Зироатнома: уруғ сепиш санъати ҳақидаги фасл
Бир қарич ерга етти ёки беш дона буғдой дони тушиши, бундан ортиқча тушмаслиги лозим. Арпадан тўққиз дона, бошқа донлардан тўрт донадан тушиши керак. Совуқ кўп бўладиган мамлакатларда кўпроқ уруғ сочилади. Чунки совуқ натижасида улардан баъзилари нобуд бўлиши эҳтимол.
Айтишларича, уруғ сепаётганда сепилаётган уруғни ҳўккизнинг шохига теккизмасликка ҳаракат қилиш лозим. Агар уруғ хўккиз шохига тегса, ҳосил яхши бўлмайди ва шу дондан қилинган нон тандирда турмайди.
Қўшимча:
Экилган уруғлар яхши чиқиб, бақувват ниҳоллар ҳосил бўлсин дейилса, уруғни озроқ сепиш лозим бўлади. Лекин уруғ яхши танланиб, яхшилаб сепилса ва тупроқ остида яхшилаб бекилишига эришилса ҳам уларнинг баъзилари ўз жойига тушмасликлари, баъзиларидан эса қувват кетиб қолган бўлиши, бошқа томондан эса зараркунанда ҳайвонотлар ҳужуми билан йўқолиши ва табиат инжиқликлари таъсири билан нобуд бўлиши мумкин. Бинобарин, экинзорга ортиқроқ уруғ сепиш тақозо қилинади.
Ва шуни ҳам айтиб қўяйки, агар ер семиз бўлса, уруғ кўклаб чиққандан кейин, унинг атрофидан бачкилар чиқиб, ерни тўлдиради. Бундай ерларга бошқа ерларга нисбатан ортиқча уруғ сепиш шарт эмас. Чунки бачкилар ўсиб кетгач, улар сиқилишиб қолади, ҳавонинг юришиши ва қуёш нури тўсилиб қолади. Натижада ҳосил кам бўлишига олиб келади.
Барвақт экиладиган ерларда уруғни керагидан ортиқча сепмаслик лозимки, мазкур ерлар етилиб, семириб, тургани учун қуёш иссиғи уруғларни тезда кўклатиб юборади. Аммо ер ёмон бўлса, қумли бўлса ёки кеч экишга мос бўлса, уруғ кўп сепилаверади.
Кўпчиликнинг фикрига асосан баҳорий уруғларни тирмоҳдагига қараганда қалинроқ сепилади. Бу шунинг учунки, тирмоҳдаги экин қишдан аввал ва кейин аста-секин бачки чиқариб, ерни эгаллаб олади. Лекин баҳорийси кўкариб чиқиши биланоқ ҳаво ва мавсумнинг ҳарорати ва илиқлиги билан тезда парвариш топиб, ўсиб кетади ва унчалик бачки чиқармайди.
Манба:
Зироатнома. Тражимон: Маҳмуд Ҳасаний. Тошкент: "Меҳнат", 1991