Бушуев зотли қорамоллар тавсифи
Маълумки, жанубий ва шарқий зоналарда қон паразитар касаллигини кўп учраганлиги учун юқори маҳсулдорли сут ва гўшт йўналишдаги қорамол зотлари анча кам миқдорни ташкил қилмоқда. Ана шулар билан боғлиқ бўлган Ўзбекистонда яратилган сут йўналишдаги бушуев зотини такомиллаштириш илмий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу зот махаллий шароитга мослашувчанлиги, иссиққа ва қон паразитар касаллигига чидамлиги билан бошқа зотлардан фарқ қилади. Озиқлантириш ва сақлаш шароити яхши яратиб берилса, сут бериш қобиляти ҳам талаб даражасига жавоб беради. Бушуев зотли сигирларини мақсадга мувофиқ типлари йилига 4-4,5 минг кг сут ва сут таркибидаги ёғ миқдори 4,0% ва ундан юқори бўлади. Бу зот ўзининг тез етилувчанлиги ва гўштини сифати билан характерланади. Зотни ва унинг сут маҳсулдорлигини нисбатан ўсиши кўзатилмоқда. Агарда 2000-2010 йилларда фермер хўжаликларида бир соғим даврида ҳар бир сигирдан 2000-2500 кг сут олган бўлса, 2010-2015 йилларда сут миқдори 3000-3500 кг га ўсди. Турон хўжалигидаги 17 та сигир 4000 кг ва ундан кўп сут бермоқда. Сигирларининг ўртача тирик вазни товар хўжаликларида 411 кг, наслчилик хўжаликларида 430-420 кг ни ташкил этмоқда. Бушуев зотли сигирларни энг керакли биологик хусусиятларидан бири соғин даврини юқори меъёрда ушлаб туришлигидир. Уларда соғим даврини турғунлик коэффиценти 85-90%, қора-ола зотларида - 76% ни ташкил этмоқда. Ўртача ойлик сут миқдорини пасайиши қора-ола зотли сигирларда 24% ни, бушуев зотли сигирларда 14,5% ни ташкил этади. Зотни баҳолашда асосий кўрсатгичларидан сут маҳсулдорлиги бўйича умумий тўйимли моддалар миқдоридир (ёғ, оқсил, витамин ва бошқалар). Бушуев зотли сигирларини сут таркибидаги ёғ миқдори 4,12%, оқсил 3,57%, каратин 1,14 г, витамин А 0,25 мг/кг, қуруқ модда 12,8% ва 734 калорияга эга ёки қора-ола зотли сигирлар сутига нисбатан ёғ 22,6% , га оқсил 10,9% га, каратин 34,5, витамин А8 ва калорияси 12% га юқори бўлган.
Бушуев зотли қорамолларни яна бир энг керакли хусусиятларидан Ўзбекистоннинг маҳаллий шароитига жуда яхши мослашганлигидир. Чўл шароитидаги ёқимсиз қуруқ об-ҳаво, иссиқлик бўлишига қарамасдан оддий хўжалик шароитида 9-10 ой соғилади. Соғим даврини давомийлиги ўртача 284 кунни, сервис даврини давомийлиги 73 ва бўғозлик даври 278 кунни ташкил этади. Бўзоқлари соғлом, ҳаётчан бўлиб 94-96% и сақланиб қолинади. Ҳайвонларни соғломлиги, уни узоқ муддатга яшовчанлигидир. Турон хўжалигида 9 та сигир 14 йилдан 16 йилгача хўжаликда фойдаланилган ва улардан 11 та гача бўзоқ олинган.
Бушуев зотини энг қимматли хўжалик-биологик сифатларидан бири тез етилувчанлиги ва жадал ўсишидир. Бузоқлари юқори ўсишга эга, тўлиқ тўйимли озуқалар билан озиқлантирилганда суткалик ўсиши 800-1000 граммгача бўлади. 12 ойликдаги тирик вазни 220-240 кг ва 18 ойлигида 280-340 кг келади. Бурдоқига қўйилган моллари суткасига 700-850 граммдан, айримлари 1000 граммдан қўшимча вазн беради. Эркак бузоқлари 12-15 ойлигида тирик вазни 350-410 кг келади.
Сўйим чиқими эса 55-59% ни ташкил этади. Гўштини сифати бошқа зотларга нисбатан юқори бўлишлиги аниқланган. Бушуев зотли 18 ойлик буқаларда гўштини ўзи 200 кг гача бўлади. Гўштини кимёвий таркиби бўйича оқсил 18,3% ни, ёғ 19,1% ни, намлик миқдори 61,5 % ни ташкил этганлиги ўрганилган. Охирги йилларда озиқлантиришни яхшилаш натижасида наслдорлик хусусиятлари ҳам ошмоқда. Зотдаги тизим ва оилаларнинг ҳам селекцион белгилари кенгроқ очилмоқда. Бушуев зоти урчитилаётган зоналарда кўп миқдорда юқори маҳсулдорли моллар урчитилмоқда. Урғочи бузоқларни 6 ойлигида тирик вазни 157 кг ни, 18 ойлигида 285 кг ни ташкил этмоқда. Агарда 2000-2010 йилларда озиқани етишмаслиги натижасида таналарни биринчи марта қочириш ёши 25-30 ойга тўғри келган бўлса, эндиликда 20-22 ойга тўғри келмоқда. Ўз ВИТИ олимларини аниқлашича, Бушуев зоти лейкоз касаллигига чидамлидир.
Манба: