Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмонинг қимизаклигини (тахирлигини) йўқ қилиш усуллари

23/Noyabr/2024 15:15
  1231

Хурмо таркибидаги қимизакликни йўқотиш учун кўплаб махсус чоралар дастури ишлаб чиқилган. Барча дастурлар учун асос бўлиб хурмоларни углекислота гази билан ёки спирт билан тўйинган муҳитга қўйиш хизмат қилади. Меваларга дарахт устида ҳам ёки узиб олиб қутиларга жойлангандан кейин ҳам ишлов бериш мумкин.

Қимизакликни йўқотишнинг асосий усуллари қуйидагилар:

Углекислота билан ишлов бериш. Бу усул учун Япониянинг турли минтақаларида турлича тавсиялар келтирилади. Улардан бирида меваларни маҳкам ёпиладиган қутида 90– 96% СО2 (карбонат ангидрид) ва 3% О2 (кислород) газ аралашмалари билан 220С даража ҳарорат остида 12 соат давомида сақлаш маслаҳат берилади. Ҳосил йиғилгандан кейин спирт билан ишлов бериш. Мевалар тўла пишиб етиб улгурмасидан аввал териб олинади ва сараланиб, картон қутиларга жойланади. Кейин 35% ли этанол (этил спирти) устки қатор устидан сепилади. Бунда этанол миқдори 15 кг мева учун 180 мл нисбатда ўлчаниши лозим. Этанол сепилгач, картон қутини яхшилаб беркитиб қўйилади. Бундай ишлов берилган мевалар қимизакликни 3–4 кунда йўқотади.

Дарахт устида спирт билан ишлов бериш. Меваларга энди ранг югура бошлаган даврда алоҳида-алоҳида қилиб 0,03 мм қалинликдаги, ўлчамлари 10x14,5 см бўлган полиэтилен халтачалар кийдириб қўйилади. Бу халтачаларда 40% ли этил спирти 1 мл дан қуйилган бўлиши керак. Мевалар 3 кун давомида халтачалар ичида сақланади. Шундан сўнг спирт учиб чиқиб кетиши учун халтачалар тенг иккига қирқилиб қўйилади. Халтачалар олиб ташланмасдан, ўз ўрнида қолдирилиши орқали кейинчалик ишлов берилган меваларни аниқлаш имконини беради. Ишлов берилган мевалар тўла пишиб етилгунча дарахт устида қолдирилади. Бундай ишлов берилган мевалар эти жигарранг тус олади, аммо бу сифат нуқтаи назаридан камчилик ҳисобланмайди. Шуни ёдда тутиш керакки, ишлов берилган мевалар ишлов берилмаган мевалар каби яхши ҳолатини узоқ муддат сақлаб тура олмайди. Ишлов бериш усуллари ичида СО2 билан ишлов берилган хурмо мевалари энг яхши сақланса, узмасдан спирт билан ишлов бериш кейинги ўринда туради. Узиб спирт билан ишлов берилган мевалар сақланиш муддатига кўра энг қуйи кўрсаткичга эга. Аммо спирт билан ишлов берилган мевалар сифати яхшироқ эканлиги қайд қилинади, шунга қараб истеъмолни белгилаш лозим.

Манба:

Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq».

Улашиш: