Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сальвия, шалфей (маврак) гули

20/May/2024 08:23
  590

Сальвия, биологик хусусиятига кўра кўп йиллик ўсимлик, аммо бир йиллик сифатида ҳам ишлатилади, ярим бута. Жанубий Америкадан келтирилган. Манзарали боғдорчиликда ялтироқ шалфей, қизил шалфей, доривор шалфей, адир шалфейи, кумуш ранг шалфейлар кенг тарқалган. Энг кўпи ялтироқ шалфейдир. Ўсимликнинг баландлиги 40 дан 80 сми гача, тупи зич, ихчам. Барглари оч-яшил рангда, кичик, тухумсимон. йирик бошларга йиғилган, гуллар туп баландлигининг 1/2—1/3 қисмини ташкил қилади. Гуллари оқ, пушти, қизил-бинафша рангда, аммо, айниқса, ёрқин қизил рангдаги гулли навлар юқори баҳоланади. Май ойидан совуқ тушгунча гуллайди. Ўсимликлар 9-12° даражали ёруғ иссиқхонадаги тувакларга экилганда, гуллашини узайтириш мумкин. Сўлиган гуллар ўсимлик манзарасини бузади. Асосан уруғдан, айрим ҳоллардагина қаламча билан кўпайтирилади. Охирги ҳолда кузда совуқ тушгунча яхши, ихчам соғлом кўчатлар танланади, кавлаб олиниб, диаметр 11 см ли тувакларга экилади ва ёруғ, салқин исссиқхоналарда сақланади. Март ойида қаламча қилинади. Илдиз отган қаламчалар диаметри 7 см ли тувакларга кўчирилади. Уруғ феврал ойи охирида енгил озуқали тупроққа сепилади, кўчатларни диаметри 7 см ли тувакларга 1 тадан кўчириб экилади. Очиқ ерга май ойи бошларида экилади, орасидаги масофа эса 20-25 см бўлади.

Ўсимлик очиқ, иссиқ қуёшли ер майдонларида юмшатилган унумдор тупроқларда яхши ўсади ва гуллайди. Ярим сояга чидамли. Ўсимликни нам, чириндига бой тупроқларга экиш мумкин эмас, бу ҳолда сальвия яхши ўсади, лекин кучсиз гуллайди. Клумбалар, рабаткалар, массивлар, гулдонлар, айвонларда экиш учун ҳамда тувак ўсимлиги сифатида ишлатилади.

Манба:

Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: