Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хитойдаям бунақаси йўқ!

23/Noyabr/2024 08:51
  1476

"Меҳнатимиз енгиллашади. Ҳосилдорлик юқори бўлади. Тут барги озуқаси энди муаммо бўлмайди".

Бу Талдираззоқ маҳалласида яшовчи Мирсоли Абдуллаевнинг қатъий хулосаси. Салкам ўттиз йилдан бери ипак қурти боқиб келаётган пиллакор ноодатий усулни қўллаб, юқори ҳосил олишга эришган. Даласига экилган ноёб тут кўчати ва ўзига хос иш услуби соҳа олдида турган қатор муаммоларга ечим бўлиши мумкин экан.

– Ҳадемай, ипак қурти боқишга киришамиз, – дейди М.Абдуллаев. – Тўртинчи уйқудан турган ипак қурти кўп озуқа талаб қилади. Бир кеча-кундузда саккиз, ҳатто ўн марталаб озуқа ейди. Мана шу бир ҳафталик фурсат осон кечмайди. Тут барги узлуксиз етказиб турилмаса, ипак қурти пишиқ тола ўрамайди. Кеч ва кам ҳосил беради.

Буни ҳисобга олган селекционер олимлар қачонлардир сербарг тут навини яратишганди. Мақсад озуқани кўпайтириш бўлган. Ўша кўчат баъзи ҳудудларга экилгани маълум. Афсуски, сўнгги ўн йил ичида деярли ҳеч бири қолмади. Ўттиз йил аввал шохидан олиб, бошқа тутларга пайванд қилгандим. Икки йил ичида кутилганидан ортиқ натижа кўрсатди. Ишонасизми, йирик баргли тут танасидан олинган пайванд шох бошқа тутга "улангач" янада катталашди. Диаметри 40-30 сантиметрга етадиган барг чиқарди. Бу одатдаги тут баргидан тўрт-беш баробар катта эди.

М.Абдуллаевнинг фикрича, пайвандлашни апрель-май ойида бошлаган маъқул. Чунки дарахт шохлари пилла учун ўриб олинган бўлади. Эски шохлар жойига сербарг тутнинг 15-20 та қаламчаси пайванд қилинса бўлди. Қарабсизки, дарахт икки йил ичида айтилган ҳолатига келармиш.

– Яқинда телевизорда кўрдим, Фарғона вилоятига Хитойдан худди шундай тут кўчатларидан келтириб, парвариш қилишаётган экан, – дейди М.Абдуллаев. – Хориж тажрибасини инкор этмаган ҳолда айтиш керак, биз пайванд қилган тут дарахтларининг ҳосилдорлиги ундан анча йирик ва катта. Ўрилган баргларини айтмайсизми? Сифати узоқ вақт ўзгармай, сўлимай туради.

Лекин бошқа жиҳати ҳам бор. Ипак қурти ёш бўлса қалин, йирик баргни емайди. Буни фақат охирги ўн кунликда бериш керак. Энди тасаввур қилинг, бир қути пилла учун 20-25 тупга яқин тут барги сарф бўлади. Тағин узлуксиз, саккиз маҳал озиқлантириш керак. Ана энди ўзимиз етиштирган тутнинг тўрттаси 20 тупнинг ўрнини босяпти. Уч марта солсак, кифоя. Шу баргнинг ўзи бир суткага етади. Тола ўраш муддати ҳам икки-уч кунга қисқаради.

Ҳар йили бир қутидан 50 килограмм ўрнига, 70-80 килограмгача пилла хомашёси оламиз. 300 туп тутзорнинг қарийб юзга яқини йирик баргли тутдан иборат. Демак, тутзор яратишда икки-уч хил навдан экишнинг афзаллиги кўп. Бу пиллани маълум босқичда қанақа тут барги билан озиқлантиришни белгилаб беради.

Тажрибали пиллакор кўчат етиштиришнинг ҳадисини олган. 15 сотихлик томорқасида мевали дарахт кўчатларининг йигирмадан ортиқ турини ҳам парваришлаб келади. Баҳор ва куз ойлари ички бозорга 5000 тупдан ортиқ кўчат чиқаришни режалаштирган. Бир тупини 5000-6000 сўмдан сотиб, 25-30 миллионгача даромад олиш ниятида.

Ўтган йили йирик баргли тутни уруғидан кўпайтиришни бошлабди. Айтишича, амал олган кўчатлар бир йилдан сўнг тайёр бўлади. Нафақат барги, балки мевасидан ҳам 300-400 килограмгача ҳосил олиш мумкин экан.

Тажрибали пиллакорнинг иш тажрибаси, қўлга киритаётган ютуқлари соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. Энди ишни оммалаштириш қолди, холос. Бу тадбир соҳа ходимлари саъй-ҳаракати билан амалга ошадиган бўлса, кумуш тола етиштиришда янги имкониятлар юзага келиши шубҳасиз.

Шерзод Исоқулов,

"Жомбой тонги" мухбири


Улашиш: