Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Боғларда октябрь ойида қандай агротехник тадбирлар амалга оширилиши лозим?

23/Noyabr/2024 13:29
  1162

Олинаётган маҳсулот ва унинг сифатини ошириш ҳар ойда бажариладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли қилиб бажарилишига боғлиқ.

Октябр ойида боғларимизда барча турдаги мевалар йиғиб-териб олинган бўлади. Энди боғ-токзорлардан келгуси йили юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлаш мақсадида мевали дарахтларни ҳамда токзорларда ток тупларини ҳозирдан қишнинг аёзли совуқларига чидамлилигини ошириш чораларини кўриш зарур. Бунинг учун октябрь ойида боғ ва токзорларда суғоришни батамом тўхтатиш лозим.

Боғларда боғ қатор ораларини ҳайдашдан олдин, уларни кузги ўғитлаш, яъни ҳар бир гектар боғга 10-15 тн. чириган гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг. фосфор, 90 кг. калий ўғитини солиш мақсадга мувофиқдир.

Ўғит солиниб бўлингач, бўз тупроқли суғориладиган боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25-30 см., шағалли ерларда 10-15 см. чуқурликда шудгор қилинади. Бунда юза жойлашган илдизлар шикастланмайди. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида боғлар қатор ораларига сидерат ўтларни экиш ҳамда келаси йили баҳорда уларни ҳайдаб ташлаш лозим.

Боғларда кўплаб касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари дарахтлар танасидаги ёриқликларда қишлайди. Танаси оқланса, уларни қириб ташлаш билан бирга дарахтлар қишки совуқлардан ҳам ҳимоя қилинади. Бунда 2 кг. тупроққа 1,5-2 кг. оҳак аралаштириб, ҳар 10 л. эритмага озроқ мол шатмоғидан қўшиб, уни суюқ қаймоқсимон масса ҳолига келтириб, дарахт танасини ҳамда она шохларни оқлаш зарур. Бу айниқса данакли мева дарахтларига (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри, олча ва б.) яхши самара беради. Бунда ҳар 10 л. эритмага 80-100 г. мис купоросини сувда эритиб, қўшиб юборилса самараси янада ортади.

Боғ қатор ораларини ҳайдаётганда, омоч илдиз тизимини шикастламаслиги учун дарахт танасидан 0,5-1,5 м. масофада айниқса пакана ва ярим пакана пайвандтагли боғларда ўтишига аҳамият қаратиш керак.

Дарахт баргларининг 65-75 фоизи тўкилгандан сўнг, айниқса замбуруғли касалликларга чалинган боғларда дарахт танасини 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 6 фоизли карбамид эритмаси билан яхшилаб ювиш керак.

Р. Абдуллаев

Улашиш: