Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Фарғона анорлари бир қатор ривожланган давлатларда маҳаллийлаштирилмоқда

04/Fevral/2023 08:20
  231

Мамлакатимизда анорчилик мактаби илк бор Қувада ташкил этилиб, бутун Осиёда тажриба сифатида ўрганилган. Бугунги кунда Қува туманида 470 та фермер хўжалиги 1 минг 800 гектар майдонда анор етиштириш билан шуғулланмоқда. 835 гектар майдонда янги анорзорлар барпо этишга киришилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

“Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирмада ҳам соҳа ривожи йўлида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу йил 200 минг туп анор кўчати қаламчалари тайёрланиб, кўчатчилик тармоғига асос солинди. 2019 йилдан йилига 10 миллион дона анор кўчати тайёрлаш ва буюртмачиларга етказиб бериш кўзда тутилмоқда.

Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Малайзия, Эрон, Чили, Озарбайжон сингари ўнлаб мамлакатларда Фарғона анорчилиги тажрибасини ўрганишга қизиқиш катта. Ватани Фарғона вилояти бўлган қаюм, қозоқи каби анор навлари бугунги кунда АҚШ ва Европа давлатларида маҳаллийлаштирилмоқда. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзорлар тўлиқ ҳосилга киргач, 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

Президентимиз жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур агрофирма фаолияти билан танишиб, анорчиликни ривожлантириш, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш борасида тавсия ва таклифлар берган эди. Бу борада вилоятда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилди. Фарғона давлат университетида анорчилик бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: