Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Петрушкани тўқсонбости муддатда етиштириш

19/Sentabr/2024 19:29
  832

Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр оралиғида экилади.

Петрушканинг Нилуфар, Сахарная ва Новас  навлари районлаштирилган.

Петрушка совуққа чидамли икки йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғини ўсиши учун 5-6 0С, кўкариб ҳосил яратиши учун 15-16 0С ҳарорат керак.   Петрушка вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 3-4  марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади.

Петрушка ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 55-60 кунда ҳосили етилади. Пол қилиб сепилганда гектарига 3-4 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1-2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат. Яхши парваришланганда гектаридан 10-12 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Петрушка ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даврида 7-8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450-500 м3 ҳисобидан суғорилади.

Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини  75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чин барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Вегетация даври: 55-60 кун.

Ҳосил пишиш даври:  плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда.

Манба:

Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: