Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда ўсимликларни илдизи орқали озиқлантириш шароитлари

20/Noyabr/2024 20:44
  1405

Иссиқхоналарда ҳар бир метр квадрат майдон жадал фойдаланилади. Бир майдонда 3-4 хил экин етиштириш мумкин. Ҳимояланган ер сабзавотлари, очиқ ерда ўсаётганларга нисбатан 2-10 барабар кўп озиқа моддани олади ва ниҳоятда юқори ҳосил шакллантиради. Бодринг 10 кг ҳосили ва вегетатив массаси билан тупроқдан 14,2-28,5 г азот, 9,2-11,5 г фосфор ва 27,7-58 г калийни, помидор эса тегишлича 32,7, 14,6 ва 69,6 г ни олиб чиқади. Бу ерда илдиз жойлашадиган муҳит ҳажми кам бўлиб, 30 см дан ошмайди, бу илдизни ривожланишини сусайтиради. Буларни барчаси тупроқ таркибида минерал озиқ моддаларни кўп бўлишини тақозо этади. Ҳимояланган ерда илдиз жойлашган муҳит табиий ҳолдагидан кескин фарқ қилади. Улар турли хилдаги органик ва анорганик аралашмалардан (компонентлардан) тузилади ва иссиқхона тупроғи, субстратлар деб номланади.

Минерал озиқлантириш ташкил этилаётганда ҳимояланган ернинг ўзига хос мавжуд шароити ҳисобга олиниши керак. Бу ер тупроғи, жуда жадал фойдаланилади, чунки ишлатилиш даврида 3-5 экин етиштирилади. Экинларни тез-тез ва тўйинтириб суғориш натижасида тупроқ таркибидаги осон эрувчи моддалар ювилиб кетади.

Иссиқхона тупроғидан фойдаланишни ҳозирги даврдаги йўналиши уларни алмаштирмасдан сурункали фойдаланишдир. Аммо, бу икки шароитда: иссиқхона тупроғини ҳар йили парлаб зарарсизлантириш (дезинфекция қилиш) ва илмий асосланган озиқлантириш тизимини қўллаб ундан сурункали фойдаланиш мумкин. Тупроқдан узлуксиз фойдаланиш натижасида у зичлашади, сув-физик хусусиятлари ёмонлашади. Ўғитларни ортиқча бериш натижасида тупроқ таркибида қолдиқ (балласт) моддалар кўпайиб уни секин-аста шўрлантирабошлайди. Зараркунанда ва касалликларга қарши тупроқ стерилизацияланганида таркибидаги микрофлора ўзгариб, структураси ёмонлашади, нам сиғими пасайиб, тузга тўйиниши кўпаяди. Ҳимояланган ер шароитида ўсимликларни калий ва кальцийга талаби ортади.

Ўсимликларга минерал моддаларни жадал ўзлаштиришига: ёруғлик, ҳарорат, ҳавонинг нисбий намлиги, илдиз жойлашган ерда ҳаво аэрацияси, тупроқ муҳити реакцияси, тупроқ эритмаси концентрацияси, тупроқдаги токсик (заҳарли) моддаларнинг мавжудлиги, илдиз тизимини ривожланганлиги ва бошқа омилларнинг таъсир этишларини унутмаслик зарур.

Помидор қиш фаслида ёруғлик кам бўлса калийни, у юқори бўлиб, вегетатив массаси жадал ўсаётган ҳамда мевалар тугаётган даврда эса азотни кўп ўзлаштиради. Шунинг учун N:K нисбати ўзгартирилади ва қишда 1:3, ёзда эса 1:1 меъёрда берилади. Бодринг учун илдизи жойлашган муҳит ҳарорати 20-25°С, бошқа иссиқхона экинлари учун эса 17-20°С бўлиши энг қулай ҳисобланади. У ҳосилга киргунча пастроқ, ҳосили шаклланаётган даврда эса юқори бўлиши керак. Ҳарорат пасайса озиқ моддаларни, хусусан фосфорни ўзлаштириш камаяди. Тупроқ ҳарорати (18°С дан 12°С атрофигача) ҳар 2°С ча пасайганда помидор фосфорни ўзлаштириши олдинги кўрсаткичига нисбатан 50 фоизга пасайтиради. Помидор ва бодринг илдиз тизими 10-12°С да ишламайди ва ўсимликка озиқа элементлари етиб бормайди. Ҳавонинг нисбий намлиги ўсимликка кальцийни сингиб киришига таъсир этади. Ҳавонинг нисбий намлигини камайиши транспирация ва илдиз босимини кучайтиради, бу кальцийни сўрилишини яхшилайди ва помидорни учидан чириш касаллигини камайтиради. Транспирация ва илдиз тизими орқали озиқ моддаларни ўзлаштиришида ўзаро моналик мавжуд, аммо бу боғлиқлик бевосита эмас. Ионларни ўсимлик томонидан ютилиши – фаолли ва танловли жараёндир. Ионларни танлаб ютиш хусусияти бўйича нафақат ўсимлик турлари, балки бир турга мансуб навлар ҳам бири иккинчисидан фарқланади. Сув ва озиқ моддаларнинг меъёрида сингиши учун тупроқдаги кислород миқдори 15 фоиздан кам бўлмаслиги ва қаттиқ, суюқ ҳамда газсимон заррачалар 1:1:1 нисбатда бўлиши керак.

Ўсимликлар томонидан азотни ўзлаштирилиши учун тупроқ муҳити реакцияси (pH) 5-6 ни (нитратли учун – 5 ва аммиакли учун – 7), 6,25-7 эса фосфорни, 6-8,5 калий ва олтингугуртни, 7-8,5 магний ва молибденни, 4,5-6 темир ва марганецни, 5-7 бор, мис ва руҳни ўсимликлар яхши ўзлаштириши учун энг қулай муҳит ҳисобланади. pH бодринг учун – 6-7, помидор учун – 5,5-6,5, пиёз учун – 6,5-7,5, салат учун – 6-7, селдерей учун – 6,5-7, ровоч учун – 5,5-7, порей пиёзи учун – 6-7, гулкарам учун – 6,4-7, редиска учун – 67, исмалоқ учун – 6, баргли карам учун – 6-8, қовоқча учун эса – 6 тенг бўлиши қулай (оптимал) деб қабул қилинган.

Тупроқ аралашмаси таркибида органик моддалар кам (10-15%) бўлганида тузларнинг йўл қўйиладиган концентрацияси 0,35-0,45% ва кўп (60-70%) бўлганида эса – 1,35-1,55% ташкил этади. Осон эрувчи хлор тузлари сабзавот экинлари учун энг хавфли ҳисобланади.

Бодринг учун тупроқ таркибидаги хлорни заҳарли чегараси тупроқни мутлақ қуруқ вазнига нисбатан 0,003-0,007% ни, карам, қовоқ ва помидор учун 0,007-0,02% ни ёки тупроқ эритмасида эса кўрсатилган экинлар учун 0,2-0,3% ни 0,3-1,3% ни ташкил қилади.

Ҳимояланган ерда нордон тупроқлардан, хусусан торфли тупроқдан (pH 4,5-5,5) фойдаланганда темир, марганец ва ҳаракатчан алюминий оксидларини ўсимликка салбий таъсир этиши намоён бўлади. Ҳаракатчан шаклдаги темир ва алюминий миқдори 1 кг минералли тупроқлар таркибида 4 мг ва торфлиларда эса – 6 мг дан ошмаслиги керак.

Ўсимликлар учун айрим бошқа моддалар ҳам руҳсат этилган қуйидаги меъёрлардан: 1 кг тупроқ бор – 1 мг, мис – 6 мг, кобальт – 6 мг, молибден – 0,5 мг дан ошиб кетса заҳарли ҳисобланади. Эрувчан фторидлар ва фторсиликатлар, роданли алюминий, ванадий хлорлар (концентрацияси 1/25000) ҳам ўсимликлар учун зарарли ҳисобланади.

Айрим озиқ моддаларнинг ионлари ўртасида бу моддаларни ўсимликка сингиши (кириши) учун ёрдам берувчи (синергизм) ёки қаршилик (антагонизм) кўрсатувчи муносабатлар юзага келади. Масалан, калий, кальций ва айрим микроэлементларни сўрилишига фосфор, кальций ва темир қаршилик кўрсатиши мумкин.

Ўсимлик илдиз тизими қанчалик кучли ривожланган бўлиб, у қанчалик катта ҳажмли тупроқ аралашмасини эгаллаган бўлса, ўсимлик шунча минерал озиқ элементлари билан яхши таъминланади ва ҳосилдорлиги юқори бўлади. У қалин гумус қатламли, сув ва ҳаво тартиботлари яхши бўлган тупроқларда яна ҳам яхшироқ ва бир текис ривожланади ҳамда ернинг чуқур қисмигача тарқалади. Шу сабабли гумус иссиқхона тупроғи таркибида 10-12 фоизни ташкил этиши керак.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: