Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тўқсонбости муддатда кўк пиёзни экиш

22/Noyabr/2024 11:25
  1024

Тўқсонбости муддатда кўк пиёзни маҳаллий шароитда яратилган Истиқбол, Зафар, хорижнинг Манас, Дайтона, Леоне, Банко, Родар навларини экиш тавсия этилади.

Кўк пиёз олиш учун уруғлар тўқсонбости муддатда жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади. Кўк пиёз уруғи ҳар бир гектарига 25 кг гача сарфланади.

Пиёз СКОН - 4,2, СММ - 4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см.дан олиб уч-беш қаторли усулда ёки қўлда сочиб қилиб экилади. Уруғлар ерга 1,5 - 2 см чуқурликка кўмилади. Майдон суғорилмайди.

Баҳорда пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см.га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларидаги бегона ўтлар КРН-2,8 А русумли культиватор билан ерга 15-16 см чуқурликда ишлов берилади.

Ўғитлаш. Кўк пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади.

Кўк пиёздан юқори  ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор майдонларда соф холда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий, паст унумдор тупроқларда 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий берилиши лозим.

Ўғитларни бериш муддати. Фосфор ўғитни йиллик миқдорини 70-75 % ерни асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бароналашдан олдин берилади. Азот ўғитини вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан  янги  гўнгни  бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Кўк пиёз ҳаво намлигини яхши кўради ва ушбу шароитда яхши ўсиб ривожланади, тупроқнинг сернам бўлишини ҳоҳлайди. Кўк пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли.

Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва кўк пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда  тупроқ  ҳаддан  ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади.

Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига, айрим ҳолларда эса ҳатто, март ойининг охирига тўғри келади.

Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7-10 кунда суғорилади. Ҳар галги суғоришда гектарига 350-400 м3ҳисобидан сув берилади.

Вегетация даври: 70-80 кун.

Ҳосил пишиш даври: плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда.

 

Манба:

Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: