Асалари оиласида кўч чиқиш сабаблари
Ариларнинг оилада ривожланиши, ўсиши, кўпайиши уларнинг кучини оширади. Кучли ари оилаларидан табиий йўл билан кўчга чиқиш орқали янги оилалар ташкил бўлади.
Асосан яхши ривожланаётган ари оилалари баҳорнинг иккинчи ярмида кун иссиқ ва об-ҳаво яхши бўлган кунларида кўпроқ кўчга чиқади. Кўч чиқарган асосий ари оилаларининг шу йили маҳсулдорлиги паст бўлиб, асал тўпланишига салбий таъсир кўрсатади.
Кўч чиқиш ариларда жуда мураккаб инстинкт туфайли юзага келиб, ташқи муҳитга мослашиш каби қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Янги кўчиб борган жойида яхши мослашиб яшаб кетиш учун кўчга чиқувчи арилар она ари билан биргаликда олдиндан тайёргарлик кўради. Арилар, асосан, об-ҳаво шароити яхши ва табиатда шарбат кўп бўлган пайтда кўчга чиқади. Бунинг қатор сабаблари бор.
Ари оилалари ҳозирги замонавий катта ҳажмли уяларга қараганда кичик ҳажмли уяларда яшаётганда кўпроқ кўчга чиқади. Бундан ташқари, кичик уяларга офтоб нури тик тушиб турган бўлса, ҳаво алмашиши яхши бўлмай, уя ичи қизиб кетади. Аммо булар кўч чиқиши учун асосий сабаб эмас. Аниқланишича, юқорида айтганимиздек, қуртчаларни боқувчи арилар керагидан ортиқча тўпланиб қолса, кўчга чиқиш юзага келиши мумкин. Кучли катта оилаларда ривожланишнинг учинчи даврида она ари ҳар бир кг ари ҳисобига нисбатан кам тухум қўяди ва оилада қуртчалар кам бўлади. Бунда арилар иш билан тўлиқ таъминланмай қолади, натижада боқувчи арилар танасида ортиқча озиқ модда тўпланиши эвазига уларнинг танасида физиологик ўзгаришлар юзага келади. Улар она арини кўч чиқиш она арисини етиштириш косачасига тухум қўйишига мажбур этадилар. Агар қандайдир йўл билан арилар танасида ортиқча озиқ моддалар тўпланиши бартараф этилса, кўч чиқмайди. Масалан, агар ари оиласи совуқ камерага жойлаштирилса, унда арилар ўзларини иситиш учун кўп ҳаракат қилади ёки тўпланган ёш ариларни қўшимча иш – қуртчаларни боқиш, шарбатни қайта ишлаш каби ишлар билан банд қилинса, у ҳолда уларнинг танасида ортиқча озиқ модда тўпланмайди.
Арилар физиологик ҳолатининг ўзгариши билан хулқ-атворлари она ари билан учрашганда ўзгариб туради. Айрим она ари ёнидаги арилар она арининг устига чиқиб, титраш ҳаракатларини ўтказиб, она арини кузатиб борадилар. Бундай ҳолатга тушган она арини йўлида учрайдиган ҳар қандай она ари етиштириш косачаси ўзига жалб этади ва унга тухум қўяди.
Асаларилар кўч чиқишдан анча аввалроқ мумкатак инчали рамкаларнинг кўзга ташланмайдиган четроқ жойларига 20–40 тагача кўч чиқиш косачаси қуради. Аммо косача қурилган билан кўч чиқади дейишга эрта. Чунки бу қурилган косачалар агарда табиатдан кўп шарбат келса ёки ариларнинг ҳаммаси иш билан банд бўлсалар, у ҳолда фойдаланилмай қолади. Кўч чиқиш косачасига она ари тухум қўйса, шундагина ари оиласи кўчга чиқишга тайёргарлик кўраётгани маълум бўлади.
Манба:
Исамуҳамедов А. И., Никадамбаев Ҳ. К. (2013). Асаларичиликни ривожлантириш асослари. Тошкент: «Sharq» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти.