Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистон шароитида зайтун етиштириш бўйича тавсиялар

23/Noyabr/2024 04:32
  1502

Ўзбекистон зайтун етиштириш имкони бўлган мамлакатлардан ҳисобланади. Андижонда биринчи марта унинг кўчати 2007 йилда экилди. 2012 йилда эса биринчи марта мева берган ва пишиб етилган. Бу натижадан сўнг Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиш мумкин, деган хулосага келинган.

Боғ учун майдон аниқлаб олингандан кейин, зайтун кўчатларини экиш учун чуқур ковланади. Экиладиган кўчатларнинг ён шохлари камайтирилади, бақувват новдалари мутлоқ олиб ташланади, кучсиз новдаларнинг танадан юқори қисми кесиб ташланади. Экиб бўлгандан кейин баҳор ёки куз бўлишидан қатъий назар, албатта, барча новдаларнинг учи кесиб ташланади.

Ўсимлик биологик хусусиятига кўра: гуллашдан олдин, гуллаш фазасида ва меваларининг етилиши ёки данагининг қотиши пайтида намни талаб қилади. Зайтунга ҳам бошқа дарахтларга ўхшаб қиш пайтида чилла сув берилса, тупроқда ўсимликнинг кейинги ривожланиши учун зарур бўлган намликни сақлаб қолади. Бундан ташқари, қиш илиқ келган йилларда бир икки марта тупроқни намиқтириб суғориш ҳам яхши фойда беради.

Зайтунни иккинчи марта суғориш унинг ғунчалаш даврига тўғри келади, бу вақт навларга қараб апрель ойининг иккинчи ярми ёки май ойининг бошларида бўлади. Учинчи суғоришни зайтун гуллаган пайтида бериш зарур, бу ўсимликнинг гуллаш муддати бошқа мевали дарахтларга қараганда чўзиқроқ бўлади. Зайтун ўсимлиги гуллари шингил тарзида бўлгани учун 10-14 кун давомида гуллаб, чангланиб етилади.

Тўртинчи суғориш муддати зайтун меваларининг данаклари қота бошлаганда ўтказилади. Зайтун меваси ташқи кўринишдан хом олхўрининг (слива) яшил ғўраларини эслатади. Бешинчи суғориш агротехник тадбири август ойининг охири, сентябрнинг бошларида ўтказилади.

Суғориш меъёри жуда катта бўлмайди, бир гектарга 750-800 м3 миқдорда 5-6 марта бажарилади. Аммо суғориш сони ва меъёри тупроқнинг оғир ёки енгиллигига, боғ ташкил қилинган жойда ер ости сувларининг яқин ёки чуқурлигига қараб ҳам ўзгаради. Енгил, ер ости сувлари чуқур жойлашган тупроқларда суғориш сони ва меъёри кўпрок бўлади.

Зайтун дарахтлари тагига минерал ўғитлардан ташқари, органик ўғитларни турли хил гўнгларни бериш ўсимликнинг яхши ўсиб ривожланиши учун имкон яратади. Айниқса, унумдорлиги паст, тошли майдонларда ўғитланмаган ҳолда бир йилда 35-40 см гача ўсиши мумкин. Минерал ўғитлар берилганда йиллик ўсиш меъёри бир-бир ярим метргача боради. Азотли ўғитларни баҳорда культивация ёрдамида, фосфорли ва калийли ўғитлар эса кузда ҳайдаш билан берилади. Ҳар бир зайтун дарахтининг тагидаги чуқурлар юмшатилиб, нам тупрокларга минерал ўғитлар берилади.

Зайтун дарахтини экишда унинг атрофидаги дарахтларга эътибор берилади. Бу ўсимлик ўтмишдош ўсимлик ва қатор ораларида ўстириладиган экинларга жуда талабчан бўлади. Янги боғ ташкил килинганда шафтоли, анор ва доривор ўтлар гуруҳига кирувчи ўсимликлардан узоқроқ масофага экиш зарур. Чунки зайтуннинг илдизлари касалликларни жуда тез сезувчи ва зарарланувчидир, бунга сабаб илдизларнинг юза жойлашганлигидир. Бу дарахтнинг сўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Зайтун жуда катта бўлмаган, буйи 10 метр гача чўзилган яшил дарахт, барглари кўп, шарсимон ёки овалсимон кўринишда, поясининг ранги кулранг, пўстлоқ билан қопланган бўлиб, бироз қийшиқ, новдалари узун, бўғимли айрим навлари юқорига кўтарилган, айримларида шохлари пастга эгилган ҳолда бўлади.

Зайтун бошқа субтропикларга қараганда мутлоқо тупроққа талабчан эмас, у турли тупроқда ўса олади, фақат ер ости сувлари якин, намлиги юқори, соз тупроқлар мутлоқ яроқсиз ҳисобланади. Зайтуннинг яна бир хусусияти, у экологик тоза экин, бу ўсимлик қишда баргларини тўкмайди. Бир дона барги 2-3 йил умр кўради. Шунинг учун зайтун боғлари қишки совуқларда ҳам яшил тусда бўлиб, чиройли манзара ҳосил килади. Барглари тўкилиб ён атрофни ифлос қилмайди, атроф-муҳитга кислород бериб туради.

Хавасхон Юлдашева,

ТДАУ Андижон филиали

“Қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш”

кафедраси ассистенти

Улашиш: