки томонидан ажратилган 520 000 АҚШ долларилик кредит маблағлари ҳисобидан Германия давлатидан 24 бош зотдор буқа, Франция давлатидан эса сунъий уруғ олиш лабороторияси олиб келдик, – дейди МЧЖ раҳбари Исоқжон Насриддинов. – Корхонамиз йилига 5 млн доза наслли буқа уруғларини етиштириш қувватига эга бўлиб, ушбу уруғларни республикамиздаги чорвачилик хўжаликларига ҳамда қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон республикаларига ҳам экспорт қилишни режалаштираяпмиз.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, чорвачилик соҳаси ривожланган давлатларда наслли қора моллар тўғри озиқланиши билан бир қаторда юқори маҳсулдорликка эга бўлган наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади. Бу эса, келгусида туғилган бузоқларнинг генетик соғлом бўлишига, улардан олинадиган сут ва гўшт миқдорининг ошишига эришилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунга қадар юқори маҳсулдорликка эга бўлган наслли буқаларнинг уруғларини чет элдан валюта ҳисобига олиб келанар эди. Биринчидан нарх жиҳатидан қиммат ва республикамиз иқлимига мос келмаслик ҳолатлари жуда кўп учрарди.

Эндиликда чорвачилик соҳаси ривожланган давлатлар тажрибаси асосида республикамиз ҳудудида замонавий лаборотория ташкил қилинди. Бу эса республикамиздаги чорвачилик хўжаликлари учун қўшимча қулайликларни яратади.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: