Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гилос дарахтига шакл бериш технологияси (1-мақола)

18/Sentabr/2024 14:24
  1124

Маълумки республикамизда аксарият боғбон-фермерларимиз гилос дарахтини эрта баҳорда, яъни феврал ойида, дарахтларда шира ҳаракати бошланмасидан аввал кесишади. Буташ ишларини дарахтлар тахминан 7-8 ёшга етгунича бажаришади ва шундан сўнг дарахтларда буташ ишлари умуман бажарилмай қолиб кетади. Муаммо шундаки, гилос кучли ўсувчи дарахтдир, буташ тўхтатиб қўйилгач, у юқорига бўй чўзиб, шохлари қалинлашиб боради. Бу шохлар барг билан шу қадар қуюқ қопланадики, уларга қуёш нурлари бир текис тушмаслиги боис, баргларда фотосинтез жараёни бир хилда кечмайди. Бу эса ҳосил куртакларининг яхши ривожланмаслигига олиб келади. Бунда халқ тилида “текинхўр” деб аталувчи ҳосилсиз шохлар миқдори ортиб кетади. Дарахтнинг ички қисми, пастки шохлари ва баргларига қуёш яхши тушмаслигидан, пастки ҳосил шохлари қуриб қолади, натижада унинг танаси аста секин ялонғочлашиб боради ва ҳосил фақатгина қуёш яхши тушиб турадиган учки шохларга сурилиб бораверади. Бу эса энг учки баланд шохлардаги кўплаб ҳосилнинг терилмай қолиб кетишига, уларнинг қушлар томонидан еб кетилишига олиб келади. Кўп йиллик кузатувларимиз шуни кўрсатдики, бундай маҳаллий боғларнинг ҳосилдорлиги гектаридан 90 центнердан ошмайди, шундан товарбоп ҳосил бор-йўғи 50 центнерни (55%) ташкил этмоқда.

Қуйида баён этиладиган шакл бериш типида эса Фарғона вилояти шароитида маҳаллий гилос боғларида гектаридан 120-130 центнергача ҳосил олишга эришилмоқда. Шундан товарбоп ҳосил қарийб 80% бўлиб, бу оддий усулда шакл берилаётган боғларнинг жами ҳосилидан ҳам юқорироқ демакдир (жадвал).

Гилос боғларининг ҳосилдорлигига шакл бериш усулининг таъсири

Т/р Шакл бериш усули Ҳосилдорлик, ц/га Шундан товарбоп ҳосил, %
1 Анъанавий – йилда бир марта кесиш (феврал ойида) 90 55
2 2 марта кесиш (ёзда ва эрта баҳорда) 130 80

Манба:

Абдикаюмов З.А., Қаландаров А.А., Абдуллаев К.С. (2015). Интенсив гилос боғларига шакл бериш бўйича тавсиянома. Тошкент: “Noshirlik yog’dusi” нашриёти.

Улашиш: