Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодринг кўчатини етиштириш

20/May/2024 04:08
  701

Бодринг кўчати тоннель типидаги усти вақтинча плёнка билан паналанган ерларга ва баъзи ҳоллардагина очиқ ерга экиш учун етиштирилади. Кўчат паналанган жойга март бошида, очиқ ерга эса – икки хафтадан кейин экилади. Кўчат 20-30 кунлик бўлганда ўтказилади. Қоплама тагига уруғлар феврал охири – март бошида экилади. Кўчатлар карам кўчатидан бўшаган парникларда, плёнкали ёки ойнаванд иссиқхоналарда етиштирилади.

Бодринг кўчати илдиз тизимининг зарарланишига бардошсиздир. Шунинг учун унинг уруғи бевосита озиқ кубикларига экиб ўстирилади (1-расм).

ekishga-tayyor-kuchat-2032-695.jpg (34 KB)

1-расм. Вақтинча ҳимояланган ерларга экиш учун мўлжалланган бодринг кўчати.

Кубикларни тайёрлашда озиқ аралашмаси органик қисмининг таркиби бошқа сабзавот экинлари кўчатларини етиштиришга ўхшайди. Минерал ўғитлар аралашмага қуйидаги миқдорда қўшилади (1м3 аралашмага, кг): аммиакли селитра – 0,5-1,3, суперфосфат – 1-6 ва калий сульфат – 0,5-1,5. Озиқ кубикларининг катталиги 6х6х6 ёки 8х8х8 см. Ундирилган уруғлар тегишли тайёргарликдан сўнг 1-2 тадан кубикларга экилади.

Заиф ривожланган кўчат тўлиқ минерал ўғитлар билан 2-3 марта озиқлантирилади. Қўшимча озиқлантиришда фойдаланиладиган озиқ эритмасининг аралашмаси 0,5% дан ошмаслиги керак. 1 м2 жойга минерал ўғитлар қуйидаги ҳисобда: 10 г аммиакли селитра, 30 г суперфосфат ва 10-15 г калий хлоридни 10 л сувда эритиб берилади. Сўнгги марта озиқлантириш экишга 5-6 кун қолганда ўтказилади. Ҳар бир озиқлантиришдан сўнг ўсимлик тоза сув билан суғорилади.

Агарда бодринг кўчати очиқ ерга экишга тайёрланса, уни экишдан 5-7 кун олдин чиниқтириш бошланади. Плёнка остига кўчат 3-4 барг чиқарган босқичда, очиқ ерга эса 2-3 барг чиқарганда экилади.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: