Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ҳиндистонда пилла қандай сотилади?

04/Fevral/2023 11:50
  479

Халқаро ипакчилик комиссияси томонидан Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ташкил этилган ўқув семинарда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Унда Ҳиндистонлик фермерлардан ишлаб чиқарилган пиллани сотиш тизими бўйича қизиқарли тажриба ўрганилди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

– Карнатука штатининг Раманагара шаҳрида пилла хомашёси сотиладиган улгуржи бозор бор, –дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси вакили Миркомил Сагатов. – Атрофдаги туманларда фаолият юритаётган фермерлар пилла хомашёси тайёр бўлгандан сўнг, маҳсулотларини шу ерга олиб келиб, махсус идишларга солиб, харидорларга намойиш қилади. Харидорлар маҳсулотларни ўрганиб, “ким ошди” савдоси орқали бошланғич баҳодан келиб чиқиб, ўзларининг сотиб олиш баҳоси ва ҳажми бўйича таклиф этадилар. Ушбу тажриба бизга ёқди.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистонда давлат тасарруфидаги йирик пиллани қайта ишлаш корхоналари ҳам, хусусий пиллани қайта ишлаш корхоналари ҳам бир хил талаблар асосида маҳсулот харид қилади ва қайта ишлайди. Шу боис ҳам улгуржи бозорлар Ҳиндистоннинг йирик пилла ишлаб чиқарувчи ҳудудларида мавжуд бўлиб, йилнинг исталган даврида ишлаб чиқарувчилар учун тирик пилла хомашёсини харид қилиш имконини беради.

Айни вақтда бу бозорда пилла хомашёсининг турли рангдаги, ипакчанлиги ҳар хил бўлган бир нечта тури сотилмоқда. Ипакчанлиги юқори бўлган хомашёнинг нисбатан юқори баҳоларда йирик пиллани қайта ишлаш корхоналари харид қилса, ипак толаларининг бир ўрам узунлиги 200-300 метрдан ошмайдиган пилла хомашёсининг нисбатан пастроқ баҳоларда кичик ишлаб чиқарувчилар ва касаначилар харид қилиб, маҳсулот ишлаб чиқаради.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: