Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Атиргул қандай етиштирилади?

23/Noyabr/2024 21:50
  2137

Атиргул раъногулдошлар (атиргуллилар) туркумининг хушманзара ўсимлик сифатида экиладиган бир қанча турига халқ томонидан қўйилган умумий ном ҳисобланади. 

Бу туркумнинг ёввойи ҳолда ўсадиган турлари халқда раъно, наъматак, гулзавр ва итбурун номлари билан маълум. Шулардан раъно ва атиргул сўзлари оила номига асос қилиб олинган. Атиргулнинг ер юзида 10 мингга яқин навлари бор бўлиб, Ўзбекистоннинг барча иқлим шароитларида 6 та ремонтант, чой-дурагай, полиант, флорибунд ва чирмашувчи каби турлари бор. 

Атиргулга мансуб 340 дан ортиқ навлари суғориладиган минтақамизда экиб келинмокда. Бу навлар гулининг катта-кичиклиги, ранги, ҳиди, пояда ўрнашиши, гуллаш даври, поянинг тикка ёки илашиб ўсиши каби хусусиятлари билан фарқ қилади, фасл бўйи узлуксиз ёки такрорий гуллаб турадиган ва пояси илашиб ўсадиган хиллари кўпроқ экилиб келинмокда. 

Атиргулнинг бизнинг шароитимизда асосан пайванд қилиш йўли билан кўпайтиришда керакли атиргул навининг битта ёки бир нечта куртаги август ойининг охирларида пайвандтакка (наъматакка) уланади. Келаси йил эрта баҳорда пайвандтак унга уланган куртак юқорисидан кесиб ташланади ва пайвандни боғлаган чипта бўшатилади. Мавсум давомида бачки шохчалар 4-5 марта юлиб ташланади. Пайвандли гул 15-20 см ўсгандан кейин унинг бўйига чўзилишига ва муддатидан олдин гуллашига йўл қўйилмайди. Бунинг учун пайванди гулнинг учи кесилиб, вақти-вақти билан ён шохлари кисқартириб туриладц. Октябрь ойининг охири ноябрь ойининг бошларида бу пайвандлар тўла шаклланган кўчатга айланади. Атиргулнинг кўчатларини унумдор ва сув билан таъминланган ерларга кузда ва баҳорда ўтқазилади. Бу ерлар олдиндан гектар ҳисобига 30-50 тоннадан чириган гўнг солиб 30-35 см чуқурликда ҳайдалади. Бегона ўтлардан тозаланиб текислаб қўйилган бўлади. Кўчатлар 70х70 см оралиқда ўтқазилади. Кўчат ўтқазиладиган чуқурнинг кенглиги 30-40 см, чуқурлиги 40-50 см дан қилинади. Вегетация давомида атиргул экилган майдон 20 мартача суғорилади ва 6 мартагача оралари чопилади. Атиргулнинг (гулзор) яхши ўсиши ва ривожланиши учун мавсум давомида икки марта (1 м2 ерга 30 г дан аммоний нитрат, 20 г дан фосфор ва 15 г дан калий ўғити билан) озиқлантирилади. 

Атиргулни вегетация давомида зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса ун шудрингга қарши олтингугурт кукуни билан 3 марта дорилаш керак бўлади. Бегона ўтлардан холи тутилади. Атиргулнинг баъзи хилларининг гулбаргларидан эфир мойидан ташқари гулқанд ва мурабболар тайёрланади.


Улашиш: