Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Баҳорги арпани етиштириш

23/Noyabr/2024 03:46
  1604

9600079 ВОДКА — Франциянинг селекцион нави («Делепланк» фирмаси тақдим этган). 2000 йилдан Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларининг суғориладиган ерларида баҳорги экиш муддатида пиво ишлаб чиқариш мақсадида Давлат реестрига киритилган. Нутанс турига мансуб. Биологик баҳорги. Оргинатор маълумотига кўра, нав пивобоп навлар гуруҳига мансуб. Синовда ўртача дон ҳосилдорлиги 23,3-45,0 центнерни ташкил этди. Ишлаб чиқариш шароитида ўртача дон ҳосилдорлиги 18,0-42,3 центнерга тенг. 1000 та донининг вазни 35,5 г. Ўзбекистон шароитида бу нав 82-95 кунда пишади. Синов йилларида қишлоқ хўжалик касалликлари ва ҳашаротлари билан зарарланмади. Бошқа иқлимлаштирилган навлари ҳозирча йўқ.

Етиштириш технологияси. Алмашлаб экишдаги ўрни. Баҳори арпа учун ўтмишдош экинлар яхши танланиши шарт, қатор орасида ишланадиган экинлар ва тоза шудгорга экилганда юқори ҳосил олинади. Кузги ва дуккакли дон экинлари ва пахта яхши ўтмишдош бўла олади. Кўп йиллик ўғитлар беда ва себарга ҳам ҳосилдорликни 4-5 центнерга оширади. Баҳори арпа минерал ва органик ўғитларга талабчан бўлади. Органик ва фосфорли ўғитлар кузда берилади. Экиш муддатлари баҳорда тупроқ ва ҳаво ҳароратига қараб белгиланади. Лекин экиш муддати кечиктирилмаслиги керак. Бу тадбир энг муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Бизда февраль ойнинг иккинчи декадасидан бошлаб арпа экишга киришилади. Баҳорги арпани экиш билан боғлиқ бўлган бошқа агротехник тадбирлар, баҳори буғдойни етиштириш табдирларга жуда ўхшаш. Баҳори арпа уруғлари экишдан олдин албатта дориланади, фундазол (50% 2,5-3,0 кг), витавакс (75% 2,5-3,0 кг) химикатларидан фойдаланилади.

Экиш муддати. Баҳори арпани имкон қадар эртароқ экиш керак. Бизнинг қурғокчилик шароитда албатта тупроқдаги табиий намдан унумли фойдаланиш зарур. Тупроқда нам борида униб чиқиб тезда тупланиш фазасини табиий намлардан фойдаланиб ўтаб олса, уруғлар бир текис унгани учун тупланиш фазасини ҳам бир текис ўтайди ва пишиш фазаси ҳам бир муддатда бошланади.

Экиш усули. Ҳудди бошқа бошоқли дон экинларига ўхшаб тор қаторлаб қатор ораси 13-15 см, туп ораси 1,5.3 см қилиб экилади, аммо уруғни кўндалангига ва узунасига экиш мумкин. Бу вақтда харажатлар ошиб кетади.

Экиш меъёри албатта экилган жой ва тупроқнинг сув билан таъминланганига боғлиқ бўлади. Унумдор, сув билан етарли таъминланадиган майдонларда албатта кўпроқ уруғ ташланади. Баҳорги арпа ҳосилдорлигида туп сони жуда аҳамиятга эга, 1м2 майдонда ҳосил пишганда 450-600 дона маҳсулдор поялар бўлиши лозим. Бир гектарга 3,5-4,0 млн дона ёки 150-160 кг уруғ зарур. Уруғларни тупроқ намлиги, механик таркиби ва иқлим шароитларига қараб ерга ташлаш чуқурлиги аниқланади. Бўз тупроқларда арпа уруғлари 5-6 см, енгил қумоқ тупроқларда 6-7 см чуқурликка ташланади. Уруғларни ўта юза ёки жуда чуқур ташлаш ҳам уруғнинг чириб кетиши ёки ярим буришиб кейин қуриб қолишига олиб келади.

Арпа ўсув даврининг бошида кузги буғдойдан кўра сустроқ ўсади, шунинг учун ҳам бегона ўтлардан айниқса ёввойи сули, какра, буғдойиқ, қўнғирбош ва бошқалар ривожланади. Арпа уруғлари билан ёввойи сули ва какра уруғлари бирга янги далани ҳам ифлослайди. Даладаги бошқа бегона ўтлар баҳорда тезлик билан ривожланиб туп сонини камайтиради. Бегона ўтларга кимёвий усулда кураш энг яхши чора ҳисобланади.

Туплаш ва найга тортиш фазасида азотли ва фосфорли ўғитлар икки марта бўлиб берилади, РУМ-8, РУМ-5 ва бошқа машиналарда суғорилгандан сўнг дарҳол ўғитлар берилади. Азотли ўғитлар кўпроқ берилса, доннинг таркибида оқсил миқдори ошади, ем-хашак учун экилган арпаларга азотли ўғитларни кўпроқ бериш керак. Пиво учун экилган арпаларга азотли уғитларни кам бериш зарур. Доннинг таркибида оқсилнинг кўп бўлиши пивонинг сифатини пасайтиради.

Арпа бошоқлари пишгандан сўнг бир томонга эгилади, тез синувчан бўлгани учун кечикмай ўриб олиш зарур. Бошоқларда донлар 30-35% намликда бўлган ўришга кириши дон нобудгарчилигиниг олдини олади. Ҳосил дон комбайнларида йиғиб олинади.

Манба:

Д. Ёрматова, Н. Шамуратов (2008). Донли экинларни етиштириш технологияси. Тошкент, «Ал-Фаба-Сервис».

Улашиш: