Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Томчилатиб суғориш тежамкорлиги билан аҳамиятли

24/Noyabr/2024 03:42
  1391

Сўнгги йилларда мамлакатимиз сув хўжалигида ислоҳотларни жадаллаштириш, соҳа моддий-техник базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда. Экинларни суғоришда илғор усуллар, жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур усул ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради, деб ёзади ЎзА.

Бунга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, сувнинг бекорга исроф бўлмаслиги муҳим аҳамият касб этаётир. Шу орқали сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилгани учун дала тупроғи қотмайди, натижада қатор ораларига ишлов беришга эҳтиёж туғилмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилгани боис, ўғитлаш учун ортиқча техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади. Натижада ёнилғи-мойлаш материаллари тежалиб, деҳқонларнинг меҳнати кескин камаяди.

Соҳада ушбу усулни интенсив боғларда, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида оммалаштирган деҳқон-фермерларимиз саъй-ҳаракати туфайли табиий ва моддий ресурслар тежалмоқда. Шу билан бирга, ҳосилдорлик ошиб бораётир. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратди.

Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 43 минг 26 гектар ер майдони ёки умумий экин майдонининг 1 фоизи томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган ҳолда суғорилади. Шундан 30 минг 395 гектари боғдорчилик, 1 минг 550 гектари токзор, 10 минг 177 гектари сабзавот-полиз экинлари ҳамда 895 гектари пахта учун жорий этилган.  Шу ўринда томчилатиб суғориш технологиясининг жорий қилиниши Исроилда 140,6 минг (умумий суғориладиган майдоннинг 74 фоизи), Туркияда 340 минг (17 фоизи), Саудия Арабистонида 731 минг (17 фоизи), Хитойда 5 минг 270 гектар ( 9,7 фоизи), АҚШда 1 минг 640 минг (7,3 фоизи), Ҳиндистонда 2 минг 180 минг (6 фоизи), Испанияда 1 минг 897 гектар (5 фоизи) ни ташкил этади.

– Айни пайтда ушбу технология учун талаб этиладиган жиҳоз ва анжомлар маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Рустам Қаршиев. – Бу эса томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш таннархини пасайтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги аҳолига сувни тежаш технологияси бўйича керакли ахборотларни етказиш чораларини кўрмоқда. Дастлабки саъй-ҳаракатлардан бири 2018 йилда ишлаб чиқилган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан “ТОМЧИ” мобиль иловаси яратилди. Мазкур мобиль илова Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган. У фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари ва ер майдонларини суғоришда сув тежамкорлиги технологиясини ишлаб чиқарувчи, фойдаланувчи фуқаролар учун мўлжалланган.

Дастур суғоришда тежамкорлик методлари ҳақидаги ахборотларга тезкорлик билан эга бўлиш, уларнинг афзалликлари ва сув технологияларининг тахминий баҳосини ҳисоблаш имконини беради. Бу орқали фойдаланувчи ўзи режалаштирган лойиҳага қанча миқдорда маблағ ажратиш мумкинлигини билиб олади.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинлари, айниқса, ғўза ҳосилдорлигини оширишда долзарб вазифалар белгилаб берилди. Қарорда пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишни рағбатлантириш ва кўллаб-қувватлаш мақсадида, ушбу суғориш тизимини жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг харажатларини давлат томонидан субсидиялаш, четдан олиб келинадиган томчилатиб суғориш тизими ускуналарини божхона тўловларидан озод қилиш ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилди.

Мазкур қарор билан 2019-2020 йилларда пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги ва бир қатор ҳамкор вазирлик-идоралар, вилоятлар ҳокимликларига тегишли топшириқлар белгиланди. Жумладан, томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта хомашёсини етиштиришда қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги техникалари, машина ва механизмлар, шунингдек, пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта хомашёсини етиштиришда фойдаланиладиган сувда эрувчан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: