Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада етиштирилаётган помидорлар микроиқлимини созлаш

23/Noyabr/2024 20:34
  1103

Помидор ўсимлиги учун кундуз куни ҳавонинг ҳарорати – 19-26°С ва тунда – 15-19°С бўлиши энг мақбул ҳисобланади. Ҳароратни 28°С дан ошиб, 14°С дан пасайиб кетишига йўл қўймаслик керак, чунки ўсиш ва гуллашини сусайтиради ҳамда гуллари чангланишини (фертильность) пасайтиради.

Ўзбекистон иқлим шароитида баҳор ва ёз давомида иссиқхоналарнинг қизиб кетишини олдини олиш муҳим муаммолардан ҳисобланади. Қизиган даврда шамоллатиш кучайтирилади, ҳар куни 2-3 марта ўсимликларни юқори қисмига чанглатиб сув пуркалади ва ёпқичлари (томи) устини оқлаш каби ишлар ўтказилади.

Тунги соатларда ҳароратнинг нисбатан юқори бўлиши, ҳосил бериш бошланишини тезлатиб, эрта муддатда маҳсулот чиқишини кўпайтиради, аммо ҳосилдорлигини пасайтиради. Тунги ва кундузги ҳарорат ўртасида кескин фарқ бўлишига йўл қўймаслик зарур. Ҳарорат ўзгариши бир соатда 1°С дан ошмаслиги керак, акс ҳолда мевалар сатҳида шудринг ҳосил бўлиб, уларни ёрилишига сабаб бўлади.

Тупроқ учун 18-20°С энг қулай ҳарорат ҳисобланади. Бу ҳароратни кўчат экилганидан сўнг ўсимликлар илдиз отаётган даврида сақлаб туриш жуда муҳим. Бу даврда тупроқ ҳароратини пасайиши илдиз чириш касаллиги тарқалишини, ҳароратнии кўтарилиши эса фузариоз ва вертициллиоз сўлишни кучайтиради.

Қиш давридаги чегарловчи омил ёруғликни етишмаслиги ҳисобланади. Ёруғликни 1% га пасайиши ҳосилни шунча камайишига сабаб бўлади. Ёруғликни яхшилаш учун ёпқичларнинг тозалигига, иссиқхона ички жиҳозларини тегишли рангда бўялишига алоҳида эътибор берилиши керак. Тупроқ юзини нур ўтказадиган плёнка билан қоплаш (мульчалаш) бағазларни баланд бўлиши ёруғликни яхшилашга ёрдам беради. Жадал ўсадиган (ғовлаб кетадиган) ён шохларини (бачкиларни) ҳосил бўлишига йўл қўймаслик, пастки қисмидаги барглар ва бачки шохларни ўз вақтида олиб ташлаш керак.

Иссиқхона ҳавосида карбонат ангидрид газини оптимал бўлиши ҳосилдорликни кўпайтиришга таъсир этувчи асосий омиллардан ҳисобланади. СО2 газини етишмаслиги ҳосилдорликни пасайтиради. СО2 газини 0,1% бўлиши ҳосилдорликни кўпайтириш нуқтаи назардан энг мақбул ҳисобланади. СО2 гази кўпайтирилганда ҳароратни мақбул даражасини 1-3°С га кўтариш керак. СО2 гази билан озиқлантириш шамоллатиш дарчалари ёпиқ ҳолда, ҳаво очиқ кунларда, қуёш чиқабошлашидан куннинг ярмигача ўтказилади.

Тупроқ намлиги суғоришларни қўллаш орқали созланади. Суғориш сони ва меъёри қуёш радиациясининг жадаллиги, экинни етиштириш мавсуми ва суғориш усулига боғлиқ бўлади. Озиқлантириш суғориш билан олиб борилади. Томчилатиб суғорилганда сув сарфи камаяди.

Помидор учун ҳавонинг энг мақбул нисбий намлиги қиймати 60-70%. Уни кўпайиши ўсишни кучайиб кетишига, нозик юмшоқ ўсимлик ҳосил бўлишига ва меваларга кальций етиб боришини сусайтириб меваларни учидан чириш билан зарарланишига олиб келади.

Меъёридан ортиқ нисбий ҳаво намлигининг кўпайиши гул чанги тўкилишини камайтириб, ҳосилни пасайишига сабаб бўлади. Бундай шароитда ўсимлик ва мева замбуруғ касалликлари билан кучли зарарланади. Ўзбекистонда кўп кузатиладиган, ҳавонинг паст нисбий намлиги, ўсимликнинг ассимиляция жараёнини, ўсишини ва мева ҳосил қилишини сусайтиради.

Ҳавонинг намлиги иссиқхонани фақат офтобли кунларда шамоллатиш, куннинг биринчи ярмида суғориш билан камайтирилади. Ҳавонинг намлиги томчилатиб суғорилганда, ёмғирлатиб суғорилганга нисбатан кам бўлади. Сомон ва ёруғлик таъсирида парчаланиладиган полиэтилен плёнка билан мульчалаш ҳаво намлигини камайтиради.

Ҳавонинг нисбий намлигини кўпайтиришга ёмғирлатиб суғориб салқинлатиш, йўлкаларга шланга ёрдамида сув сепиш орқали эришилади.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: