Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус ўсимликларини куртак пайванд қилиш

22/Noyabr/2024 01:39
  1198

Куртак пайванд июл охири-август бошларида амалга оширилади. Эрталаб ва кечқурун куртак пайванд қилинадиган энг яхши вақтдир.

Бунинг учун апробация қилинган юқори ҳосилдор оналик ўсимликлардан олдиндан тайёрлаб қўйилган 8 мм диаметрли, яхши пишган ва 5-7 тадан кўзи бор қаламчалардан фойдаланилади. Кесиб қўйилган новдалар қуриб қолмаслиги учун уларнинг барглари қирқилади ва новдалар плёнкага ўраб қўйилади. Агар новдалар қуриб қолган бўлса улар нам қумга кўмиб қўйилади. Бу усул новдалар узоқ масофалардан келтирилганда айниқса муҳимдир. Оналик ўсимликлари пайвандлашдан 3–4 кун олдин қондириб суғорилади. Куртак пайванд учун танасининг қалинлиги 8-10 мм га етган пайвандтаглар яроқли ҳисобланади. Куртак пайванд қилиш баландлиги жойнинг тупроқ-иқлим шароитлари ва қўлланилган пайвандтагга боғлиқ. Енгил тупроқларда пайванд илдиз бўғзидан бироз юқорироқда, бошқа тупроқларда эса ундан 5-7 см баландликда амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори С.Х. Пирцхалайшвили куртак пайванд баландлигига алоҳида эътибор бериб шуни аниқладики, лимонни жуда паст (2-3 см баландликда) куртак пайванд қилиш унинг ўз илдизларига ўтиб кетишига олиб келади, бу эса унинг совуққа чидамлилигини пасайтириб юборади, гоммоз ва илдиз чириши ҳосил бўлади. Бундай кўчатларни ўтқазиш боғларда хатоликларни ошириб юборади. Шу боис куртак пайванд 6 см баландликда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Куртак пайванд қилиш усули оддий, яъни бошқа мевали ўсимликларникига ўхшаш. Ҳозирги кунда “Т” усулида куртак пайванд қилиш энг самарали ҳисобланади. Бандчали куртакни боғлаб қўйиш қулай бўлиши учун бандини калта қирқиш лозим. Ёки уни узун қирқиб боғлашда ташқарида қолдириш мумкин. Ҳарорат қишда -100С ва ундан пастроққа тушадиган жойларда пайвандуст куртаклар 10-15 см қалинликда тупроқ тортилган ҳолда окучка қилиб чиқилади. Бу усул енгил тупроқлар учун хосдир. Ўртача ва оғир тупроқли ерларда куртаклар устини тахта қириндиси каби материаллар билан мулчалаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Баҳорда совуқлар қайтгач, пайвандлар очиб чиқилади, нобуд бўлган куртаклар ўрнига такрорий куртак пайванд қилинади. Тутиб кетган кўзли пайвандтаглар вегетация бошлангунга қадар қирқиб ташланади. Қирқиш пайванд қилинган куртакдан 2 мм баландликда куртакка тескари томонга қия ҳолда амалга оширилади.

Пайвандуст куртакларни парвариш қилиш ёввойи ён бачкиларни олиб ташлаш, тупроқни юмшатиб туриш, суғориш ва ўғитлашни ўз ичига олади. Цитрус кўчатларига шакл беришни кўчатзорда бошлаш лозим. Масалан, пакана мандарин пайванд кўчатлари 15-20 см га етганда унинг учи яхши ривожланган барг устидан чилпиб қўйилади. Бирмунча вақтдан сўнг барг қўлтиқларидаги куртаклардан новдалар ўсиб чиқади. Улардан кўчат таначасида тенг оралиқда жойлашган 3-4 новда шох-шаббани шакллантириш учун қолдирилади. Ўсув даврининг охирида биринчи тартиб шохларда иккинчи тартиб шохлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда уларнинг пишишини тезлаштириш учун кўчатларни қазиб олишдан бир ой олдин уларнинг учи чилпиб ташланади.

Кўчатлар бир ёшлигида кўчатзордан чиқарилади, бунда кўчат танасининг пайванд қилинган жойдан юқориги қисми (2-3 см) лимонда 11 мм, мандаринда 8 мм, грейпфрутда 12 мм га етган бўлиши лозим. Кўчатларнинг баландлиги эса 40 см дан, пакана навларда эса 30 см дан паст бўлмаслиги ва яхши ривожланган 3–4 та биринчи тартиб шохи бўлиши керак.

Кўчатлар вегетация даврида ер суғорилади, юмшатилади ва бегона ўтлар йўқотилади. Кўчатлар икки марта озиқлантирилади: биринчи марта ўса бошлаганда ва иккинчи марта июль ойида қўшимча озиқлантирилади. Бунда ҳар сафар гектарига 60 кг дан азот солинади.

Россиянинг тоғли боғдорчилик ва гулчилик илмий тадқиқот институтида ишлаб чиқилган пакана мандаринларни (лимон, апель-син ва грейпфрут) контейнерларда етиштириш усули ўсимликларни парваришлашни анча енгиллаштиради ва майдон бирлигидан стандарт кўчат чиқишини оширади. Бундай кўчатларни саноат асосидаги боғларга ўтқазишда улар жуда юқори тутувчанликни намоён этишади. Контейнерларни тайёрлаш учун полиэтилен плёнкадан фойдаланилади. Бунда уларнинг диаметри 13 см ва баландлиги 22-25 см бўлиши энг қулай ҳиобланади. Субстрат тупроғи нисбатан енгил, структурали, ҳаво ва намлик ўтказувчан бўлиши лозим. 1 м3 субстратга 3-4 кг суперфосфат қўшилади. Контейнерларни 1,2 м кенгликдаги қаторларга 35-40 см оралиқда жойлаштириш қулайдир.

Экиш учун танасининг диаметри илдиз бўғзидан 5 см баландликдаги қисмида 4 мм дан кам бўлмаган пайвандтаглар танланади. Пайвандтаглар контейнерлар тўлдирилаётган пайтда ёки уларни қаторларга жойлаштириб бўлингандан кейин ўтқазилади. Экишдан сўнг пайвандтаглар мўл суғорилади. Контейнердаги тупроқни тахта қириндиси, торф каби материаллар билан 2-3 см қалинликда мулчалаш янада яхши натижа беради. Куртак пайванд қилишдан бир неча кун олдин пайвандтагларнинг куртак пайванд қилинадиган қисмидаги шохлари олиб ташланади, пайванд ишларига халақит берадиган бошқа шохлар ҳам қисқартириб қўйилади. Плёнкали қоплардаги пайвандтагларга куртак пайванд қилиш столда ёки яшикда амалга оширилади. Ўсимликлар пайвандчига мунтазам узатиб турилади, пайванд қилинганлари олиб қўйилади. Пайванд қилингандан 2 ҳафта ўтгач, кўзларнинг тутганлиги текширилади. Куртак ранги яшил, бармоқ билан тегилганда барг банди осон тушиб кетса, куртак тутган ҳисобланади. Тутмаган пайвандтаглар танасининг иккинчи томонига такрорий пайванд қилинади.  Куртак тутган ўсимликларда пайвандаг яшил массасининг бир қисми кесиб ташланади

Контейнердаги пайвандуст куртакларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун уларнинг усти 10 см қалинликда тахта қириндиси билан мулчалаб чиқилади. Мульчани пухта сепиш лозим, яъни бутун қиш давомида куртак устидаги мулча қалинлиги 5 см дан камаймаслиги керак. Пайвандуст куртакларни мулчаламасдан ҳам қишки совуқлардан ҳимоялаш мумкин. Бунинг учун уларнинг усти тоннел типида ёпиб чиқилади. Тоннелларнинг баландлиги унинг марказида 50-70 см бўлиши лозим. Пайвандуст ўсимликларни ўсув даврида парваришлаш кўчатзордаги сингари амалга оширилади.

Манба:

1.     Б.Х. Гулямов, С.Я. Исламов, И.Т. Нормуратов (2018). Цитрус экинларини етиштириш технологияси. Ўқув қўлланма. Тошкент.

2.     agro.uz

Улашиш: