Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асалари ҳаётида сув қандай ўрин тутади?

23/Noyabr/2024 11:09
  1502

Сув асалари ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Хусусан, баҳор ойларида сув ёш асалариларга асал ва гулчанг қоришмали озуқа тайёрлаб бериш, асалари уясидаги ҳавони намликка тўйинтириш учун зарурдир. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида асалариларнинг сувга эҳтиёжи янада ортади. Куз ва қиш ойларида эса асалариларга сув кўп талаб қилинмайди. Чунки бу даврдаги ёғингарчиликлар асалариларнинг сувга бўлган эҳтиёжини бемалол қондиради.

Одатда, баҳор ва ёз ойларида, таркибида сув кўп бўлган гул шираси келаётган даврда, улар сувга бўлган эҳтиёжини ҳам ана шу гул ширалари таркибидаги сувдан қоплайди. Лекин, эрта баҳорда она асалари тухум қўйишга қизғин кирган пайтда, ёш асалариларни боқиш учун асалари уясида сувга бўлган эҳтиёж бирмунча ошади ва асаларилар сув захирасини ташкил этишга киришади.

Асаларичи шу даврда асалариларга ёрдам бериши зарур. Кўпгина асаларичилар, шу даврда «теварак-атрофдаги ариқ ва ҳовузларда сув кўп-ку», деган фикр билан банд бўлади. Лекин бу фикр нотўғри. Чунки, бу пайтда ҳаво ҳарорати анча паст бўлиб, асаларилар совуқ сув туфайли кўплаб нобуд бўлиши мумкин. Баъзида эса кўлмаклардаги ифлос сувдан фойдаланганда асаларилар уясида ҳар хил касаллик инфекциялари тарқалади. Тўғри, бу пайтда кекса, касалланган асаларилар кўплаб нобуд бўлиб, асалари оиласи анча ёшаради ва соғломлашади.

Айрим асаларичилар баҳорнинг паст ҳароратли кунларида ҳаво бироз совуши билан она асаларилар кунлик тухум қўйиш ритмини камайтиради ва сувга кўп эҳтиёж қолмайди, дейишлари мумкин. Аслида бу нотўғридир.

Биринчидан, асаларичи она асаларининг кунлик тухум қўйиш ритмининг пасайишига йўл қўймаслиги лозим. Бундай пайтда асалари оиласига асалли ромларнинг устини қирқиб бериш, уя ҳажмини қисқартириш, уяни иситиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, она асалари тухум қўйишини қисқартиришига сувга бўлган талаб, фақатгина унинг олтинчи кунига, тухум қўяётганида билинади. Худди шундай асалари оиласида личинкаларни озиқлантириш конвейрга ўхшаб кетади, улар ҳар доим кетма-кет, тўхтовсиз келаверади. Ҳозирча асаларилар 4-6 кунлик ёшдаги личинкаларни боқиб турса, унинг кетидан 1-3 кунликлари тўхтовсиз келаверади. Кейин эса тухумлик давридаги ёшлари улғайиб, сафга қўшилади.

Ана шу даврда асаларичи асалариларга ёрдамга келмаса, захматкаш уя асалариларнинг ҳоли хароб бўлиб, улар қайси йўлни тутолмасдан, уяда саргардон бўлиб қолади ёки уяда озуқа захираси бор бўлиши билан, улар оиладаги ёш личинкаларни боқишдан бош тортади, келажакда ўз наслини давом эттириш учун ҳаётини гаровга қўйиб бўлса ҳам қимматли бўлган сувни қидириб топишга ҳаракат қилади.

Оддийгина асаларизорга кириб қараганингизда ҳам, ҳаво ҳарорати 5-7 даража бўлган даврларда, ҳали уядаги асаларилар ғуж бўлиб тўпланган паллада ҳам, бир-иккита асаларилар уядан чиқиб, сув излаб юришини кўрасиз. Тадқиқотларга қараганда, асалари уясида сув етишмаслиги туфайли оилада личинкалар сони 1,5, ҳаво совуб қолишида эса 2 баробарга қисқаради.

Ҳозирги кунларда кўпгина асаларизорларда умумий сувдонлар қўйилганлигини гувоҳи бўласиз. Бу яхши албатта. Лекин эрта баҳорда ҳаво ҳарорати анча паст бўлган даврда, совуқ шамоллар кўпроқ эсиб турганда бундай ҳолатлар асалариларни сувланишига анча тўсқинлик қилади. Сувнинг совуқлиги туфайли сувланган асаларилар кам ҳаракатчан бўлиб, учолмай қолади. Ҳавонинг иссиқ ва қуёшли кунларида бундай ҳолатлар кузатилмайди. Чунки бундай шароитда сув ҳарорати асаларилар учун анчагина мўътадиллашиб қолади.

Ҳаво ҳарорати паст бўлган баҳор кунлари асалари уяси ичидаги махсус охурчаларга сув солиб қўйиш ҳам яхши натижалар беради. Охурчалар бўлмаган тақдирда бир литрлик пластмасса бакалашкаларни устки қисмини кесиб, уя ичига қўйиш мумкин. Бундай пайтларда идишлардаги сув уя ҳарорати билан асаларилар ичиши учун анча илиқлашиб қолади. Асалариларни сувлаши учун баҳорнинг совуқ кунларида умумий сувдонлар ташкил этиш яхши натижа беради. Бунинг учун асаларизор ўртасида «самовар» қўйилади, унинг жўмраги остида махсус қиялаштириб қўйилган тахтага, илон изига ўхшаш ариқчалар ўйилади ва жумракдан томчилатиб сув оқизилади. Лекин самоварни ҳар куни эрталаб ёқиб, ундаги сув илитиб қўйилади. Бунда сув қайнаб кетмаслигига эътибор бериш керак, акс ҳолда сувлашга келган асалари қайноқ сувга тушиб, нобуд бўлиши мумкин.

Кейинги йилларда электр токи билан сув иситиб, асалариларни сувлатиш ҳоллари кўп учрамоқда. Бу яхши албатта. Лекин 220 волт электр токидан эҳтиёт бўлиш лозим, чунки намлик ва электр токи, улар бир-бирига жуда қарама-қаршидир. Бундай даврда барча техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш мақсадга мувофиқ. Автомашина аккумулятори билан ишлайдиган 12 вольтли сув иситиш мосламаларидан асалариларни сувлаши учун фойдаланиш мумкин. Чунки бундай мосламалар асалари ва инсон ҳаётига хавфсиздир.

Бундай усуллардан фойдаланилганда эрта баҳорда ҳаво ҳарорати анча паст пайтларда асалариларни илиқ сув билан таъминлаб туришда қулай шароит яратилади. Асаларичиликка ихтисослашган барча шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлардаги асалари оилалари тоза, илиқ сув билан таъминланиши, асалари оиласи маҳсулдорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.  

О.Тўраев


Улашиш: