Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Минерал ва маҳаллий ўғитларни биргаликда қўллаш керакми?

19/Sentabr/2024 17:50
  945

Минерал ўғитлар ва гўнгни биргаликда қўллаш уларни алоҳида-алоҳида қўллашдагига қараганда яхши самара беради. Бу биринчидан, гўнг таъсирида тупроқдаги микробиологик жараён фаоллигининг кучайиши ва иккинчидан, минерал ўғитлар таъсирида гўнг ва тупроқдаги органик моддаларнинг тезроқ парчаланиши билан боғлиқдир. Минерал ва органик моддалар биргаликда қўлланилганда, фосфорли ўғитларнинг тупроқ билан мустаҳкам бирикмалар ҳосил қилиши камаяди. Гўнг билан тупроққа маълум миқдорда микроэлементлар келиб тушади, натижада микроўғитлар қўллаш муаммосини осонликча ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Гўнгнинг парчаланиш жараёнида ажралиб чиқадиган карбонат ангидрид ҳаво таркибига ўтади ва ўсимликларда фотосинтез жараёнини кучайиши учун хизмат қилади.

Минерал ва маҳаллий ўғитларни биргаликда қўллашга айниқса тупроқда озиқ моддалар концентрациясининг ошиб кетишига ўта сезгир, лекин бутун ўсув даври давомида уларни етарли миқдорда бўлинишини талаб қиладиган бодринг, пиёз, маккажўхори каби экинлар талабчандир.

Гўнг тупроқнинг асосий компоненти бўлмиш гумус миқдорига ижобий таъсир кўрсатади. Маҳаллий ўғит киритилмаган майдонларда гумус миқдорининг йилдан йилга камайиб бориши кузатилади. Республика Пахтачилик илмий-тадқиқот институти олимларининг таъкидлашларича, умуман ўғит қўлламаслик ёки минерал ўғитларга ортиқча ружу қўйиш оқибатида фақатгина кейинги 50-60 йил ичида тупроқдаги гумус миқдори 25-50% га (100% га нисбатан) камайган.

Тупроқда гумус ҳосил бўлиши алмашлаб экиш тури, киритилаётган минерал ва маҳаллий ўғитларнинг миқдорига боғлиқ. Гўнг фонида тупроққа қўшимча равишда азотли ўғитлар киритиш лозим, чунки ўсимликлар биринчи йилда гўнг таркибидаги азотни фосфор ва калийга қараганда жуда кам ўзлаштиради. Гўнгни чопиқталаб экинларга қўллаш яхши самара беради, сабаби қатор ораларига ишлов берилганда гўнг тезроқ минераллашади ва ундан ўсув даври узоқроқ бўлган экинлар унумли фойдаланади.

 

Манба:

Б. С. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти.

Улашиш: