Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Зироатнома: уруғ танлаш ҳақидаги фасл

23/Noyabr/2024 02:22
  1083

Билингки, энг яхши буғдой шундай (буғдой)ки, унинг ранги қизил ва сариққа мойил, катта-катта, қаттиқ ва хуштаъм бўлади. Ингичка ва гўшти кам бўлмаслиги керак. Энг яхши буғдой дони шундай донки, унинг бошоғи катта бўлади, буғдойзордан (қўлда) териб олинади ва уруғ учун сақлаб қўйилади. Айтилганларга мос бўлган ҳар қандай уруғ кўп дон қилади. Икки йил сақланган уруғ янги уруғдек бўлмайди, ўртача бўлади, тўрт йиллик уруғ эса умуман яроқсиздир.

Қўшимча:

Зироат арбоблари тавсия қилишларича, уруғлик учун шундай дон танлаш керакки, бундай дон йирик-йирик бўлади. Баъзилар бунга аҳамият бермайдилар. Жуда кўп тажрибадан ўтказилишича, майда уруғ тупроқ тагидан чиққунча, йирик уруғлар ниҳолга айланади. Уруғ қанча эски бўлса, кўклаб чиқиши шунча кеч бўлади. Эски уруғлар эскиб қолгани натижасида ўсиш қувватини йўқотган бўлади. Шунинг учун уруққа ўтган йилги ҳосилнинг донидан танлаш керак.

Мустафо Росимпошшо “Фаллоҳат”идан

Тариқ ва бошқа донлар эса бундан мустасно бўлиб, агар тариқ уруғини мол гўнги билан аралаштириб, сўнг сепилса, тез амал олади ҳамда тез етилади.

Агар мошни бир кеча-кундуз сувга солиб қўйиб, сўнг экилса, бир текис униб чиқади. Аммо сепилаётган пайитда ой маҳоқда бўлиши керак.

Агар нўхотни бир кеча-кундуз илиқ сувга солиб қўйиб, сўнг экилса, бир текис униб чиқади. Агар унинг яхши донлари танлаб олиб экилса, нўхот тез етилади.

Тарс (Миср боқласи) уруғини уч кеча-кундуз сувда ивитиб, сўнг экилса, унинг тахирлиги кам бўлади.

Баъзи деҳқон аҳлларининг айтишича, даштларда етиштирилган донлардан тоғ остидаги ерларга, тоғ остида етиштирилган донлардан дашт адрларга экилса, ҳосили мўл бўлади.

Бошқа деҳқонларнинг айтишича, уруғ кабутар ёки бошқа паррандаларнинг гўнги билан аралаштирилиб экилса, ҳосили яхши бўлади. Лекин паррандаларнинг гўнгини уруғ билан аралаштирилганда уни нам ерга экиш керак. Гўнгни эса қуруқ тупроққа аралаштириш лозим. Шундай қилинганда уруғни куйдириб юбормайди.

Айтишларича, бўри терисидан ғалвир ясаб, унга бармоқ сиғадиган даражада учта тешик қилиб, уруғни шу тешиклардан ўтказиб экилса, ҳосили яхши бўлади.

Манба:
Зироатнома. Тражимон: Маҳмуд Ҳасаний. Тошкент: "Меҳнат", 1991

Улашиш: