Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистонлик талаба “Робот фермер” қурилмасини яратди

21/Noyabr/2024 14:13
  1457

“Ўзиккиламчиранглиметалл” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши, “Artel” компанияси ҳамкорлигида уюштирилган ярмаркада республикамизнинг барча ҳудудидан келган юзлаб ёшлар ўз лойиҳалари билан қатнашди.

— “Робот фермер” Европа мамлакатларида кенг қўлланилади, — дейди Тошкент давлат техника университети талабаси Турсунпўлат Тиловов. — Мамлакатимизда ҳали бунга қўл урилмагани боис, илк бор ушбу қурилманинг маҳаллий моделини яратдик. У деҳқон бажарадиган қўл меҳнатини автоматлаштирилган тарзда бошқариш имконини беради. Яъни турли ўсимликлар, гуллар ва полиз экинларини экади, парваришлайди. Ернинг намлик миқдорини ҳам ўлчаб, ўз вақтида суғоради. Ҳаттоки, бегона ўтлардан тозалай олади. Буни смартфон орқали масофадан бошқариш имконияти ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда мазкур қурилмадан кичик иссиқхоналарда фойдаланиш мумкин. Мақсадимиз кейинчалик унинг катта ер майдонларига мўлжалланган такомиллаштирилган моделини яратиш ниятидамиз.

Ўзбекистон Миллий университети аспиранти Миржалол Қурбоновнинг нефть билан ифлосланган тупроқлар рекультивациясида агробиотехнологияларни қўллаш ғояси ҳам кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Унинг айтишича, биологик тозалаш усулига асосланган мазкур инновацион технологияни қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллаш натижасида нефть билан ифлосланган тупроқ қопламини 98 фоизгача тозалаш, кимёвий, физикавий ва биологик хоссаларни яхшилаш орқали тупроқ унумдорлигини ошириши мумкин.

Қолаверса, унинг иқтисодий самарадорлиги ҳам юқори, яъни ҳар бир гектарига 27 млн. сўмдан ортиқни ташкил этади. 

Ярмаркада намойиш этилган инновацион ишланмалар бири-биридан қизиқ ва фойдали. Бу эса ғоя ўз атрофига иккинчи бир ғояни қўшиб, келгусида йирик лойиҳалар кашф этилишида катта туртки бериши турган гап, дея ёзади “Халқ сўзи” газетаси. 


Улашиш: