Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш бўйича 76 млрд сўмлик лойиҳа

04/Fevral/2023 11:23
  320

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолининг витамин ва микроэлементларга бой балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" хабар қилди.

Лойиҳа натижасида жорий йилнинг якунига қадар 18 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳудуднинг умумий майдони 370 минг гектарга тенг бўлиб, узунлиги 180 км, кенглиги ўртача 21 км, энг чуқур жойи эса 45 метрни ташкил қилмоқда. Кўллар тизимида кўплаб оролчалар ҳамда қуруқликлар мавжуд.

Давлат солиқ қўмитаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш мақсадида Хитой, Туркия, Вьетнам, Франция, Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан лаборатория ускуналари ва серҳосил балиқ турлари олиб келинаётган бўлса, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш, Бирлашган Араб Амирликлари билан қафас (садок) мосламаларида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда Саудия Арабистони билан табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича ҳамкорликдаги қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини етиштириш ҳамда 500 гектар ер майдонида балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди.

Тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ етиштириладиган парваришхоналар ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, махсус техника воситалари сотиб олиш, балиқни қайта ишлаш, қадоқлаш, балиқ уни ва ем ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча кредит линиялари ўзлаштирилиши мақсад қилинган.

Ҳозирда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида режадаги 7 миллион дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: