Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Томорқа ва дала томорқа ер участкаларидан фойдаланиш ҳолати дронлар ёрдамида ўрганилмоқда

27/Mart/2024 06:01
  626

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш масалаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қўмита раисининг ўринбосари М.Рўзметов ва бошқалар ердан самарали фойдаланиш мамлакатимиз ободлиги ва фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.

Қўмита томонидан ер ресурсларидан, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, кейинги 3 йил давомида 30 минг гектардан ортиқ майдонда интенсив, янги мевали боғлар ташкил қилинди.

Сув таъминоти етишмайдиган, лалми, бўз, яйлов 6 минг 174 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда.

Ўтган бир йил давомида ер назоратчилари томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида 9 минг 185 ҳолатда 1 минг 322 гектар ерларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланди. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилиб, фуқароларга қонунийлаштириб бериш чоралари кўрилмоқда.

Соҳага инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида 19 учувчисиз учиш аппарати (дронлар) харид қилиниб, соҳада кенг фойдаланилмоқда. Томорқа ва дала томорқа ер участкаларидан фойдаланиш ҳолати дронлар ёрдамида ўрганилганда республика бўйича жами 3 минг 280 ҳолатда 781 гектар ер майдонидан белгиланган тартибда фойдаланмасдан келинаётгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Мингдан ортиқ фуқародан 266 гектар томорқа ер майдони уй-жой қурмасдан қаровсиз ташлаб қўйганлиги учун туман захирасига қайтариб олинди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: