Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гилос боғини барпо қилиш ва ёш кўчатларга шакл бериш (2-мақола)

23/Noyabr/2024 02:22
  1386

Қуйида тавсия этиладиган шакл бериш усули камхастак, оддий олча, гилоснинг Дрогана желтая нави каби пайвандтаглар асосида барпо этилувчи маҳаллий боғлар учун тавсия этилади.

Боғ барпо қилиш дастлаб экиш схемасини танлашдан бошланади. Экиш схемасини танлашда тупроқ унумдорлиги асосий мезонлардан бири қилиб олинади. Бунда тошлоқ, унумдорлиги паст тупроқларда 4х2,5 м, ўртача унумли тупроқларда 6х4 м схема тавсия этилади.

Шунингдек, экиш схемасини танлашда пайвандтагларнинг ўсиш кучига ҳам қаралади. Бинобарин, камхастакка (магалебка) уланган кўчатлар нисбатан кенгроқ, қолган маҳаллий пайвандтаглар зичроқ экиш схемасини талаб этади.

Кўчатлар экилаётганда 40-60 см узунликда қолдирилиб, юқориги қисми кесиб ташланади (1-расм).

40-60-105.jpg (5 KB)

1-расм. Экишга тайёрлаб қўйилган 40-60 см узунликдаги гилос кўчати

Агар кўчатда ён шохлар мавжуд бўлса, улар 10 см узунликда қолдирилиб, қолган учки қисми кесиб ташланади. Бундай тартибда кесилган кўчатларда экилган йили июн ойигача 3-4 тагача сурх новда ҳосил бўлади.

Биринчи йилданоқ июн ойида ёзги кесиш ишлари бошлаб юборилади. Унутмаслик лозимки, ёзги кесиш, ёки халқ тилида “ёзги чилпиш” 10 июндан 1 июлгача бўлган муддатда ўтказилиши шарт.

Кесишни кўрсатилган муддатдан аввал бошлаб қўйиш, ёки аксинча кечиктириб юбориш тавсия этилмайди. Бинобарин, кўчатлар эрта кесиб қўйилганда, кесилган новда ҳали яхши ёғочлашиб олмаганлиги боис, унда уйқудаги куртаклар кам уйғонади ва ён шохлар ҳосил бўлиш фоизи камайиб кетади.

Аксинча кечиктириб юборилганда эса, янги шаклланган сурх новдалар қишки тинимга ўтишгача пишишга улгурмай қолади. Натижада новдалар қишки аёзлардан қаттиқ зарарланиши мумкин. Бундай новдаларнинг шарқ мевахўри билан зарарланиш фоизи ҳам ортиб кетади.

Кесиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Кучли ўсган шохлар 15-20 см узунликда қолдирилиб, қолган учки қисми кесиб ташланади, кучсиз ўсганларининг эса фақатгина учки ўсув қисми чилпиб қўйилади (2, 3-расмлар).

106.png (6 KB)

2-расм. Биринчи йили гилос кўчатларига ёзги шакл бериш схемаси

 

107.png (1.60 MB)

3-расм. Биринчи йили гилос кўчатларига ёзги шакл бериш тартиби: кўчатнинг кесишгача (1) ва кесишдан кейинги (2) кўриниши

Бундай ёзги кесишдан мақсад шуки, гилос кучли ўсувчи дарахт бўлганлигидан кам шохлаб, юқорига тик ўсиб кетаверади. Бундай кесиш ўтказилганда эса дарахт танаси атрофида кўпроқ скелет шохлар шакллантирилади ва яққол билиниб турувчи лидер шох деярли бўлмайди (4-расм).

108.png (1.31 MB)

4-расм. Тиним даврида 1 марта кесилган (чапда) ва йилда 2 марта – ёзда ва эрта баҳорда(ўнгда) кесиб шакл берилган 10 ёшли гилос дарахтларида лидер шохларнинг кўриниши

Кузда ҳеч қандай кесиш ишлари ўтказилмайди. Эрта баҳорда (феврал) дарахтлар уйғонмасидан, яъни уларнинг танасида шира ҳаракати бошланмасидан аввал навбатдаги кесиш ишлари бошланади. Бунда шохлар яна 15-20 см узунликда қолдирилиб, учки ўсаётган қисми кесиб ташланади.

Бундай кесиш кетма-кет 3 йил такрорланади. Шохларни қисқартириш билан бир қаторда қуюқлашиб кетган, бир-бирига халақит берувчи айрим шохлар бутунлай олиб ташлаб турилади (5расм).

109.png (1.54 MB)

5-расм. 3 ёшли гилос кўчатлари (чапда – кесишгача ва ўнгда – кесишдан сўнг)

Кўп йиллик тажрибаларимиз шуни кўрсатдики, юқоридаги тартибда кесиш ишлари гилосни тез ҳосилга киришини таъминлайди. Бунда гилос анъанавий боғлардаги каби 7-8 йили эмас балки 4-5 йили ялпи ҳосилга киради.

Дарахтлар ҳосилга киргач, асосий шохлар ва улардаги баргларга қуёш нурининг яхши тушишини таъминлашга киришилади. Маълумки, гилос дарахтлари пирамидасимон шакл ҳосил қилиб тез ўсади ва уларнинг шохлари барг билан қуюқ қопланади. Бу эса дарахт шох-шаббасининг ички қисмига ёруғликнинг кам тушишига ва натижада ҳосил сифати ва миқдорининг пасайиб кетишига олиб келади. Ушбу салбий ҳолатни бартараф этиш учун 3 йил мобайнида шакллантириб олинган дарахтларнинг айрим ичкарига, яъни бирбирига ёндашиб ўсган йирик шохлари ташқарига тортиб қозиққа боғлаб қўйилади (6-расм).

110.png (1.81 MB)

6-расм. Шохлари эгиб боғлаб қўйлган 3 ёшли гилос дарахти

4 йили феврал ойида лидер шохларнинг бир йиллик ўсув қисми 45 см узунликда қолдириб кесилади, қолган ён шохлар 15-20 см узунликда қолдирилади. Шу ҳолатда кесиш ёзда яна такрорланади.

Манба:

Абдикаюмов З.А., Қаландаров А.А., Абдуллаев К.С. (2015). Интенсив гилос боғларига шакл бериш бўйича тавсиянома. Тошкент: “Noshirlik yog’dusi” нашриёти.

 

Улашиш: