Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда вегетария технологияси ўрнатилмоқда

25/Aprel/2024 10:43
  638

Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Глобал экологик жамғарма ва “Давергеодезкадастр” қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.

“Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти Зомин туманидаги қишлоқ хўжалиги коллежида 3 сотих ва Бухоро вилояти Қоракўл тумани Чекирчи қишлоғида истиқомат қилаётган Замира Ғайбуллаева хонадонида 1 сотих томорқа ернинг устки қисмида иссиқхоналар қурилган эди.

Коллежда иссиқхона қурилиши ёшларни меҳнатга жалб этиш, иссиқхоналарда иш юритишни амалий жиҳатдан ўргатишга хизмат қилади. Бу ерда ўсимликларни парваришлаш, озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, юқори ҳосилга эришишда инновацион ва ресурстежамкор технологияларни қўллаш бўйича назарий билимлар амалий машғулотлар билан бойитилади.

Қоракўл туманида ташкил этилган иссиқхона эса ишсиз аёлни доимий иш билан таъминлаш, оила даромадини оширишга қаратилган амалий ёрдам бўлди.

Мазкур иссиқхоналарнинг афзаллиги шундаки, бу ерда электр энергия ва бошқа иситиш харажатларини камайтириш мақсадида замонавий ва ресурстежамкор “вегетария технологияси” ўрнатилган. Қиш фаслининг совуқ кунларида ушбу технологияни тегишли асбоблари иссиқхонадаги ҳароратни мунтазам назорат қилади. Иссиқхона ички қисмида, унинг баландлигига қарийб тенг равишда вертикал ҳолда ўрнатилган пластмасса қувурлар орқали иссиқ ҳаво сўриб олинади ва уни тупроқ остига, горизонтал ҳолда ўрнатилган қувурларга йўналтиради. Иссиқ ҳаво қувурлар орқали тупроқни иситади ва тупроқдан 20-30 см баландликда вертикал ҳолатда ўрнатилган қувурлар орқали иссиқхона ичига қайта чиқади.

Бу технология асосан иссиқхонани иссиқ ҳаво, тупроқ ости ва устки қисми учун етарли иссиқликни етказиб бериши билан аҳамиятлидир. Таъминланиши натижасида иссиқхонадаги экинларни ривожланиши юқори бўлиши билан бошқа турдаги иссиқхоналардан ажралиб туради. Иссиқхона ичида ва тупроқ остига қўйилган платмасса қувурлардан, мутахассислар фикрига кўра, 30 йилдан кўпроқ фойдаланиш мумкин, шунингдек пластмасса қувурларни эксплуатация қилиш жуда осон ҳисобланади.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: