Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Паррандаларнинг физиологик туллашида парваришлаш тартиби

23/Noyabr/2024 06:41
  898

Физиологик туллаш – соғлом паррандаларда эски патларни пат фолликулаларида шаклланадиган янги патлар билан алмашинуви орқали ўтадиган табиий даврий патлар алмашинувидир.

Физиологик туллашда пат мунтазам равишда алмашиб туради, шунинг учун парранда терисида очиқ жойлар бўлмайди. Ёш паррандаларда патларнинг биринчи алмашинуви 1,5-2 ойлигида, фақат патларни ташлаганда бўлади. 12 ойлик бўлганда барча патлари алмашади. Катта ёшли паррандаларда туллаш ҳар йили июлнинг охиридан ёки августнинг бошидан то октябрь-ноябрь ойларигача бўлади. Пат қопламининг тўлиқ алмашинуви 3 ойча давом этади.

Қафасда сақланадиган кўплаб парранда турларида физиологик туллаш йилига икки марта бўлади ва ҳеч қандай асоратларсиз ўтади. Туллаш даврида паррандаларни қўл билан ушламаслик ёки аниқ ёритилган хоналарда сақламаслик лозим. Уларни чўчитмаслик, елвизак ва шамоллашдан асраш керак. Паррандалар қафасдан чиқарилмасдан, уларнинг учиши чекланади.

Канарейкаларнинг сайраши туллашдан сўнг аста-секин тикланади. Бу вақтда хонада сайрашида нуқсонлари бўлган нар паррандалар бўлмаслиги керак. Чунки канарейкалар туллашдан сўнг сайрашдаги камчиликларни осонгина ўзлаштириб олади.

Туллаш даврида моддалар алмашинуви жадаллашади, организмнинг аминокислоталар, витаминлар, микроэлементлар, асосан кальций ва олтингугуртга бўлган эҳтиёжи ортади. Парранда нотинч ёки аксинча, кам ҳаракат, иштаҳаси пасайган бўлади, уйқу ёмонлашади ёки йўқолади. Туллаш даврида рационда кальций ва фосфор етишмаса, узун суяклар синиши мумкин.

Шунинг учун туллаш даврида пат қопламининг бошқа касалликларидаги каби паррандаларга кўк ўтлар, патли ун, тухум пўчоғи, бўр бериш зарур. Рацион барча зарурий аминокислоталар, витаминлар ва минерал моддалардан топиши зарур. Нормал туллашни бузадиган стрессларнинг олдини олиш учун нерв тизимини тинчлантирадиган препаратлар (седуксин, триоксазин) бериш, шунингдек, паррандани тез-тез чўмилтириш мумкин.

Каптар туллаши. Оддий зотли (бакинцалар, спорт каптарлари, гривунлар, пермяклар) каптарларнинг табиий туллаши одатда муаммосиз ўтади. Асосан пахмоқоёқли каптарларда оёғидаги бирор патини тортганда қон оқиши мумкин. Шикастланган жой сув билан ювилади ва йод ёки водород пероксиди билан ишлов берилади. Қаноти узун қушларда (николай каптарлар, турманлар) туллаш қийин кечади. Уларда ҳали мустаҳкамланмаган патлари қанотларини кескин силкитганида шикастланади. Шикастланиш кучли даражада бўлса, қанотлари қон билан бўялган бўлади. Шикастланган жойга водород пероксиди билан ишлов берилади.

Туллаш бошланиши билан микроэлемент ва аминокислоталарга бой озуқалар бериш керак. Рационда тўйимли ва биологик фаол моддаларнинг етишмаслигида каптарлар озиб кетади, улар бўшашган ҳолда бўлади, озуқадан бош тортади. Ушбу аралашмани (фоизларда) бериш мақсадга мувофиқ: нўхат – 25, кунгабоқар – 10, арпа – 10, тариқ – 10, хашак нўхат – 10, буғдой – 25, маккажўхори – 10. Алоҳида идишчада майдаланган тухум пўчоғи, майда шағал, қум солиб қўйилади. Август ва сентябрь ойлари каптарларга бир оз тузланган, майдаланган қоқи ўт баргларини берган маъқул.

Манба: vetgov.uz

Улашиш: