Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Коврак ҳақида баъзи мулоҳазалар

23/Noyabr/2024 15:21
  2317

Коврак ўсимлиги халқ орасида шифобахшлиги билан ном қозонган. Айримлар унинг олдида «женшень» ҳам ип эшолмай қолади, дейди. Бу бежиз эмас, албатта. Ковракнинг шифобахшлик хусусиятлари ҳамда юртимизда мавжуд турлари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг аъзоси Ойбек Мамараҳимов билан суҳбатлашдик.

— Аввало, ушбу ўсимлик ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз. Ковракнинг дунё бўйича қанча тури тарқалган? Мамлакатимизда унинг нечта нави учрайди?

— Коврак (Ferula) туркуми вакиллари зирадошлар оиласига мансуб ўсимлик ҳисобланади. Уларнинг ер юзида 170 дан зиёд турлари бўлиб, Ўрта Осиёда 110 дан ортиқ, мамлакатимизда эса 50 та тури учрайди. Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади. Булар сассиқ коврак, куҳистон ковраги ва бошқа номдаги ковраклардир. Бу турлар, ташқи марфологик жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам ўхшаб кетади, аммо табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади.

Ковракнинг бўйи 2 метргача етади, илдизи йўғон, 15-20 сантиметр бўлади. Ўсимлик пояси 8-9 йилда бир маротаба гуллайди ва мева бериб, кейин нобуд бўлиб кетадиган-монокарп ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, йўғон, ичи ковак, юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари бандли, уч марта ажралган. Барг бўлаклари чўзинчоқ ёки ланцетсимон. Поядаги барглари майдароқ, ташқи томони жуда кўп туклар билан қопланган бўлиб, пояда қини билан кетма-кет ўрнашган. Гуллари мураккаб соябонга тўпланган. Гули оч сариқ, косачасиз, тожбарги 5 та, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастда жойлашган. Меваси икки бўлакли донача бўлади.

Коврак март-апрель ойларида гуллайди, меваси апрель-майда пишиб етилади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ой яшайди.

Коврак туркумига мансуб турлар Кавказ, Ўрта Осиё республикалари, ўарбий Сибирда, Ўрта Ер денгизи минтақаларида, Эрон, Афғонистон, Покистон, Хитой ҳамда Ҳиндистонда кенг тарқалган. Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади.

— Ковракнинг тиббиётда тутган ўрни ҳақида ҳам маълумот берсангиз? Шунингдек, ушбу ўсимлик қадимдан халқ табобатида қандай касалликларни даволашда ишлатилади?

— Ковракдан халқ табобатида азалдан хавфли шишлар ва захм касаллигини даволашда, ундан олинадиган елим-смоланинг спиртли тиндирмаси (настойкаси) астма, томир тортиши ва асаб касалликларида ишлатиб келинган.

Илмий тиббиётда коврак елим-смоласи – “асса фоетида” номи билан кукун, эмулсия ва спиртли тиндирма (настойка) ҳамда оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармакопеясига киритилган. Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Ибн Сино бобомизнинг бу ўсимликка берган таърифидан мисол келтириш фикримизни исботлайди. Унга кўра, «Коврак уруғининг қайнатмаси (уруғ худди супургиникига ўхшаш малла ранг, шакли ҳам шунга ўхшаб кетади) 3 маҳал 50 граммдан ичилса, она сути кўпаяди. Елими сувга қўшиб ичилса, дарҳол овоз чиқади. Ширасига анжир қўшиб ейилса, сариқ касаллигини тузатади. Елимига мурч, сирка қўшиб, ёмон сифатли яраларга сурилса, фойда қилади. Соч тўкилишига ҳам ўта фойдалидир. Коврак бош мия, склероз, бронхит, астма, сариқ касал, кўк йўтал, диабетга даво, қон кетишини тўхтатади. Иштаҳани очади. Илдизи томчилаб сийиш ва буйрак оғриқларига даво. Уч маҳал қайнатмасидан 30 граммдан ичилса, фойда қилади (муддати 15 кун). Илдиз қайнатмаси барча оғриқларни босади. Бўғилишни кетказади, оғриқни тузатади».

— Ушбу ўсимликдан олинадиган қимматбаҳо хом ашё — елим-смоласи олиниш тартиби қандай? Бунинг учун юртимизда қандай меъёрлар белгиланган?

— Коврак илдизидан елим-смоласи олиш эрта баҳордан бошланиб, кузгача давом этади. Шунинг учун ҳам смола олиш даврлари баҳор ва ёз фаслларига бўлинади. Бунинг учун коврак илдизи атрофини 5-10 сантиметр чуқурликда ва 20-25 сантиметр кенгликда ковлаб, илдизининг тепа қисми очилади. Коврак илдизининг устки қисми очилгандан сўнг, елим-смола олиш учун кесиб қўйилади, 5-6 кун ўтгандан сўнг сифатли елим-смола шираси йиғилади ва у тўплангач йиғиштириб олинади. Сўнг яна бошқа жойидан кесиб қўйилиб, мавсум давомида, ўсимлик илдизининг катта кичиклигига қараб 15-20 маротаба кесик қилинади.

Коврак елим-смоласи қадимдан Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда тайёрланиб, ишлатиб келинган. Бизнинг республикамизда эса коврак елимини тайёрлаш 2006 йилдан бошланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ковракдан смола-елимини олиш учун биринчи навбатда ковракни табиий биологик ва эксплуатацион захираларини аниқлаб, катта масштабдаги харитасини тузиб, улардан табиатга зарар етказмасдан, ўсимлик табиий шароитда қайта тикланишига имконият яратиш керак. Табиий майдонларни участкаларга бўлиб йилма-йил, навбатма-навбат елим-смола тайёрлашни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Белгиланган тартиб бўйича коврак ўсимлигининг елим-смоласини йиғиш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хулосасига кўра, Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан ҳар йили квота ажратилади ва ушбу белгиланган квота асосида керакли хом ашё тайёрланади.

— Баъзи манбаларда кейинги йилларда юртимизда коврак смоласини йиғиш оммавийлашиб бораётгани ва унинг табиий заҳирасига жиддий зарар келтирилаётгани қайд этилмоқда. Бу ҳақда нима дея оласиз?

— Бу гапда жон бор, албатта. Ушбу ҳолат Давлат бионазорати мутасаддилари билан бирга кўпчилик маҳаллий аҳолини ҳам ташвишга солмоқда. Чунки коврак смоласини йиғишда ҳозиргача ҳеч бир киши белгиланган йўриқномадан фойдаланмаяпти. Бундан ташқари, айнан йиғилиши лозим бўлган сассиқ коврак ҳаётий шаклига кўра бир маротаба гуллайди ва мева бериб, кейин нобуд бўлиб кетадиган-монокарп ўсимлик ҳисобланади. Яъни ундан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида ушбу ўсимлик турининг майдонлари йил сайин қисқариб бормоқда. Бу ташвишли ҳолат. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 55-моддасида белгиланганидек, «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлигимиз, улардан оқилона фойдаланишимиз зарур ва улар давлат муҳофазасидадир».

Ҳозирги кунда ковракзорлар фақатгина тоғолди майдонларда сақланиб қолган, холос. Чунки собиқ иттифоқ даврида чўлларни ўзлаштириш билан бирга бу ўсимликнинг жуда катта майдонлари йўқолиб кетган. Лекин айрим тадбиркорларнинг талабига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 27 июлда “Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириладиган жарима миқдорларини ҳисоблаш таксаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” ва2004 йил 28 октябрдаги “Биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш устидан назоратни кучайтириш тўғрисида”ги қарорларига асосан коврак ўсимлигининг смоласини йиғишга квота ажратиш белгиланган. Тадбиркорларимиз эса ўз вақтида бундай имкониятдан унумли фойдалана олмаяптилар. Чунки коврак смоласининг рисоладагидек қилиб йиғишдан кўра, ким ўзарга йиғишни афзал билмоқда. Яъни бу ўсимлик хом ашёсини пала-партиш йиғиб олгач, ўзлари тайёр маҳсулот ҳолида ишлай олмайди ва хориж фирмаларига сотишади. Тадбиркорлар кўзига мўмайгина пул бўлиб кўринган хом ашё хорижда қайта ишлангач, ўн баробарга қимматлашиб, ўзимизга қайтишини наҳотки фермерларимиз билишмайди?

— Коврак смоласи олиш учун йиллик ўртача меъёр қанча қилиб белгиланади?

— Елим-смоласини тайёрлаш учун тадбиркорларга Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан йил сайин квота миқдорини камайтирса, лекин улардан тушаётган талабномалардаги рақамлар ортиб бораётгани ташвишли ҳолат. Биргина 2012 йилнинг ўзига 200 тонна коврак смоласи учун квота ажратилган. Энди тасаввур қилинг: ўртача битта ковракдан 1 килограмм смола олинса, 200 тонна коврак смоласини йиғиш учун 200 минг туп коврак керак бўлади. Ковракнинг смоласи олингач қайта тикланишига ишонасизми? Бу ҳолат худди одамнинг қонини 90 фоиз сўриб олганга ўхшайди. Агарда тадбиркорга табиатга келтирилаётган зарари ҳақида гапирсангиз, бунинг орқасидан давлатга даромад келтираётганини пеш қилади. Худди тадбиркорнинг бобокалонлари бу ерларга коврак экиб кетгандек гапиради.

— Ушбу ноёб хусусиятларга эга ўсимликни асраш ва ундан олинаётган хом ашёдан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларингиз...

— Албатта, бу борада ўз фикрим бор. Юқорида таъкидланганидек, йил сайин коврак ўсадиган майдонлар қисқариб бормоқда. Бунга жойлардаги мутасаддилар етарлича эътибор қаратишмаяпти. Аввало, ушбу ўсимликдан фойдаланиш меъёрларини қатъий белгилаб, тартибни бузган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришимиз мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳар йили йўқотиладиган ковракларнинг ўрнини тўлдириб бориш ҳақида ҳам жиддий бош қотиришимиз керак.

Хорижда бу ўсимликка қизиқиш жуда катта. Нега? Чунки ундан қимматбаҳо ва ноёб маҳсулотлар тайёрлашда фойдаланишади. Нега энди бу ишни ўзимизда қилмаймиз? Бунга имкониятимиз етмайдими? Ахир тайёр маҳсулот ҳолида ўзимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, ундан олаётган даромадимиз ҳам ўн чандон ортадику? Албатта, буни йўлга қўйишга имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади. Чунки давлатимиз томонидан бугун тадбиркорлар учун беқиёс имкониятлар яратилган. Лекин бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, бугун қилаётган ишимиз ҳақида батафсилроқ ўйлашимиз лозим. Ўша Покистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва шунга ўхшаш мамлакатларда коврак смоласидан тайёрланаётган қимматбаҳо маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида ички ва ташқи бозорларга чиқса, бу ҳам ғурур эмасми? Бу бизга қўшимча дорамад олиб келмайдими?

Дарҳақиқат, шу азиз Ватаннинг ҳар қарич ери ҳам, бойлиги ҳам ўзимизники. Уни асраб-авайлаш, ундан қонунга итоат қилган ҳолда оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шу маънода ковракни асраш, яъни пул топаман, деб ковракка қирон келтираётган кимсаларга қарши кескин курашиш вақти аллақачон келган. Коврак ширасини йиғиштириш борасидаги рўй бераётган қонунбузарликларга қатъиян чек қўйиш лозим.

Сарвар Очилов суҳбатлашди.

Манба: ekolog.uz 


Улашиш: