Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кичик ҳажмли плёнкали тоннеллар остида сабзавотлар етиштиришнинг умумий усуллари

22/Noyabr/2024 19:43
  1063

Ер танлаш ва тупроқни тайёрлаш. Плёнкали тоннелларни қўллашдан асосий мақсад имконият борича эрта муддатда ҳосил олишдир. Шу сабабли уларни қуриш учун эриган қор сувлари тўпланиб қолмайдиган, қуёш нури яхши тушадиган, соя бўлмайдиган ернинг баландроқ қисми танланади.

Плёнкали тоннелларни қуриш учун жануб ва жанубий-ғарб томонга нишаброқ, совуқ шамоллардан ҳимояланган, қуёш нуридан яхшироқ қизиб тез етиладиган, тоннелларни эртароқ қуриб, кўчат экиш ва уруғ сепишга барвақтроқ киришишга шароит яратадиган ерларни танланади.

Суғориб деҳқончилик қилинадиган шароитида ер текис ва сув билан яхши таъминланиши катта аҳамиятга эга. Ер юзаси яхши текисланган бўлиши керак. Майдон сув билан таъминланиши кафолатланган бўлиши керак.

Плёнкали тоннеллар учун ўтган йили бошқа экин экилиб, ҳосили барвақт йиғиштирилган участкалар танланади. Бу кузги дала ишларини ўз вақтида сифатли ўтказишга ва баҳорда ерни экишга тайёрлашга шароит яратади. Ерда бегона ўтларни кўпайишига сабаб бўладиган пиёз, сабзи ва бошқа экинлардан бўшаган майдонларни ажратиш мақсадга номувофиқдир.

Тупроққа асосий ишлов бериш кузда, ўтмишдош экин ҳосили йиғилганидан сўнг ўтказилади. Ерга ишлов бериш олдидан у ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва вақтинчали суғориш шаҳобчалари текисланади.

Ҳосили эрта йиғиштириладиган полиз, бодринг, томатдошлардан бўшаган ерлар аввал юза ҳайдалиб кейин шудгор қилинади. Бегона ўтлар кўп босадиган ерлар енгил ҳайдалганидан сўнг, эгат олиниб “ғаламус” суви берилади ва ёввойи ўтлар майса ҳосил қилганидан кейин шудгор қилинади. Бегона ўтлардан тоза, ҳосили кеч йиғиштириладиган экинлардан бўшаган ерлар енгил ҳайдалмасдан шудгор қилинади.

Кузги шудгорлаш одатда чимқирқари бўлган плуг ёрдамида 28-35 см чуқурликда ағдариб ёки икки ярусли сўқа билан шудгор қилинади. Шунингдек, тупроққа асосий ишлов беришга ер шудгорланганидан ҳосил бўладиган турли хилдаги нотекисликларни текислаш киради. У кенг базисли текислагич ёки мола ёрдамида бажарилади.

Плёнкали тоннеллар остида ҳосил бериш даврини узайиши, ўсимликларни қалинроқ экилганлиги сабабли олинадиган ҳосил, очиқ даладагидан юқори бўлади. Шунинг учун бу ерларда органик ва минерал ўғитлар кўпроқ меъёрда қўлланилади. Ерга кузда шудгор қилинишидан олдин гектарига 25-30 т чириган гўнг ёки чиринди, 700-800 кг суперфосфат ёки 250-300 кг аммофос, 450 кг гача аммоний сульфат ва 120-150 кг калий тузи ёки калий хлор солиш зарурдир.

Совуқбардош сабзавотлар етиштириш учун ажратилган ерларга ишлов бериш куздан бошланади. Бунда, ҳайдалган ер участкаси икки йўналишида: бўйи ва кўндалангига борана қилинади. Шундан сўнг экиладиган экин туридан келиб чиққан ҳолда эгатлар олинади. Февралда куннинг узайиши ва қуёш радиациясининг жадаллашиши таъсирида тупроқнинг чўққили жўяклари юзаси тезроқ қурийди, бу плёнкали қурилмаларни эртароқ ўрнатишни бошлашга шароит яратади.

Иссиқталаб экинлар етиштириладиган майдонларда, экиш олдидан ерга ишлов бериш март ойидан бошланади. Бунда ер икки марта бороналанади ва эгат олинади.

Тоннелларни ўрнатиш ва микроиқлимни бошқариш. Ўзбекистонда сим синчли ёйсимон (арочний) плёнкали қурилмалар энг кўп тарқалган. Уларни конструктив тузилиши юқорида келтирилган. Тоннеллар кенглиги ва баландлиги етиштириладиган экинга боғлиқ бўлади. Қаторлаб экилганда, тоннеллар бир-бирига яқинлаштирилган лентасимон икки қатор устига ўрнатилади. Ленталар оралиғидаги масофа йўлка сифатида фойдаланилади.

Совуқбардош сабзавотлар етиштирилаётганда, синч устига плёнка экиш ва уруғ сепишга 4-5 кун қолганда қопланади ёки плёнка тупроқ устига тўшалиб четлари тупроқ ёки бошқа материал билан бостирилади. Тупроқ етарли даражада қизиганда уруғ сепиш ёки кўчатларни экишга киришилади.

Иссиқсевар сабзавотларни сепиш ва экиш олдидан ерни март ойининг охирги декадасида қиздириш 1-2 кунга қисқаради.

Тоннел қурилаётганда аввал таянч синчлар ўрнатилади ва улар 3-4 қатор каноп ип билан бир-бирига маҳкамланади. Бундай синчлар усти плёнка билан ёпилади. Плёнка чодирининг бир томони тупроқ билан бостирилади ёки қозиқларга маҳкамланади. Тоннелнинг очиқ томонидан уруғлари сепилади ва экилади. Сўнг плёнканинг иккинчи томони ҳам ёпилиб тупроқ билан бостирилади. Тоннелнинг олди ва орқа томонлари плёнкалари тахланиб, қозиқларга боғланади.

Кучли шамол бўладиган туманларда синч устига қопланган плёнка устидан ҳар 6-7 м да биттадан маҳкам ушлаб турадиган ёйлар ўрнатилади. Маҳкамловчи ёйлар бўлмаса синч асосидан плёнка устига чалкаштириб каноп тортилади.

Аркасимон плёнкали тоннелларни ёруғлик билан яхши таъминлаш учун уларни шимолдан жанубга йўналтирган ҳолда жойлаштириш, тоннелларни дарахтлар билан сояланишига, ўсимликларни меъёридан ортиқ зичлантирмасликка йўл қўймаслик ва ўсимликлар қўшни қатордагига нисбатан шахмат тартибида жойлаштирилиши керак.

Икки қаватли ёпқичларни қўллаб иссиқлик йўқолишини камайтириш мумкин. Сезиларли даражада ҳаво ҳароратини пасайиши ва совуқ бошланиши даврида плёнкали тоннеллар устига қўшимча иккинчи қават плёнка ёпилиши ёки бирон-бир нур ўтказмайдиган: чипта бордон, қалин қоғоз, қалин материални ёки бошқа нарсалар ёпилиши мумкин.

Офтобли кунларда плёнкали тоннеллар қизиб кетса, шамоллатиб ҳарорати пасайтирилади. Қизиш даражасига кўра олди ва орқа томони очилиб, зарурият бўлса ён томонлари ҳам очилиб шамоллатилади. Ён томонлари плёнкаларини шамоллатишда кўтариб қўйиш баландлиги ташқи муҳит ҳавосининг ҳароратига боғлиқ. Кучли шамол даврида шамол эсаётган томоннинг қарама-қарши томони плёнкаси бироз очилади. Қизиш таъсирини перфорация қилинган плёнка қўллаб пасайтириш мумкин. Перфорация қилинган плёнка тешиклари сони ва диаметрига кўра перфорация қилинмаганга нисбатан тоннел ичидаги ҳаво ҳароратини 1-2°С пасайтиради.

Сабзавот экинларини плёнкали тоннеллар остида етиштирилганида ҳавонинг жуда юқори нисбий намлиги билан тўқнашиб турилади. Буни олдини олишнинг энг қулай воситаси – шамоллатишдир. Аммо, совуқ даврда плёнкали иншоотларни шамоллатиш тавсия этилмайди. Шунингдек, перфорация қилинган плёнкаларни қўллаш қурилманинг ички ҳавоси билан атмосфера ўртасида жадал ҳаво алмашиниши туфайли у яхши натижа беради.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: