Хурмо ҳосилини йиғиштириш бўйича тавсиялар
Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида хурмо, асосан, октябрь ойида пиша бошлайди. Истеъмол учун эса навига қараб узилгандан сўнг сақлаш давомида етилади. Йиғим-терим асосан октябрь ойининг иккинчи ярмида – ноябрь ойининг биринчи ярмида ўтказилади.
Мева териш муддатини мева асосий навининг ранг олишига қараб, меваси этининг ўзгаришига қараб белгиланади. Мева қаттиқ даврида узилади, мевасини кўринишига ва нав хусусиятига қараб меванинг олдинма-кетин териш навбати белгиланади.
Мевалар токқайчи ёрдамида узилади, қўлда юлиб олинса меванинг пастки қисми шикастланади ва бу ҳол чиришга олиб келади. Мевани узганда косачани сақлаб қолиш лозим, мева банди эса иложи борича калтароқ бўлса, меваларнинг шикастланиши камроқ бўлади. Кесиб олинган меваларни авайлаб қутиларга (яшик) жойланади ва даладан оҳиста олиб чиқилади. Ортиш ва туширишда кескин ва қўпол ҳаракатлар қилинмаслиги лозим, чунки хурмо меваси эзилади ва сақлаш даври пасаяди. Шу билан бир қаторда қутиларга хурмони катта қатламда қўймаслик лозим, кўпи билан икки-уч қатордан ошмаслиги керак.
Саралаш, сақлаш, реализация қилиш учун навма-нав меваларни узиш лозим. Саралашда мевалар алоҳида гуруҳларга бўлинади, бунда меванинг ҳажми, ранги, софлилигига аҳамият берилади.
1. Қишга сақлашга мўлжалланган йирик, бутун мевалар – биринчи гуруҳ.
2. Ҳажми кичикроқ мевалар – иккинчи гуруҳ.
3. Юқоридаги икки гуруҳдан қолгани – учинчи гуруҳ.
Ташиш ва совуқхоналарда сақлашга мўлжалланган хурмони унча катта бўлмаган яшикларга жойлаштирилади, меваларни жойлаштирганда ҳар бир мева қоғоз билан ўралади, ҳар бир қатор орасига қиринди (стружка) қўйилади ва яшикларга яхшилаб, ораларида бўш жой қолдирмасдан тахланади. Биринчи қатордаги мева банди пастга қаратиб тахланади, иккинчи қаторники тепага қаратиб жойлаштирилади. Агар учинчи қаторни тахлашга эҳтиёж бўлса, учинчи қатор мева банди пастга – иккинчи қатор бандига қарама-қарши қаратиб тахланади. Яшикларда бўш жой қолдирмаслик керак.
Хурмо меваларини қуруқ, яхши шабадаланадиган қоронғи хоналарда, токчаларда (стелаж) сақланади. Бу ерда хурмо авайлаб икки қатор қилиб терилади, икки қатордан ошса, паст қатордаги хурмо эзилади, бу етилиш жараёнида меваларнинг бузилиши ва чиришига олиб келади. Музлаган хурмо мевалари сувда эритилса ўзининг аввалги ҳолатига қайтади ва истеъмолга тўлиқ яроқли бўлади.
Манба:
Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq».