Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ерни оҳак билан ўғитлаш

19/Sentabr/2024 18:17
  893

Тупроқ ва тупроқ аралашмасининг асосий таркибий қисми — кальцийдир.

Кўпгина маданий ўсимликлар ва тупроқ микроорганизмлари —тупроқнинг ним нордон ёки нейтрал реакциясида яхши ривожланади. Юқори кислоталиликда эса ҳосилдорлик пасаяди. Нордон тупроқларни нейтраллаш учун таркибида кальций бўлган оҳак ишлатилади. Кальций ўсимликлар таркибига ҳам киради, шунинг учун кулранг тупроқларда оҳак тупроқни нейтраллаш учунгина эмас, балки ўсимликлар озиқланишини яхшилаш учун ҳам керак. Ўсимликларда кальций кислотали-ишқорли мувозанатни, калий билан бирга эса — ўсимлик томонидан истеъмол қилинаётган сувни бошқаради. Кальций тақчиллигида илдиз ёмон ривожланади, ўсимликнинг ўсиш нуқтаси тўхтайди, барглар шакли ўзгаради, четлари эса ўралиб қолади, бундан ташқари, барглар хлоротик чизиқлар билан қопланади.

Қишлоқ хўжалик экинлари, шу жумладан, гулли ўсимликлар тупроқ кислоталилигига турлича муносабатда бўлади. Шу хусусият бўйича улар тўрт гуруҳга бўлинади.

Нейтрал реакцияли ўсимликлар — тупроқни оҳак билан ўғитлашда катта ҳосилга ва яхши ривожланишга эришиш мумкин (қўқонгул, агератум, манзарали карам, беда, кохия, шаббўй, атиргул, хрезантема, тилларанг смородина ва бошқалар).

Бироз нордон ёки нейтрал реакцияли ўсимликлар— аспарагус, амариллис, альнернантера, олма, наъматак, ловия, традесканция, нўхат, қўнғироқгул, пеларгония, примула ва бошқалар.

Ўртача кислотали ўсимликлар— (тупроқни ним оҳаклаш мумкин) азалия, калла, монстера, акроклинум, қулупнай, малина, қирққулоқ ва бошқалар.

Юқори кислотали ўсимликларга (оҳак билан ўғитлашга муҳтож эмас) люпин, нортензия, сераделла ва бошқалар киради.

Оҳак минерал ва органик ўғитлар самарасини оширади. Оҳак миқдорини билиш учун тупроқ кислоталилиги (pH) аниқланади, бунда ўсимликнинг биологик хусусиятлари, ўғитлар тизими ва бошқа омиллар ҳисобга олинади (1-жадвал).

1-жадвал. Оҳак миқдори (1 гектарга т. ҳисобида)

Тупроқнинг механик таркиби

Тупроқ рНи ва ундаги туз миқдори

Жуда нордон

Нордон

ўртача нордон

Бироз нордон

 

4,5

4,6

4,8

5,0

5,2

5,4-5,5

Қумлоқ ва енгил қумлоқ ерлар

4,0

3,5

3,0

2,5

2,0

2,0

Ўрта ва оғир қумлоқ epлap

6,0

5,5

5,0

4,5

4,0

3,0

Оҳакнинг ҳисобланган миқдори бир йўла ёки бир неча марта солинади. Миқдорнинг ярмисини ҳам солиш мумкин. Бу икки баравар кўп майдонни оҳак билан ўғитлаш имкониятини беради. Оҳак миқдорини қисмлаб солиш эса яхши натижаларга олиб келади. Ерни оҳак билан ўғитлашда оҳактош ишлатилади. Унинг самараси майдалаш даражасига боғлиқдир. Диаметри 2,5 мм дан ортиқ бўлган оҳактош тупроққа ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди ва уни ўғитлаш учун ишлатмаган маъқул.

Ерни оҳак билан ўғитлаш учун асосий материаллар қуйидагилардир: майдаланган доломитли оҳактош— таркибида таъсир қилувчи модда (75 дан 100 фоизгача) секин таъсир қилади, жуда кўп майдалаш талаб қилинади; бор — 90— 100 фоиз тезроқ таъсир қилади, жуда майдалаш зарур; куйдирилган- сўндирилмаган оҳак — 178 фоиз, куйдирилган оҳак - 138 фоиз, оғир тупроқларда самарали; оҳактошли туф -75-96 фоиз, тупроқ яхши ўзлаштиради, элаш талаб қилинади; дефекацион лойлар —70 фоизгача, 1-2 йил мобайнида қуритиш зарур; гажа (кўл оҳаги) — 80— 100 фоиз, барча тур оҳакдан яхшиси; торфли кул — 14 дан 27 фоизгача; ёнувчи сланецлар кули—65-80 фоиз, бир вақтнинг ўзида микроўғитларнинг жуда қимматбаҳо манбаи ҳамдир, шунингдек, доломит, мергел, цемент чанги, қоғоз ва целлюлоза  ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқалар.

Солинадиган оҳакли уғитнинг миқдорини аниқлаш учун тупроқ кислоталилиги бўйича ўрнатилган оҳак миқдори (1-жадвалга қаранг) 100 га кўпайтирилади ва ўғитдаги таъсир қилувчи модда фоизига бўлинади. Борли ва магнийли ўғитлар асосида оҳак билан ўғитлаш самараси фақат оҳакнинг катта миқдорида ошади. Фосфорли унни қўллашда, оҳак билан ўғитлаш фақат 1 йилдан кейин амалга оширилади. Агар улар 1 йилда ишлатилса, фосфор унини ер ҳайдалаётганда, оҳакни эса культивация ёки бороналашда солинади. Нордон тупроқларни оҳак билан ўғитлашда яшил ўғитлар, (сидератлар) айниқса, уларни бир вақтда тупроқ билан кўмиб қўйилса, самараси кучаяди.

Манба:

Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: