Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бузоқларни она қорнида ривожланишини таъминлаш

19/Sentabr/2024 19:11
  793

Эмбрионал даврида хомиланинг ривожланиши, аввало, буқа ва сигир жинсий ҳўжайраларининг оталантириш ҳолатига ҳамда она организмининг буғозлик ҳолатиги боғлиқ. Буғозлик давридаги озиқлантириш хили, меъёри ва тўйимлик даражаси кучли таъсир кўрсатади. Шунинг учун буғоз сигирларни сутдан чиқариб, дам олиш пайтида озиқлантириш тўйимлигига алоҳида эътибор берилади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий-табиий шароитида ёз ойларидаги (май-сентябр) озиқлантириш рационлари озиқ моддаларга ва витаминларга сероб бўлган кўк ўтлардан (беда, оралиқ экинлар ва ҳоказо) ташкил топади. Бу даврда соғим ва буғоз сигирларни кам микдорда концентрат озиқалар берилиб, асосан кўк ўтлар билан (айниқса, кўк беда) озиқлантириш яхши натижа беради. Қиш даврида эса сигирлар рационига сифатли беда пичани, маккажўхори силоси ва кам микдорда концентрат озиқалар кўшилади. Буғоз сигирларга кўп микдорда сомон, ғўза пўчок, шоли похоли ва пахташелухаси бериш тавсия этилмайди. Чунки бу ўта ҳажмли, аммо тўйимсиз озиқалар моллар организмини тегишли озиқ моддалар билан таъмин этмайди ва ҳазм бўлиш меъёри паст бўлади. Натижада ҳомила эмбрионлик даврида нормал ривожланмайди. Айрим ҳолларда салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Сигирлар рационининг тўйимлилик даражаси қуруқ модда ва озиқа бирлигида таъминланганда озиқлантириш нормасига асосан бир килограмм озиқа бирлиги ҳисобига 110-120 граммдан ҳазм бўлувчи протеин, 7 г кальций, 5 г фосфор, 40-50 мг каротин ва меъёридаги макро ва микроэлементлар қўшилади.

Рационда енгил ҳазм бўлувчи углеводлар (қант моддалари) бўйича назорат қилинади. Рацион таркибидаги ҳар 100 грамм ҳазм бўлувчи протеинга 80-120 граммдан кант ва 100-200 граммдан крахмал тўғри келади. Қочириш олдидан ва буғозлигининг биринчи ойларида тўйимсиз баланслаштирилмаган рационда озиқлантириш она қорнидаги ҳомиланинг ривожланишига ва янги туғилган бузоқлар ҳаётчанлигига салбий таъсир кўрсатади. Буғоз сигирларни туғишга тайёрлашда уларнинг сутдан чиқариш вақтини шундай мўлжаллаб олиш керакки, дам олиш даври 45-60 кунга тўғри келсин. Бу даврга тузилган озиқа рациони ўзининг тўйимлилиги билан буғоз сигирлар вазнини кунлик ўртача 800-1000 граммдан ошишини таъминлайди.

Буғоз сигирларнинг дам олиш давридаги рационига киш ойлари сифатли беда ва табиий пичанлар, маккажўхори силоси, хашаки лавлаги ва кам миқдорда концентрат озиқалар қўшилади. Агарда келтирилган даврда буғоз сигирлар сифатсиз ва чириган силос, сенаж ҳамда тўйимсиз дағал озиқалар (сомон, похол, маккажўхори пояси ва ҳоказо) билан озиқлантирилса, унда бузоқлар касалванд ва нозик туғилиб, хаётининг биринчи кунларида ошқозон-ичак касаллиқларига чалинади. Организмда оқсил ва минерал алмашуви бузилгани ҳамда қон таркибида каротин микдорининг камайиб кетганлиги ҳолатида рацион таркиби ўзгартирилади ва унга оқсил-минерал-витаминли қўшимчалар киритилади ёки сигирлар А витамини, А , Д ва Е витаминлар комплекси билан даволанади.

Она қорнидаги ҳомиланинг нормал ривожланишида сигирлар буғозлигининг охирги ойларида ташкил қилинадиган актив яйратиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар куни 3-4 соатлик ва 3-4 километрли масофадаги яйратиш тавсия этилади.  Буғоз сигирлар юқори меъёрда озиқлантирилиб, уларга сайр қилиш шароити яратилмаса, унда она қорнидаги ҳомиланинг вазни ошиб кетиши ва сигирларнинг оғир туғиши мумкин. Буғоз сигирларнинг озиқлантириш ва сақлаш шароитларини ташкил килиш учун дам олиш даврида алоҳида гуруҳда очиқ яйратиш ва озиқлантириш майдончаларида ҳамда сигирхоналарда бошвоқсиз сақланади. Бу технология жамики хўжаликлар ва шу жумладан, ширкат ва фермер хўжаликлари учун ҳам тавсия этилади. Туғишга 6-7 кун қолганида алоҳида ажратилган туғриқхонага олиниб, боғлаб сақланади ва сифатли беда пичани билан озиқлантирилади. Туғишига 1-2 кун колганида туғиш учун тайёрланган алоҳида хоналарга (3x3 м) киритилади ва бошвоқсиз сақланади. Бунда мунтазам назорат олиб борилади. Биринчи ёрдам кўрсатилиб, соғлом бузоқ олишга шароит яратилади.

Манба:

У.Н. Носиров (2001). Қорамолчилик. Олий ўқув юртлари учун дарслик,Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти

Улашиш: