Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қанд лавлагини етиштириш технологияси

22/Noyabr/2024 03:28
  2120

Морфологияси. Қанд лавлаги шўрагуллилар оиласига киради. Икки йиллик ўсимлик. Илдизи йўғон (илдизнинг ўзи мева ҳисобланади), ўқ илдизи 2,0—2,5 м чуқурликка етади, ёнига эса 40—50 см тарқалади. Барглари узунроқ, юраксимон бўлади. Биринчи йили фақат қалин барг кўрсатади, иккинчи йили поя, гул кўрсатади ва уруғ беради. Поясининг бўйи 1,5 м гача бўлади. Гули четдан шамол ёки ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Гуллаш муддати 20—40 кун давом этади. Илдиз меваси 75% сув ва 25% қуруқ моддадан ташкил топган.

Биологияси. Лавлаги иссиқ севар ўсимлик, ҳарорат 12—15°С бўлганда униб чиқади. 20—25°С да яхши ўсиб ривожланади. Ҳаммаси бўлиб вегетация даврида 2200—2700°С иссиқлик талаб қилади. Узун кунли, ёруғлик севувчи экиндир. Вегетация даври 1-йили 160—170 ва 2-йили 100—130 кун. Транспирация коэффициенти 240—400. Лавлагининг ўсишини 3 даврга бўлиш мумкин:

1. Илдиз ва ниҳолларни пайдо бўлиши.

2. Барги ва илдиз мевасини ўсиши.

3. Жадал шакар тўплаши.

Бунда ҳар бир поғонани ўтиш учун 50—55 кун талаб қилади.

Экиладиган навлари. Кубань ярим дурагайи—19, Белоцерков ярим дурагайи—1, Қирғизистон ярим дурагайи—18, Рамоновский — 08, Белоцирков ярим дурагайи—2 ва бошқалар.

Ҳосил етиштириш технологияси. Лавлагини барча экинлардан кейин экилаверади. Айниқса, беда ва бошқа дуккакли экинлардан сўнг экилса айни муддао бўлади. Уни бир майдонда қайта экилмагани ва бошқа илдиз мевали, тугунак мевалилардан ҳам кейин экилмагани маъқул.

Тупроқни ишлаш. Тупроқни асосий ва экиш олдидан ишлаш ҳудди бошқа экинлар каби (пахта, каноп, маккажўхори, картошка) бажарилади. Қанд лавлаги органик ва минерал моддаларга анча талабчан. Унинг йиллик миқдори ҳар гектарга қуйидагича белгиланади: чириган гўнг 49—50 т, азот 100—120, фосфор 120—150 ва калий 60—70 кг. Гўнг, фосфор ва калийнинг ҳаммаси кузги шудгордан олдин берилади. Азот ўғити эса 30 кг экиш билан бирга, қолган қисми иккига бўлиниб, биринчи ва иккинчи суғоришдан олдин ишлатилади.

Қанд лавлагини экиш муддати март ойи ҳисобланади. Экиш усули якка қаторлаб 60—70 см кенгликда бўлади. Уруғ сарфлаш миқдори ҳар гектарига бир уруғлилардан 20—22 кг, кўп уруғлилардан эса 25—28 кг ташкил қилади. Экиш чуқурлиги 3—4 см. Кўчатлар қалинлиги бир уруғлиларда 50—60 минг ва кўп уруғлиларда 100—120 минг туп бўлиши лозим.

Экиш СТХ-4, СЧХ-4, СПЧ-6, СХУ-4 ва СОН - 2,8 сеялкаларида бажарилади.

Қанд лавлагининг кўкариб чиқиши анча суст бўлиб, 15—20 кун талаб қилади. Ундан ташқари вегетация даврининг бошида яна 25—30 кун секин ўсади. Шунинг учун қатқалоқ ва бегона ўтлардан сақлаб туриш зарур. Ердан ниҳоллар кўкариб чиққач, 12—15 кун ўтказиб юза (6—8 см чукурликда) культивация қилинади. Сўнг ягона, кетмон чопиғи ва ўтоқ, қилинади. Орқасидан иккинчи марта (16—18 см чуқурликда) культивация, биринчи озиқлантириш ва биринчи суғориш ўтказилади. Бунда қатор оралари етилгач, қотиб кетмасдан (5—7 кун ичида) учинчи культивация (20—22 см чуқурликда) кетмон чопиғи ва ўтоқ қилинади. Биринчи озиқлантиришдан 25—27 кун ўтгач, иккинчи озиқлантириш ва иккинчи суғориш ташкил қилинади. Ҳар суғоришда 5—7 кун ўтказиб культивация юргазилади. Бундан кейин ўсимликнинг ҳолатига қараб ҳар 20—25 кунда, сентябр ойида эса бир марта суғорилади. Ўсимликларнинг барги қалин ўсиб қаторлар ораси бекилиб қолганда (августда) культивация қилиш тўхтатилади. Кейинчалик йирик бегона ўтлар қўл билан юлиб ташланади.

Вегетация даврида ҳаммаси бўлиб 4—5 марта культивация, гектарига ҳар сафар 800—1000 м3 сув сарфлаб 6—8 марта суғорилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қанд лавлагининг ҳосилини 10—30 октябрларда йиғиштириб олинади. Шу вақтда унинг пастки барглари сарғайиб тўкила бошлайди. Бу эса техник пишганликдан дарак беради. Лавлагини илдиз мевасини йиғиштиришга киришдан олдин, аввало барглари ўрилади. Буни кўк ҳолда молларга озуқа сифатида бериш мумкин ёки сомон ва қуруқ ўсимликлар поя-баргларига қушиб силос тайёрласа ҳам бўлади.

Кейин ковлашга осон бўлиши учун қатор оралари 10—12 см чуқурликда культивация қилиниб бўшатилади.

Лавлагини ковлашда КС—6Б, РКС—6, РКС—4, БМ— 6А, БМ—4А машиналари ёки КСТ—ЗА, КС—3, КС—6, ККГ—1,4 ва бошқа комбайнлар ишлатилади.

Манба:
О. Рамазонов, О. Юсупбеков (2003). Тупроқшунослик ва деҳкончилик: олий ўқув юртлари учун дарслик.Тошкент: «Шарқ» .

Улашиш: