Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Токзорларда октябрь ойида бажариладиган агротехник тадбирлар

20/Sentabr/2024 09:50
  1000

Токзорларда ушбу ойда ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаш ва кўмиш ишлари бажарилади.

Ток кўмилмайдиган минтақаларда ток кесилмайди, чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди. Кесиладиган ток тупларининг нави ёки симбағазнинг турига қараб шакл ва юклама берилади.

Ток тупларини кесишда биринчи галда оидиум (кул) антракноз, милдью, бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланади ва куйдирилади. Кўп ҳолларда деҳқонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан фойдаланишади. Бунга йўл қўймаслик зарур. Чунки, турли касаллик юқумлари бўлган барг ва новдалар келаси йили уларнинг янада кўпроқ тарқалишига замин яратади.

Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, ёпишдан олдин оидиум (кул) антракноз, милдью ва бактериал рак касаллик юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмасини пуркаш зарур.

Ток туплари 25-30 см қалинликда тупроқ билан кўмилади. Тупроқ ток кўчатини яхши кўмиши учун намлиги 70-80 фоизни ташкил қилиши керак. Бунинг учун ток кўчати қўндоқлангандан сўнг ёки олдин енгил суғориш зарур. Келаси йили мўл ҳосил олиш учун токзорлар ўғитланади, бунда йиллик меъёрнинг 50% фосфор ва азотни (аммоний шаклидаги) ва калий ўғитини 100 фози 15-20 см. чуқурликда ёки уялаб 20-25 см. чуқурликда солинади.

Токзорлар механизмлар ёрдамида кўмилганда қатор орасида иккита жўяк ҳосил бўлади. Ушбу жўякларга гўнг солинса самараси юқори бўлади. Токзорларга ҳар йили гектарига 20-30 тн. гўнг солиниб турилса, минерал ўғитлар сарфи 50 фоизгача қисқаради.

Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш келаси йил мева-узумдан мўл ҳосил олиш учун замин яратади.

Р.Абдуллаев

Улашиш: