Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қорамолларда травматик перикардит касаллиги

19/Sentabr/2024 16:18
  953

Металл чиқиндилар билан ифлосланган яйловларда ўтлаш, яхши тозаланмаган охурдан ем ейиш ва тозаланмаган ем-ҳашак озуқасини истеъмол қилиш қорамоллар тўрқоринига ўткир тиғли темир нарсалар тушишига сабаб бўлади ва ретикулит (тўрқориннинг тешилиши) касаллигига сабаб бўлади.

Тўрқориндан тешиб чиққан мих, сим бўлаклари юрақ қобиғи (перикард)нинг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада перикардда катта миқдорда суюқлик тўпланиб, аста-секин ҳайвон ўлимига олиб келади. Бу касаллик яхши маҳсулдор қорамолнинг бемаврид сўйилишига сабаб бўлади. Афсуски, бундай ҳолатда гўшт сифати пасаяди ва жонивор эгаси кўп моддий талофат кўради.

Касаллик белгилари дарҳол намоён бўлмайди, тўрқориндаги металл парчалари узоқ муддат ҳеч қандай таъсирсиз унинг ичида қолиши мумкин. Тўрқорин шикастланганда ҳайвон безовталанади, озуқа ва сув истеъмолидан бош тортади, катта қорин қисқаришлари тезлиги бузилади, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланади, бурилишлардан ўзини олиб қочади ва айниқса пастликка қараб юришда қийналади. Турганда букчаяди ва юрганда олдинги оёқларини кериб олади. Тўрқорин қўл билан босилса ҳайвон оғриқ сезади. Касаллик давомида яхшиланиш ва ёмонлашиш пайтлари бўлади. Сув ва озуқа истеъмолидан кейин ҳайвон аҳволи ёмонлашади. Ичаклар таранглиги бўшашади, ахлати қуриб боради ва баъзан қон қуйқаси билан тушади. Ҳайвон семизлиги ва маҳсулдорлиги даражалари пасаяди.

140432_travmat-perikar-35.jpg

 

Касалликни даволаш ва олдини олиш. Даволашнинг энг самарали чораси тўрқоринга тушган металл парчаларини магнит зонд ёрдамида чиқариб олишдир. Шикастланган ҳайвонни парҳез озуқа билан озиқлантириш катта аҳамиятга эга. Даволаш рационига майин пичан ва ун қуймоғи киради. Чириш ва ириш жараёнларини тўхтатиш учун ҳайвон ичига дезинфекцион эритмалар – креолин ёки фурациллин юборилади. Шилимшиқ ва қопловчи моддаларни қўллаш фойдали. Атибиотиклардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, лекин бу ветеринар врачи вазифасига киради.

Агар қорамолга перикардит касаллигига ташхис қўйилса ушбу касалликнинг даволашда магнит зонддан фойдаланиш керак. Ушбу асбоб ҳозир яна оммавийлашмоқда ва уни деярли ҳар бир ветеринария дорихонасида сотиб олиш мумкин.

Магнит зонддан фойдаланганда кўпчилик сигирлар тўрқорнидан метал парчаларини чиқариб олиш мумкин. Магнит зонддан фойдаланишнинг асосий босқичлари:

Кекирдак ва қизилўнгачнинг шикастланишини олдини олиш мақсадида магнит зонд тушириладиган пайтда ҳайвон оғзига сув қуйиб туриш керак, магнит зонд эса тўрқоринда камида 30 дақиқа (иложи бўлса 2 соат) туриши лозим;

Бу 2 соат чоғида ҳайвон тинмай юргизилса натижалар яхшироқ бўлади. Травматик перикардит ва ретикулит кенг тарқалган жойларда магнит зонддан профилактика мақсадларида фойдаланиш тавсия этилади.

downloadмагнит.jpg

зонд-89-57.jpg

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: