Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анордан мўл ва сифатли ҳосил олиш сирлари!

19/Sentabr/2024 11:39
  1372

Анордан юқори ҳосил олиш борасида миришкор боғбонларимизнинг тажрибалари бисёр. Келинг, ҳозир шундай тажрибалардан биз билганларимизни сиз билан ўртоқлашамиз.

Анор кўчатини экаётган пайтда чуқури атрофига қиррали тош териб кўйсангиз, анори ёрилмайди, меваси серҳосил бўлади.

Агар аччиқ анорингиз бўлса, уни кўчириб олиб ташлашга шошилманг. Унинг тагини очиб, томирларига чўчқа гўнги ва одам пешобини аралаштириб қўйинг. Анорингиз ширин бўлади.

Агар қуриган мевали дарахтлар кулини сув билан аралаштириб, бир неча кун анор томирига оз-оздан қуйиб турсангиз анорингиз серҳосил ва дони рангдор бўлади.

Анорнинг ёввойи новдаларини бутаб, уни ахлатхонага ташламай сақлаб қўйинг. Ёз фаслида уни куйдириб, тупрок билан аралаштириб анорга беринг, мевасини чиройли қилади.

Турли суяк, жун, чарм қолдиқларини анорзорингизга кўминг, анорингиз хушранг бўлади. Анор учун от гўнги ҳам фойдалидир.

Анор дарахти ток билан яқин экилса, ҳар иккиси ҳам серҳосил бўлишини юқорида айтдик. Айрим уста боғбонлар анорни нок дарахти билан пайвандлаб юқори ҳосил олишганини биламиз. Анорни апельсин дарахтига пайвандлаш усулларини ҳам эшитганмиз.

Айрим богбонлар анорларини офтоб уриб, қорайтириб қўйганидан нолишади ва албатта бу ҳосилдорликка таъсир кўрсатади. Бу ўша анор дарахтингизга етарли озуқа миқдори бермаганингиздан дарак. Уни ўғитлашга эътибор беринг, шунда анор меваси офтобда куймайди. Иложсиз ҳолда анор дарахтини кўпроқ қуёш тушадиган қисмига бир қават қуруқ хашак ташлаб қўйинг. Бу амални август ойининг кейинги иккинчи ярмида бажаринг.

Яна бир сир. Экаётган анор кўчатингиз новдасини ёриб, ичидаги мағизини олиб, яна уни бир-бирига ёпиштириб, увада ёки латта билан ўранг. Тоза лой ва янги гўнг билан суваб ёрилган жойни ер юзасига уч бармоқ чиқиб, турадиган қилиб экинг, кўклагандан сўнг ёриқ устидаги қисмини кесиб ташлаб парвариш қилинг. Анорингиз мевасини уруги бўлмайди. Бундай тажрибалар жуда кўп. Муҳими, анорингиз билан «тиллаша» олсангиз, унга меҳринигизни берсангиз сизни куруқ қўймайди.

Агар каптар гўнгини сувга аралаштириб, анор томирига қўйиб турсангиз, анорнинг меваси тўкилмайди, пишиши тезлашади. Агар бақлажон ширасини анор гулга кирган пайтда сочсангиз, ундан юқори ҳосил оласиз.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: