Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сувни тежовчи янгича суғориш услуби

04/Fevral/2023 06:40
  250

Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали олимлари суғоришнинг янги усулини жорий этдилар деб ёзади «Халқ сўзи online».

Томчилатиб суғоришдан-да юқори афзалликларга эга ушбу услубни синаб кўриш учун 70 сотих майдонга “Андижон-35” навли чигит қадалди. Ҳосилдорлик эса 44,5 центнерни ташкил этди. Бу бошқа навли ғўзаларга нисбатан 14 центнерга кўп демакдир.

Янги усулга биноан суғориш учун мўлжалланган шланглар ер остига 20-70 сантиметр чуқурликка жойлаштирилади. Унда кўп миқдордаги майда тешикчалар мавжуд бўлганлиги сабаб намлик бир маромда сақланади. Натижада тупроқ юзи намланмайди ва бегона ўтлар униб чиқмайди.

- Шу кунларда қўлланилаётган ғўза парвариши жараёнида 1 гектар майдонни суғориш учун 10 минг кубометр сув сарфланмоқда, - дейди университет профессори Анвар Исашев. – Янги усул орқали бу кўрсаткич 2 минг 400 кубометрни ташкил этади. Демак, 7 минг 600 кубометр сув тежаб қолинади.

Янги технология бир гектар майдон учун 11 минг метр шланг талаб этади. Сиртдан қараганда бу қиммат харажатдек кўриниши мумкин. Бироқ у 20 йил давомида хизмат қилади ва ҳар йили миллионлаб маблағни тежаб қолади. Қолаверса, хориждан келтирилган шлангларнинг ҳар метри 40 центдан баҳоланаётган бир пайтда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бир метри 20 центданга тўғри келмоқда. Бу эса хом ашё базаси ўзимизда бисёр эканлиги ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, янги технология ҳам тежамкор, ҳам унумдорлиги билан мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига хизмат қилади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: