Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистон ёнғоқ экспортида қачон етакчилар сафидан жой олади?

22/Noyabr/2024 09:49
  1401

Сиз ҳам эшитгандирсиз?! Ўтган йили Украинада ёнғоқ экспорти 83 фоиз ўсибди. Ушбу давлат Европа ва Осиё мамлакатларига 67,1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот етказиб бериб, соҳада етакчилар сафидан жой олди.

Жаҳон бозорида ширин-шакар мевалари билан ном қозонган Ўзбекистонда бу борадаги аҳвол қандай? Ўтган йили қанча ёнғоқ ­экспорт қилинди? Бу кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта.

Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга қараганда, 2018 йилда четга 12 534 000 долларлик маҳсулот сотилган. Бу озми ёки кўп?

Аввалги йилдаги кўрсаткич билан таққослайдиган бўлсак, салкам икки баробар камайган. Негаки, 2017 йилда хорижий давлатларга қарийб 24 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган.

Қулай табиий-иқлим шароитига эга мамлакатимизда боғдорчиликнинг мазкур тармоғи ривожи нега ҳамон суст? Ўзбекистон ёнғоқ экспортида қачон етакчилар ­сафидан жой олади?

Яшириб нима қилдик, ёнғоқчилик яқин-яқингача эътибордан четда қолиб келаётган, аниқроғи, ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Оқибатда янги боғлар ташкил этиш тугул, борининг ҳам баҳридан кечила бошланди. Ўзингиз ўйланг, ҳар тупи 20 метргача соя ташлаб, дуруст ҳосил бермайдиган дарахтдан нима фойда?!

Кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилиниб, боғдорчиликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани туфайли ниҳоят ушбу тармоқни жонлантириш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди.

Гап шундаки, Президентимизнинг 2017 йил 1 июнда “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини ­тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиндики, бу мазкур жабҳа ривожига катта туртки бўлди. Ушбу ҳужжатда Андижон, Қашқадарё, Жиззах, ­Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида умумий майдони 10 минг гектарга тенг ёнғоқзорлар барпо этиш, бунинг учун халқаро молия институтларининг 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитларини жалб қилиш вазифаси белгилаб берилди. Бу эса боғ­бону соҳибкорлар кўнглининг туб-тубидаги ­орзулари рўёбида айни муддао бўлаётир.

Калифорния кўчати ўзбек заминига мос тушди

Ёнғоқ ва қуруқ мевалар ишлаб чиқарувчилар халқаро кенгаши (International Nut and Dried Fruit Council)нинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ривожланаётган кўплаб давлатларда анъанавий боғдорчилик ўз ўрнини ихтисослаштирилган тармоқларга бўшатиб бермоқда. Хусусан, интенсив ёнғоқчилик тараққий эттириляпти. 2017-2018 йиллар мавсумида жаҳонда 4,2 миллион тоннадан ортиқ ёнғоқлар етиштирилгани, бу ўтган мавсумдагидан 11 фоиз, охирги ўн йилликдаги ўртача кўрсаткичдан эса 30 фоиз кўп эканлиги ана шу таркибий ўзгаришлар маҳсули ­сифатида баҳоланаётир.

АҚШ мазкур жабҳада ҳамон етакчиликни қўлдан бермаяпти. Унинг ялпи маҳсулотдаги улуши 41 фоизга тенг. Бинобарин, ёнғоқчилик Америка фермерлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Ҳосилнинг асосий қисми — 96 фои­зи Калифорнияда етиштирилади. Унинг, ­айниқса, оқ мағиз ёнғоқлари дунёда энг харидоргир маҳсулотлар сирасига киради.

Жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллашга аҳд қилган юртимиз боғбонлари айнан калифорниялик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишгани таҳсинга лойиқ.

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол ­Абдуллоевнинг айтишича, замонавий плантацияларни яратиш учун хорижий ҳамкор сифатида бежиз АҚШ мутахассислари танлангани йўқ. Сабаби юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, ресурс тежовчи ­технологияларни кенг жорий этиш, ёнғоқ етиштиришнинг илмий асосланган ­усулларини қўллаш орқали мўл ҳосил етиштиришдир. Бунда дастлаб Жомбой ­туманидаги 500 гектар майдонда яратилган боғ муҳим тажриба вазифасини ўтади.

Ушбу боғда АҚШ ва Туркиядан олиб келиниб ўтқазилган кўчатлар тезда тутиб кетиб, ҳаттоки, биринчи йилнинг ўзида нишона мева берди. Бу эса уюшма аъзоларига мазкур усулни оммалаштиришда катта куч ва руҳ бағишлади.

Лалмикор ерда шовуллаган боғ

Яккабоғ туманининг Ишкент қишлоғига йўлингиз тушса, танаси кишининг қучоғига сиғмайдиган ёнғоқларни кўриб, қойил қолишингиз турган гап. Улар ҳудуд аҳлининг фахри саналади. Одамларнинг айтишича, дарахтларнинг аксарияти бир неча асрларни қаритган. Бундай табиий ёнғоқзорларнинг кўплигидан англаш мумкинки, Яккабоғ боғдорчилик, айниқса, ёнғоқчилик учун қулай табиий иқлим шароитига эга. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан 1 минг 140 гектар майдонда ёнғоқзор ва бодомзорлар ташкил этилаётганини бамисоли беркилиб қолган булоқ кўзлари очилганига менгзаш мумкин.

Эътиборли жиҳати, юртимизда ёнғоқзорларни бунёд этишда суғориладиган ерлар эмас, аксинча, шу пайтгача фойдаланилмай келинган лалмикор майдонлар ­танлаб олиняпти. Мутахассисларнинг айтишича, ёнғоқ обитобида парваришланса, наинки тоғли ҳудудларда, балки лалми ­майдонлар, қир-адирларда ҳам тезда тутиб кетади. Шу боис “Sag agro Yakkabogʻ” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти боғ учун лалми ерлар ажратилганидан ажабланишмади ҳам. Ўтган йилнинг ўзида 400 гектар майдонда ёнғоқнинг “Chendler” ва “Cisco”, 300 гектарга бодомнинг “Аvijor” ва “Guara” навлари кўчатларини ўтқазиб, замонавий боғ яратишди.

Бугун Ҳисор тоғ тизмаларининг этагидаги бу боғни кўриб, кўзингиз қувнайди. Саф тортган ниҳоллар бир йилдаёқ бўй чўзиб шохлаб қолган.

— Илгари бу жойлар қуриб-қақшаб ётарди, — дейди “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Ботиров. — Лалми ер эмасми, ёғингарчилик кўп бўлган йилларда ғалла экилар, қолган пайтда эса ёввойи ўт-ўланлар ҳам саратонга қолмай қавдон бўлиб қоларди. Президентимиз ташаббуси билан шу ерлар обод бўлди. ­Шовуллаган боғ бўй кўрсатяпти. Унда ­бегоналар эмас, ҳудудимиздаги Лангар, Бешқўтон, Ажрим каби қишлоқлар ёшлари ишлаяпти. Шунинг орқасидан рўзғорини тебратмоқда.

Дарҳақиқат, жамият раҳбари Фаридун Розиқовнинг таъкидлашича, 30 нафар ­доимий, 500 дан ортиқ мавсумий ишчиларнинг барчаси шу ҳудуддан жалб этилган. Улар қишнинг нисбатан илиқ келган об-ҳавосидан унумли фойдаланиб, 440 гектар ­майдонни ниҳол қадашга ҳозирлашмоқда. Бунда замонавий 6 та техника ­кучидан ҳам унумли фойдаланишяпти.

— Кўчатлар 6х7 схемада экилади, — дейди боғбон Абдукарим Саидов. — Бу қатор ораларига ишлов бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш учун жуда қулай. Чунки ёнғоқ қўлда эмас, техника ёрдамида ­териб олинади. Ниҳолларга ҳам шунга мослаб шакл берилади. Масалан, калифорниялик профессорнинг кўрсатмаси билан ўтган йили ўтқазилган кўчатларнинг 2 метргача бўлган қисмида шох қолдирмадик. ­Уч-тўртта нишона меваларини ҳам юлиб ташлаб, унинг кучини ўсишга йўналтирдик. Энди бу йил уларда тўртта ён шохини ­қолдириб, шакл берамиз. Ана шунда ­ёнғоқзоримизнинг таровати кўзга яққол ташланади.

Ўзаро суҳбатлардан маълум бўлишича, кейинги пайтда ёнғоқчиликка эътибор пасайиб кетишига дарахтнинг кеч ҳосилга кириши, тағинкўп ҳолларда меваси “кўр”, пўчоғи қалинлиги сабаб бўлган. Ахир бир ниҳолни саккиз йил давомида парваришлаб, энди ҳосилини ола бошласангиз-у, унга бозорда талаб бўлмаса... Ҳар қандай киши бошқа экин экишни маъқул кўради-да.

Шунинг учун кўчатчиликда интенсив ­технологиялар қўлланилиб, тез ва харидоргир мева берадиган навлар экилмоқда. “Chendler” ва “Cisco” шулар сирасига киради.

50 йил 50 килограммдан мева беради

Рақобатга дош бериш учун, энг аввало, ташқи бозор талабига мос маҳсулот таклиф эта олишимиз шарт. Бу борада эса асл Ватани Калифорния бўлган “Chandler”га тенг келадигани йўқ. АҚШнинг ушбу штатида етиштирилган ҳосилнинг 40 фоизи ички бозорда сотилса, қолган қисми Корея Республикаси, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва Европа иттифоқи мамлакатларига экспорт қилинади. Қандолатчилик фабрикалари, тез тайёр бўладиган овқатлар ­етказиб бериш тармоқлари асосий ­харидорлар саналади. Чунки унинг мазғи оқ ва жуда мазали.

— Яна бир афзаллиги меваларининг йириклигидир, — дея суҳбатга қўшилган жамият иш юритувчиси Алишер Ибрагимов ҳажми товуқ тухумидек келадиган ёнғоқларни кўрсатади. — Бу АҚШдан олиб келинган “Chandler” ёнғоғи. Шунинг учун боғимиздан умидимиз катта. Эҳтимол, мевалари бундай катта бўлмас, балки ундан ҳам йирик бўлар. Лекин ўта мазали бўлишига ишончим комил. Чунки биз ҳар 10 гектар майдоннинг турли жойларидан олинган тупроқ таҳлиллари асосида унга мос навни танладик. Парваришини эса рисоладагидек ­бажаряпмиз.

Буни боққа келган киши бир зумда ­илғаб олади. Киши эътиборини сув манбаидан анча олис адирликда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилаётгани тортмай ­қолмайди.

— Асосий ва ёрдамчи қувурларни ётқизиш, уларни монтаж қилиш ва томчилатиш шлангларини улаш — буларнинг барчасини ўзимиз қилдик, — дейди Ўрол Бозоров. — Бу борада бизга йўл-йўриқ кўрсатиш учун Туркиядан жалб этилган лойиҳалаштирувчи мутахассис ҳам тан берди.

Каналдан олинган сув эни 60 метр, узунлиги 200 метр, чуқурлиги 5 метрли махсус ҳовузда тиндирилиб, 6 та насос ёрдамида боғимизга етказиб берилади. Дарахтларга кунига ўртача 4 соат сув қуйилади, холос. Асосий озуқалар ҳам эритиб берилади. Натижада ҳар бир ниҳол бехато тутиб кетади.

Боғнинг ҳар 200 гектарига бир агроном, 4 нафар боғбон бириктирилган бўлиб, улар кўчатларни номма-ном “танишади”, ҳолатини бир қарашда билишади. Биз қишнинг нисбатан илиқ келиши дарахтлар эрта ­уйғонишига таъсирибор-йўқлиги ҳақида қизиқамиз.

Уларнинг эътироф этишича, хориж ­навларининг энг қулай жиҳати кеч, яъни апрель-май ойларида уйғонишидир. Бу Ўзбекистон шароитида ҳосилни совуқ ­урмайди, дегани. Қолаверса, -3 даража совуқда ҳам унинг мева тугунчаларига зиён етмайди. 4 йилда тўлиқ ҳосилга ­кириб, ҳар бир дарахт 50 килограммдан 50 йил мева беради.

Чорвачиликдан ўн чандон фойдали

Президентимиз 2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Sag agro Yakkabogʻ” масъулияти чекланган жамиятининг мазкур боғида ҳам бўлиб, у билан яқиндан танишди, ёнғоқ кўчати ўтқазди.

Шу ерда қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар, аҳоли билан суҳбатда Яккабоғда ҳам ҳосилдор ерлар, деҳ­қончиликни яхши биладиган одамлар кўплиги, бундан тўғри фойдаланиб, боғдорчиликни ривожлантириш, аҳоли томорқалари учун мевали дарахтлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Бинобарин, боғдорчилик — кони фойда. Бамисоли аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишда ишга солинмаган имкониятдир. Айтайлик, биргина “Sag agro Yakkabogʻ”нинг боғларида 500 киши доимий иш билан таъминланиши, йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олиниши кўзда тутилган. Етиштирилган ҳосилнинг 60 фоизини эса экспортга ­чиқариш режалаштирилмоқда. Шунинг ­ортидан қанча даромад келишини эса ­тасаввур этиш қийин эмас. Бу масаланинг бир ­жиҳати, холос.

Иккинчи томони шундаки, меванинг ­сероблиги ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, қайта ишлашни йўлга қўйиш, янги фабрикалар пайдо ­бўлишига туртки бўлади. Чунки қайси ­харидоргир ширинлик ёки шоколадни ­олманг, уларнинг асосий хом ашёси ёнғоқ эканлигига амин бўласиз. Дунё ошхоналарини эса ушбу хуштаъм мевадан олинган паста ёки ёнғоқ қўшилган таомсиз тасаввур қилиб ­бўлмайди.

Лойиҳа ташаббускорларининг фикрича, асосан, чорвачилик билан шуғулланиб келган қишлоқ аҳолиси томорқасида ёнғоқ етиштириш учун кўп харажат қилишга ҳожат йўқ. Ёнғоқнинг “Chendler” ёки “Cisco” нав­лари кўчатини экиб, парваришласа, кифоя. Унинг ҳар тупидан 50 килограмм ҳосил олинган тақдирда, бунча меванинг, боринг­ки, тенг ярми пўчоққа чиқиб кетса ҳам, 25 килограмм мағзи олинади. Унинг килоси жаҳон бозорида 3 — 6 доллар баҳоланади. Ўртача 5 доллардан пулланса, бу 125 доллар деганидир. Агар томорқангизда ўн туп ёнғоқ бўлса, шу ҳисобда, бир мавсумда шунинг ўзидан 1 250 доллар, тахминан 10 миллион сўм атрофида қўшимча маблағ ишлаб олишингиз мумкин экан. Бу чорвачиликдан ўн чандон фойдали эмасми?!

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил ­Қашқадарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқларига асосан, ­Китоб ­давлат ўрмон хўжалигида 1 000 гектардан ортиқ, Яккабоғ туманидаги Ҳисор ҳудудида ҳам шунча майдонда ёнғоқзорлар ташкил қилинди. Бу борадаги ишлар жорий йилда изчил давом эттирилаётгани, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам замонавий ёнғоқзорлар бунёд қилинаётганини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекис­тон яқин 3-4 йил ичида ёнғоқ етиштириш ва экспорт қилишда етакчи давлатлар сафига қўйилишини фаҳмлаш қийин эмас. Бунга қаровсиз бўлиб ётган, сувсиз ер майдонлари ҳисобидан эришилаётгани эса қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг нақадар пухта ва оқилона олиб борилаётганидан далолатдир.

Муаллифлар: Саид Раҳмонов, Аҳад Муҳаммадиев.

Манба: “Халқ сўзи online”.

Улашиш: