Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қорамолларда нодуляр дерматит касаллиги

23/Noyabr/2024 05:21
  1671

Қорамолларнинг юқумли тугунли дерматити (нодуляр дерматити) (Dermatitis nodularis bovum; заразный узелковый дерматит) – юқмли чегара билмас вирус касаллиги бўлиб, давомли иситма, некрозланувчи ўчоқли тери бўртмалари (ғадир-будур шиш), тарқалган лимфаденит, кўз, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш аъзолари шиллиқ пардаларининг жароҳатланиши билан характерланади. Бу касаллик билан, баъзан, қўй, эчки ва буйволлар ҳам касалланиши мумкин.

Юқумли тугунли  дерматитнинг иқтисодий зарари катта бўлиб,  сигирларда сут маҳсулдорлигининг кескин камайишидан, сут, тери маҳсулотлари сифатининг ва тирик вазннинг пасайиши, ўлик ҳомила ташлаш, бепуштлик, баъзан, шартли патоген микрофлора таъсири натижасида ҳайвоннинг нобуд бўлиши, даволаш ва ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш харажатларидан ташкил топади.

Касаллик қўзғатувчиси Poxviridае оиласи Capripoxvirus авлодига мансуб ДНК сақловчи вирус бўлиб, қўй-эчкилар чечаги вирусига антигенлик жиҳатидан яқин.

Бу вирус билан йирик шохли ҳайвонлар, қўй, эчки, қуён, денгиз чўчқалари касалланади. Касал ҳайвонларда юқумли тугунли  дерматит вируси тери бўртмаларида, мушаклар, шиллиқ пардалар, қон, сўлак, уруғда бўлади ва 11-12 кун сақланади, ажралиб тушган тери тугунларида 4 ойгача сақланиши мумкин, буқалар касалланиб соғайганда уларнинг   уруғи билан   2 ойгача вирус ажралиб чиқиши мумкин.

Вирус ташқи муҳитнинг таъсирларга нисбатан чидамли. Вирус касалланган ҳайвонлар териси бўртмасининг қора қўтирида қоронғи жойда совуқда (+40С) 6 ойгача фаол сақланиши мумкин. Вирус +550С да 2 соатда, +650С да 30 дақиқада фаолсизланади, 1% ли формалин,  2% ли фенол, 2-3% ли гипохлорид натрий эритмалари вирусларни  фаолсизлантиради.

Нодуляр дерматитга зоти, жинси, ёшидан қатъий назар қорамоллар, айниқса Европа зотларига мансуб соғин сигирлар ва буйволлар мойил.  Қўй-эчкиларнинг касалланиши ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Жирафа ва антилопалар юқумли тугунли  дерматит вируси билан экспериментал зарарлантиришга ўта сезгир. Касаллик одатда эпизоотия ҳолида намоён бўлади.

Касаллик қўзғатувчиси манбаи бўлиб, касал ва касаллик латент кечаётган ҳайвонлар ҳисобланади. Вирус инкубация даврида ва ҳайвоннинг касаллик даврида жароҳатланган тери соҳаларидан, сўлак, уруғ, сут, кўз ва бурундан ажратилган суюқликлар орқали ажралади.

Вируснинг бир ҳайвондан иккинчисига ўтиш йўллари кам ўрганилган. У асосан трансмиссив йўл-механик ташувчанликка гумон қилинаётган ҳашаротлар орқали узатилади. Чунки, касаллик айниқса, иссиқ ва намли мавсумда, нам, балчиқли ҳудудларда кўпроқ учрайди. Аммо ҳозиргача вирус ташувчилар доираси тўлиқ аниқланмаган. Вирус паррандалар орқали механик тарқалади, натижада касаллик тўсатдан, бир вақтнинг ўзида бир-биридан узоқда жойлашган манзилларда пайдо бўлиб жуда тез тарқалади.

Узатиш омиллари сифатида сут, уруғ, озуқа, сув, транспорт ва бошқа ташқи муҳит объектлари ҳисобланади. Вирус касал ва соғлом ҳайвонларнинг бевосита контакти орқали, жинсий йўл, бузоқларда эса сут орқали юқиши мумкин.

Касалланиш даражаси организмнинг зот хусусиятлари ва резистентлигига боғлиқ ҳолда 5-45 фоизни  ни ташкил этади. Йирик шохли ҳайвонларда ўлим даражаси 10-45 фоизгача бўлиши мумкин, лекин кўпинча  1-5 фоизни ташкил этади. Касалликдан табиий шароитда соғайиш 90 фоизгача бўлиши мумкин. Касаллик, асосан 4 ҳафтагача давом этади, асоратли кечса, секундар инфекциялар туфайли бу муддат чўзилиши мумкин.

1537_nodulyar-2-veb-дерматит.jpg

Касалликнинг инкубацион даври 3-30 кун, табиий шароитда инкубацион даври 2-4 ҳафтани ташкил этади.

Касалликнинг ўткир кечишида тана ҳароратининг +400С гача ошиши ва 4-14 кун мобайнида шу зайлда сақланиши, иштаҳанинг пасайиши, кўздан суюқлик оқиши, бурун ва оғиздан шиллиқли ёки йирингли суюқлик оқиши, 48 соатдан сўнг ўчоқли тери қопламида бўртмаларнинг ҳосил бўлиши кузатилади. Бу бўртмалар тери юзасидан сал кўтарилган, думалоқ, аниқ чегараланган, 0,2-7 см катталикда бўлиб касалликнинг кечишига боғлиқ ҳолда миқдори бир нечтадан бир неча юзтагача бўлиши мумкин.

Улар бутун тана бўйлаб жойлашади, асосан, сон, қўлтиқ, кўз атрофи, тумшуқ, елинда жойлашади.

Касаллик оғир кечганда бўртмалар оғиз ва бурун шиллиқ пардаларида, қин лаби соҳаларда ҳам жойлашиши мумкин. Нодуляр бўртмалар кўз қовоғида ҳосил бўлиши натижасида кўз пардаси лойқалашади, ҳайвон бутунлай ёки қисман кўр бўлиб қолади. Бўртмалар ҳосил бўлгандан  1-3 ҳафтадан кейин, улар ичидаги тўқима бутунлай некрозга учраб секвестрлар ҳосил бўлади. Кейинчалик бўртмалар ёрилиб ичидан ёқимсиз ҳидли чўзилувчан шиллиқ модда ажралиб чиқади.

Шишлар ёрилиб тузалгач, бўртмалар ва уларнинг яллиғланиш белгилари йўқолади (4-6 ҳафта мобайнида). Уларнинг ўрнидаги жун тушади. Бўртмалар баъзан қаттиқлашади ва бир йилгача шу ҳолда сақланиши мумкин. Охир-оқибат улар ё сўрилиб кетади ёки кўпинча, некрозга учрайди, қуруқлашган қорақўтир ҳосил қилиб қурийди, қорақўтир тагида грануляцион тўқима ҳосил бўлади. Бу жароҳатлар тузалиш, чандиқ ҳосил қилиш жараёнида, кўпинча, иккиламчи турли микрофлора билан ифлосланиб асоратлар пайдо бўлади. Лимфа тугунлари, айниқса, курак олди ва қўлтиқ таги лимфа тугунлари катталашади. Касал ҳайвонлар тез ориқлайди, маҳсулдорлиги пасаяди. Соғин сигирларда елинлар жароҳатланиши туфайли сут қуюқлашади, пуштиранг тус олади, томчилаб соғилади, қиздирилганда гелсимон ҳолатга ўтади.

Касаллик нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, кўпайиш аъзолари ва бўғимларнинг жароҳатланиши билан кечишига мувофиқ равишда қийинлашган қорин типида нафас олиш, кўп миқдорда сўлак ажралиш, шиллиқли ёки шиллиқли-йирингли конъюнктивит, кўз пардасининг лойқалашиши, лимфа тугунларининг катталашуви кузатилиши мумкин. Сигирларда ҳомила ташлаш, маститлар, насл қолдириш функциясининг бузилиши, ҳўкизларда эса вақтинчалик импотенция ёки бутунлай бепуштлик юзага келиши мумкин.

Бузоқларда юқумли тугунли  дерматит тери қопламининг визуал кўринадиган жароҳатларисиз кечиши мумкин. Бунда касаллик иситма, шиллиқ ва қон аралаш диарея билан тавсифланади. Ярим ўткир кечишда тери қопламининг сезиларли жароҳатланиши кузатилмайди. Касаллик қисқа муддатли иситма (2-5 кун), иштаҳа йўқолиши билан кечади. Касаллик клиник белгиларсиз ҳам кечиши мумкин, бу ҳолатда касалланиш фақат қўзғатувчи вирус ДНК-сини полимеразли занжир реакциясида (ПЗР) аниқлаш ёки вирус нейтралловчи антителолар мавжудлиги бўйича аниқланади. Зарарланган подада клиник белгиларсиз касалланган ҳайвонлар 50 фоизгача етиши мумкин.

Қўйидаги патологоанатомик ўзгаришлар кўзатилади:  тери қопламида аниқ кўринувчи бўртмалар мавжуд, улар зарарланган мушаклар юзасида, мушак толалари орасида, бурун йўллари, томоқ, трахея, ўпка, буйрак, ширдон, катта қорин шиллиқ пардаларида ҳам жойлашиши мумкин. Тери ва тери ости тўқималари қизғиш суюқлик билан тўйинган. Бўртмалар кесмада кулранг рангда ва консистенцияси зич. Некрозлашган бўртмаларда казеоз масса мавжуд бўлиб, унинг остида ярачалар ҳосил бўлади. Лимфа тугунлари катталашган, шишган. Плеврада, талоқда, жигар, бурун чаноғи, ширдон ва ичаклар шиллиқ пардаларида қон қуйилишлар кузатилади. Ширдоннинг тубида ва пилорус қисмида ҳамда ўпкада, айрим ҳолларда яралар топилиши мумкин. Айрим ҳайвонларда бўғимлар фаолиятининг бузилишлари аниқланади.

Дастлабки ташхис клиник белгилар (тери қопламидаги аниқ чегараланган бўртмалар, оғир ҳолатларда бўртмаларнинг шиллиқ пардаларда жойлашиши, жароҳатлар соғлом теридан аниқ чегараланган, юза лимфа тугунлари қамраб олинган), эпизоотологик маълумотлар таҳлилига (касаллик бирданига бир неча фермада тўсатдан пайдо бўлади, касалланган ҳайвонлар миқдори тез кўпайиб, баъзан 70% гача етиб боради), патологоанатомик ўзгаришларга асосланган ҳолда қўйилади. Якуний ташхис  лаборатория текширишлар асосида қўйилади. Вирусни ажратиш учун патологик материал сифатида бўртмалардан фойдаланилади, бўртма қорақўтирида вирус нуклеин кислотаси ПЗР да 3 ой давомида аниқланиши мумкин. Вирусни ажратиш ва идентификация қилишда ҳужайралар культурасидан ва нейтраллаш реакциясидан  фойдаланилади.

Ҳозирги вақтда диагностика қилиш учун молекуляр-генетик усуллар қўлланилади. НД нинг вируси ёки антигени, геноми аниқланган ҳолатларда якуний диагноз қўйилган ҳисобланади. Бу мақсадда ПЗР, ИФА ва РСК (РДСК) каби реакциялардан фойдаланилади.

Ҳайвонлар юқумли тугунли дерматитини дерматофилёздан (пўст билан қопланган ва тери қопламининг юза қаватларида бўртиб турувчи папулалар ҳосил бўлиши билан тавсифланувчи терининг сурункали жароҳатланиши); туберкулёзнинг тери шаклидан (бўртмалар тери қоплами остида бўғимлар ва бўйин лимфа тугунлари бўйлаб жойлашади ва узоқ муддат сақланади); ҳашаротлар чақишига тери реакциясидан (оғриқли жароҳатлар яхши сезилади, яллиғланиш бўртиқчаси билан чегараланмаган, бўртмалар юмшоқ ва ёйилган), оқсил, қўйларнинг блутанг, демодекоз, чечак, инфекцион ринотрахеит, сўна личинкаси жароҳатларидан фарқлаш лозим.

Манба: navoivet.uz

Улашиш: