Харид Қилиш Саватчаси

Жами

“Сирдарё асали” кўргазмаси бўлиб ўтди

04/Fevral/2023 10:26
  237

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда асаларичилар томонидан 3 тоннага яқин 10 турдаги асал ва асал маҳсулотлари намойиш этилди.

Кўргазма очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда юксак самаралар бераётгани, хусусан, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилаётган эътибор натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми муттасил ортиб бораётгани таъкидланди.

– Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳанинг истиқболдаги устувор вазифаларини белгилаб олишда асалчилар учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти асаларичилик уюшмаси раиси Бекзод Олимов. – Айни пайтда вилоятда 300 га яқин шахсий асаларичилик корхонаси мавжуд бўлиб, улар томонидан йилига 400 тоннага яқин тоза асал етиштирилади. Лекин уларнинг бор-йўғи 70 тасигина уюшмага аъзо, холос. Президентимизнинг ушбу қарорига мувофиқ, уюшмага аъзо бўлганлар имконияти янада ортди. Яъни улар ўзлари етиштирган маҳсулотни уюшма кўмагида экспортга чиқариш, корхона фаолиятини кенгайтириш ва бошқа ҳолатларда қўшимча имкониятларга эга бўлади. Кўргазмада ана шулар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Уч кун давом этган асал байрамида асаларичилар томонидан тақдим этилган 3 тоннага яқин 10 хилдаги асал ҳамда асал муми, болари чанги, асалари сути каби арзон нархлардаги турфа маҳсулотлар харидоргир бўлди.

 

Манба: www.uza.uz

Улашиш: