Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошканинг макроспориоз (альтернариоз) касаллиги

23/Noyabr/2024 11:05
  1016

Aliternaria Solani (macrosporium) Sor. касаллик қўзғатувчи замбуруғ ҳисобланади. Тугунакда эса Uloclаdium consortiale қўшимча қўзғатувчидир. Агар қуруқ иссиқ шароит қисқа муддат ёғадиган ёмғир ва қалин шудринг тушиши билан алмашса уларни зарар келтириши кучаяди. Ҳосил тўплаши 10-40 фоизга камаяди. Барг, поя ва тугунаклари зарарланади.

Баргларда турли катталикдаги думалоқ ёки учбурчаксимон тўқ қўнғир доғлар пайдо бўлади. Уларда тўқ рангли концентрик айланмалар ажаралиб туради. Пояларда оч жигарранг чўзинчоқроқ яралар пайдо бўлади.

Аввал баргни зарарланган қисми қуриб тешилади, кейин барг япроғи тўлиқ қурийди. Палаги муддатидан олдин қурий бошлайди.

Макроспориоз фақат ёш тугунакларни зарарлайди, улар юзасида бироз ботиқ қора доғ ҳосил бўлади. Тугунаклар сақланиш даврида у ерларга микроорганизмлар тушиб уни чиритади.

Касалликка қарши кураш. Олдини олиш чора-тадбирлардан ташқари макроспориозга қарши кимёвий воситалар қўлланилади. Уруғликларни ундириш даврида  ундириш бошланганидан 10-15 кундан сўнг ва экишдан бир ҳафта олдин 0,02-0,1 фоизли мис купороси эритмаси билан ишлов берилади.

Ўсув даврида қуйидаги препаратларнинг: 70% с.п. топсин М 1 кг/га, 22,5% к.э. фоликур  – 0,7 л/га, 60,7% в.р. провекур –15 кг/га, 6% бордо суюқлиги мис купороси бўйича, 0,3-0,5% мис хлорокис эритмасининг бирортаси ўсимликка сепилади. Шунингдек, фитофторозга қарши тавсия этилган препаратларни қўллаш мумкин.

Манба:

В.И. Зуев, Ҳ.Ч. Бўриев, О. қодирхўжаев, Б.Б. Азимов (2005). Картошкачилик. Тошкент.

Улашиш: