Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гўнг шалтоғи ва уни экинларда қўллаш

19/Sentabr/2024 05:10
  861

Гўнг шалтоғи – чорва молларининг ачиган сийдигидир. Гўнг турли усуллар билан сақланганда турли миқдорда гўнг шалтоғи ажралиб чиқади. Масалан, 10 т тўшамали гўнг тўрт ой давомида зич усулда сақланганда 170 л, ғовак-зич усулда сақланганда 450 л ва ғовак усулда сақланганда эса 1000 л гўнг шалтоғи ажралиб чиқади. Умуман олганда, янги гўнг массасининг 10-15% и гўнг шалтоғидан иборат.

Гўнг шалтоғи таркибида 0,25-0,30% азот, 0,03-0,06% фосфор (Р2О5) ва 0,4-0,5% калий (К2О) мавжуд. Демак, гўнг шалтоғини шартли равишда азотли-калийли ўғит деб ҳисоблаш мумкин. Таркибидаги азот ва калийнинг ўзлаштирилиши бўйича (60-70%) гўнг шалтоғи минерал ўғитларга тенглашиб боради.

Азотнинг бекорга исроф бўлишини олдини олиш учун гўнг шалтоғи учун махсус ҳовузчалар қурилади. Тўшамаларга шимдирилади ёки кукунсимон суперфосфат қўшилади (гўнг шалтоғи массасининг 3-5% и миқдорида). Гўнг шалтоғи ва суперфосфатнинг ўзаро таъсири натижасида парчаланиши бирмунча қийинроқ бўлган тузлар ҳосил бўлади. Ҳовуз тубига чўкадиган барча фосфат тузларидан ўғит сифатида (яхшиси маҳаллий ўғитлар билан компостланган ҳолатда) фойдаланиш мумкин.

Гўнг шалтоғини тўплаш учун махсус ҳовузчалар бўлмаса, торфдан фойдаланиш яхши натижа беради. Бир кг ботиқлик торфи (намлиги 40-50%) 2 кг га яқин, дўнглик торфи эса 5 кг гача гўнг шалтоғини шимиб олади. Гўнг шалтоғининг бети юпқа нефть ёки ишлатилган техника мойи билан қопланса, азотнинг исроф бўлиши янада камаяди.

Уни тўғридан-тўғри асосий ўғит сифатида ҳамда экинларни қўшимча озиқлантиришда қўллаш мумкин. Ҳар икки ҳолда ҳам тупроққа сочилган гўнг шалтоғи тупроқ билан аралаштирилиши ёки кўмилиши шарт. Асосий ўғит сифатида экин тури ва режалаштирилган ҳосилга қараб гектарига 20 т дан 50 т гача ишлатиш мумкин.

Дон экинлари, картошка ва илдизмевалар учун гўнг шалтоғи гектарига 15-20 т, сабзавот экинлари учун эса 20-30 т миқдорида ишлатилади. Кузги буғдойга гўнг шалтоғи эрта баҳорда, тирмалаш олдидан киритилса, яхши натижа беради. Гўнг шалтоғи таркибида фосфор жуда кам.

Чопиқлаб экинларга 8-10 т/га миқдоридаги гўнг шалтоғи махсус мосламалар ёрдамида ниҳолларни биринчи қўшимча озиқлантиришда пуштанинг ён томонидан, иккинчи қўшимча озиқлантиришда эса қатор ораларининг ўртасига 10-15 см чуқурликда берилади.

Манба:

Б. С. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти.

Улашиш: