Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Энди яйловларни қандай асраймиз?..

22/Noyabr/2024 11:03
  1285

Шимолий Нурота тоғлари этаклари бепоён яйлов, деб ёзади ЎзА. Эрта баҳорнинг ҳавоси очиқ кунларида тоғнинг Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятлари ҳудудларини туташтирувчи Қўйтош тоғидаги телеантенна жойлашган чўққидан атрофга назар солсангиз, узоқ узоқлардаги қора нуқталарга кўзингиз тушади. Бу нуқталарнинг ҳар бири ўтлаб юрган сурув-сурув қўй эканлигини унинг ҳаракатланишидан илғаб олишингиз мумкин.

Шу кунларда ўша нуқтадан қарасангиз, кенг яйловларда осмонга тутунга ўхшаб кўтарилаётган ғуборга кўзингиз тушади. Бу қўй сурувлари ҳаракатидан ҳосил бўлаётган чанг. Бугун яйлов чангга тўла.

Очиқ адирлардаги майдонларда ҳафта кунларининг номи билан “Сешанба”, “Чоршанба”, “Пайшанба” “Жума”, “Шанба” “Якшанба” деб аталадиган мол бозорлари бор. Бундай бозорлар барча лалмикор ҳудудларда учрайди.

Ғаллаорол тумани Гулчамбар қишлоғидаги “Пайшанба” мол бозори Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятлари оралиғида жойлашган. Бу очиқ адирдаги на девори, на дарвозаси бўлган майдонда йил давомида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни мингдан зиёд қўй, қорамол сотиладиган катта бозорлардан бири ҳисобланади. Молдан ташқари, кейинги йилларда энг катта савдо чорва озуқаси бозорнинг асосий маҳсулотига айланди. Ҳар пайшанбада 250-300 машинада сомон-пичан келтирилади.

Айни пайтда бу ерда 10-12 килограмм келадиган прессланган сомон ўрами нархи 12 мингдан 15 минг сўмгача, беда пичани ўрами 15 минг сўмдан 17 минг сўмгача сотилмоқда.

Битта қўйга бир кунга 5-6 килограмм озуқа кераклиги ҳисобга олинса, бир ойда 15 та пресс ўрами сарфланади. Бу 150-170 минг сўм. Фақат сомон еб ўлиб қолмаслиги учун кунига 200 грамм арпа ҳам бериш керак. Бу бир ойга 10 минг сўм. Агар қиш уч ойга давом этса 600 минг сўм озуқанинг ўзига харажат қилиш керак. Қўйнинг ўртача нархи шунча. Демак, фақат қишловдан олиб чиқиш учун иккита қўйдан биттасини сотиб иккинчисини сақлаб қолиш мумкин. Бу аҳвол гўшт нархининг ошишига асосий омил бўлмоқда.

– Кейинги йилларда яйловлар унумдорлиги кескин пасайиши туфайли молнинг насибаси ушбу бозорга боғлиқ бўлиб қолди, – дейди кекса чорвадор Наврўз Тўйжонов. – Арзон гўшт етиштиришнинг асосий манбаи бўлган яйловдан ота-боболаримиз авайлаб, алмашлаб фойдаланиб келган. Ёзда сурувни тоғ яйловларида боқиб, кеч кузда адирдаги яйловга қайтиб қишга ҳозирлик кўрган. Бу даврда яйловда ўтлар ўсиб, уруғини тўкиб улгурган. Чорва молларининг сони кўпайиши яйловдан тўрт фасл ҳам узлуксиз фойдаланишга олиб келди. Йил давомида молнинг туёғида топталаётган тупроқда ўт кўкариб улгурмайди, яйлов ҳақиқий чўлга айланиб бораётир.

Чорва молларининг кўпайиши аҳоли турмуш фаровонлигини оширади. Бироқ, чорвачиликни ривожлантириш, гўшт етиштиришни кўпайтириш ҳақида гапирганда арзон маҳсулот етиштиришнинг манбаи бўлган яйлов муаммоси четда қолмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 582 минг гектар яйлов фондига эга бўлган Жиззах вилоятида 867,6 минг қорамол, 2 миллион 100 минг бошдан зиёд қўй-эчки мавжуд. Биологик меъёрларга кўра, бир бош қорамолга 3 гектардан, бир бош қўй-эчкига 1 гектар яйлов зарурлиги ҳисобга олинса, мавжуд яйлов майдони бу меъёрга нисбатан беш-олти марта камлиги вазиятнинг нечоғли оғир эканлигини кўрсатиб турибди.

Чорва моллари, айниқса қўй сони аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайиб бораётир. Яйловдан йил бўйи фойдаланиш натижасида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар йўқолиб бормоқда. Уруғ йўқ, демак, ўсимлик ҳам бўлмайди. Бу эса ўз навбатида яйлов ҳосилдорлигининг пасайиши, чўлланишга олиб келади.

Илмий тавсияларга кўра, адир яйловларида 200 турдан ортиқ ўсимликлар ўсиши биологик хилма-хилликни сақлаш учун меъёрий ҳол ҳисобланади. Аммо бугунги кунда ўсимликлар хилма-хиллиги адирларда 45-50 турдан ошмайди.

Инсоннинг кўп йиллик фаолияти туфайли табиий яйловда юз берган бу ўзгаришларни ўрганиш учун катта тадқиқот ўтказиш шарт эмас. Табиий яйловни атрофи девор билан ўралган қишлоқ қабристони билан таққослашнинг ўзи етарли. Қишлоқлар атрофларида яйловлар ҳосилдорлиги девор билан ўралган қабристон ҳудудига қараганда 40-60 фоизга камайган.

Бунинг бош сабаби қишлоқлардаги чорва моллар сони яйлов сиғимига нисбатан 5-6 маротаба ортганидадир. Шу сабабли ҳам йирик қишлоқлар атрофларида яхши озуқабоп ўсимликлар ўрнига бегона ўтлар кўпайган ва кўп ҳолларда улар янги ўсимликлар гуруҳларини ҳосил қилган.

— Қўй боқиш учун шароит йилдан йил оғирлашиб бораётир, — дейди Ғаллаорол туманидаги “Қоранғул” фермер хўжалиги раҳбари Бойхўроз Ярашев. – Апрель ойидаёқ яйловлар қуриб қолади. 300 бош қўйни пахтакор туманидаги ғалладан бўшаган майдонларда бир бош қўй учун 3-4 ойга 17 минг сўмдан тўлаб боқамиз. Ёзнику амаллаб ўтказамиз, олдиндаги қиш мавсуми кишини кўпроқ ташвишга солади. Бир тележка сомон 1 миллион сўмга чиқди. Чорва хўжаликлари учун озуқа базаси ташкил этилиши масаласи ҳал қилиниши зарур.

Жиззах вилоятининг Фориш ва Ғаллаорол, Навоий вилоятининг Нурота, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманлари яйловларида ҳолат шундай. Уларнинг кўпчилиги Жанубий Қизилқум, Арнасой кўллари бўйидаги яйловларда қўй боқмоқда. Аммо энди у ерлар ҳам торлик қилиб бирдан-бир озуқа манбаи бўлган табиий янтоқзорлар ва шувоқзорлар ҳам камайиб бораётир.

Ҳозир лалмикор қишлоқ аҳолисининг чорвачиликдан бошқа даромади йўқ. Қўй, қорамол қишлоқ аҳолиси учун ҳам маош, ҳам жамғарма воситаси бўлиб турибди.

Иккинчи катта муаммо – лалмикор қишлоқлардаги аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжидир. Табиий газ тармоғига уланмаган қишлоқларда ёқилғига бўлган эҳтиёжнинг бир қисми чорва гўнги, бир қисми эса тоғ адирларда ўсадиган дарахт ҳамда буталар билан қондирилади. Шу сабабли ҳам тоғларда илгаригидек қалин бутазор ва чангалзор ҳозир йўқ. Улар аллақачон аҳолининг тандир ва ўчоқларида ёниб кетган. Яккам дуккам қолган шувоқ, янтоқ, жинғил, ёввойи бодом ва бошқа дарахт ва буталар томири билан кавлаб олинаётир.

Шунинг учун яйлов табиатини асраб қолишда чорва боқишни тартибга солиш биринчи масала бўлса, иккинчиси аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжини қондиришдир. Аҳолининг ёқилғи муаммосининг ҳал этилиши табиатга етказилаётган зарарни камайтириши аниқ.

Муаллиф: Тошқул Бекназаров. Манба: ЎзА

Улашиш: