Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқ структурасини тиклаш шароитлари ва усуллари

22/Noyabr/2024 13:01
  1124

П.А. Костичев, К.К. Геройц, В.Р. Вильямс структура ҳосил бўлишининг назарий асосларини ишлаб чиқдилар. Улар тупроқнинг агрегатлик ҳолатини (структурасини) тиклашнинг агротехник тадбири ва усулларини ишлаб чиқдилар.

Ҳозирга қадар тупроқ структурали ҳолатини тиклашнинг қуйидаги агротехник усуллари мавжуд:

1) тупроққа ишлов бериш;

2) тупроқни гумин ва улмин кислоталари билан бойитиш;

3) нордон (кислотали) тупроқларни оҳаклаш, ишқорли тупроқларни гипслаш; 4) алмашлаб экиш системасини тўғри жорий этиш.

Етук тупроқшунос олим Э. Рассел таъкидлаши бўйича деҳқончилик системасида тупроқ унумдорлигини таъминловчи агрегат бўлакчаларини вужудга келтира олмаган ишлов усули яроқриз ҳисобланади. Академик В.Р. Вильямс тупроқда маданий ишлов беришга алоҳида эътибор берди. Унинг таъкидлаши бўйича ишловнинг асосий вазифаси тупроқ ҳайдалма қатламини агрегатчалардан ташкил топган ғовак системага айлантиришдир.

Ишлов жараёнини ўтказиш вақтида тупроқ чанг-тўзонга айланмаслиги лозим.

Бинобарин, бу жараённи тупроқ ўта нам ёки жуда қуриб қолган шароитда олиб бориш мумкин эмас. Сифатли ишловни таъминловчи кўпгина физик-механик жараёнлар ёпишқоқлик, пластиклик, уваланиш, каттиқлик ва бошқалар - тупроқнинг намлик кўрсаткичи билан чамбарчас боғлик, бўлади. Намликнинг ошуви тупроқ, ёпишқоқлигини янада кўтарилишига, ишлов асбобларига кўрсатадиган солиштирма қаршиликнинг ошишига олиб келади. Шунинг учун ҳам сифатли ишлов беришнинг асосий омили - бу тупроқ оптимал намлик кўрсаткичини топишдир. Оптимал намлик тупроқда қониқарли структурани вужудга келтиради, энг кам ёпишқоқликни, қаттиқликни таъмин этади. Намликнинг бу кўрсаткичини тупроқнинг физик етилганлиги дейилади.

Физик етилган тупроқнинг намлиги пластиклик (нам ҳолатда ўз шаклини сақлаш) ҳолатининг энг қуйи даражасига яқин туради. Бу пайтда ҳайдалган тупроқ яхши увоқланади, ерни ишлаш учун кетадиган меҳнат сарфи камаяди ва энг чидамли агрегатлар ҳосил бўлади. Олинган кўпгина маълумотларнинг кўрсатишича, типик бўз тупроқларда ҳайдалма қатлам пластиклигининг қуйи чегараси 17-19% ни ташкил этади, структура ҳосил бўлиш намлиги эса 19-20% ўртасида ўзгариб туради. Саҳро зонасининг суғориладиган ўтлоқи воҳа тупроқларида эса пластикликнинг қуйи чегараси механик таркибга кўра 15-19% ни ташкил этса, структура ҳосил бўлиш намлиги эса 17-21% ўртасида бўлади. Ҳуллас, оптимал намлик кўрсаткичи тупроқнинг механик таркибига кўра дала нам сиғимининг (ДНС) 65-75% ни ташкил этади. Тупроқ структурали ҳолатини тиклашнинг асосий йулларидан бири уни чиринди моддалар билан бойитишдир. Тупроқ чириндиси таркибидаги турли органик кислота (гумин, фульво ва бошқа) лар тупроқ заррачаларини бир-бирига елимловчи модда ролини ўйнайди. Агарда чиринди кислоталари кальций, магний, қисман темир ёки алюминий тузлари ҳолида тупроқ заррачаларини ёпиштирса, бундай ҳолда ҳақиқий сувга чидамли ва ғовак структуралар вужудга келади. Тупроқ чириндисини кўпайтириш учун унга кўп миқдорда гўнг солиш керак.

Тупроқ структурасини тиклаш унинг кимёвий хусусиятини яхшилаш билан ҳам амалга оширилади. Шўртоб ёки подзол тупроқлар бунга мисол бўлиши мумкин. Бундай тупроқларнинг сингдириш комплексида водород, натрий бўлиб, бундай элементлар иштирокида нордон ёки ишқорий муҳит пайдо бўлишидан ташқари сувга жуда чидамсиз структура ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам бундай тупроқларнинг структурали ҳолатини яхшилаш мақсадида ерга оҳак ёки гипс солинади. Бу тузлар таркибидаги икки валентли кальций тупроқнинг сингдириш комплексидаги бир валентли элементлар ўрнини олади. Бу жараённинг бир неча бор қайтарилиши нордон ва шўртоб тупроқларнинг структурали ҳолатини яхшилайди.

Тупроқни структурали қилишнинг яна бир муҳим тадбири шу зона эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўтдалали алмашлаб экишни жорий этишдир. Шу мақсадни назарда тутиб, ҳар қайси зона шароитига тўғри келадиган кўп йиллик дуккакдош ўтлар (беда, йўнгичка) ва бир йиллик ўтлар (арпа, буғдой, маккажўхори, оқ жўхори ва бошқаларни) алмашлаб экилади. Кўп йиллик ўтлар серилдиз бўлганлигидан ерда чиринди ҳосил қилувчи органик колдиқ тўпланади ва тупроқнинг устки қатламида сувга чидамли донадор структура ҳосил бўлади.

Ўрта Осиё хўжаликларида тўпланган ҳамда илмий-текшириш ташкилотларининг дала шароитида олиб борган кўп йиллик тажрибаларининг якунлари қуйидаги хулосага олиб келди:

1) кўп йиллик ўт экинлари (айниқса беда) экиш ҳамда ерларга гўнг солиш тупроқ структурасини яхшилайди;

2) ўтлар ҳайдалгандан кейин пахта экишнинг биринчи йилидаёқ ҳар хил тур ва типдаги тупроқларда сувга чидамли макроагрегатларнинг миқдори кўпаяди ва пахта ҳосили ошади;

3) ўтлар ҳайдалгандан кейин экин экишнинг иккинчи йилидаёқ тупроқнинг макроструктураси тез ва кескин ёмонлашади;

4) сурункасига минерал ўғитлар билан ишланганда тупроқнинг структурали ҳолати деярли яхшиланмайди.

Структурани тиклашда термик омилнинг ҳам роли катта. Структуранинг вужудга келишида ҳарорат ва сув асосий омил ҳисобланади. Бу жараён таъсирини қуйидагича тушунтириш мумкин: Совуқ кунлар бошланишидан олдин ёққан ёғин сувлари ёки суғориш сувлари тупроқ кавакларига кириб, уларни тўлдиришлари мумкин: ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши туфайли бу сувлар музлайди, музлаш сув хажмини кенгайтиради. Натижада тупроқ тешикчаларида қўшимча катта куч вужудга келади. Бу ҳодиса ўз навбатида механик заррача ва агрегатларнинг бир-бирига янада катта куч билан сиқилишига олиб келади. Кунлар исиши билан тешикчалардаги музлар эрийди. Тупроқнинг етилганлиги, унинг бирмунча донадор (маҳаллий тилда «қўзилаган») лиги сезилади. Кеч кузда бериладиган «яхоб» сувлар ана шу мақсадни кўзда тутади. Лекин ҳамма вақт ҳам музлаш структура ҳосил қилавермайди. Музлаш жараёни ҳарорати анча паст ва ўта намланган тупроқларда структура ҳосил қилмайди, балки уни бузади.

Маълумотлардан маълум бўлдики, тупроқ структурасининг бузилишига сабаб бўлувчи омиллар кўп бўлганидек уни тиклашга қаратилган усуллар ҳам хилма-хилдир. Хозирги вактда шу нарса исботландики, структурали тупроқларда сув, ҳаво, термик ҳамда озиқ режимлари маданий ўсимликлар учун етарли ва қулай шаклда бўлади. Структурали тупроқ маданий тупроқ ҳисобланади.

Шуни қатъий таъкидлаш керакки, структурани тиклашнинг бош масаласи тупроқда чириндининг тўпланишидир.

Манба:

С.А. Азимбоев (2006). Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. Тошкент: Iqtisod-Moliya.

Улашиш: