“Ўсимликлар клиникаси” энди қандай фаолият кўрсатади?..
Инсонларни даволайдиган клиникалар борлигини ҳаммамиз биламиз. Аммо ўсимликларни ҳам даволайдиган худди шундай “клиника”лар борлиги ва у қандай фаолият юритаётганидан кўпчилик бехабар, назаримда. Муаммо ҳам ана шунда. Негаки, жорий йилнинг январида вилоятимизда илк бор Тошкент давлат аграр унверситети Термиз филиали қошида Президентимиз ташаббуси билан “Ўсимликлар клиникаси” ташкил этилган эди.
Бундай “клиника”ларни очишдан мақсад, аввало, томорқа ҳамда фермер хўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифатли бўлиши билан бир қаторда уларда учраётган турли хил касалликлар ҳамда зараркунанда қуртларни вақтида бартараф этиш ва ушбу касалликларга қарши курашишдан иборат эди.
Бу мавзуга қўл урганимизнинг боиси ҳозирда деярли барча ўсимликларда касалланиш ҳолатлари кузатилаяпти. Буғдойдан тортиб, эртапишар картошка, олма, анор, помидоргача, ҳатто ёнғоқ, токларда ҳам касалликдан зарарланиш ҳамда қуртларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Натижада деҳқонлар яхши ҳосил ололмасдан азият чекаяпти. Чунки уларнинг асосий даромад манбаи ҳам шу экин-тикиндан-да. Бундан ташқари, мазкур ҳолат қишлоқ маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб, маҳсулотлар нархининг кескин кўтарилиб кетишига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Касалланган маҳсулотлар эса инсон соғлиғига зарар келтиради. Ана шу каби жиддий муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган “ўсимликлар клиника”лари жойларда ҳам фаолият юритмоқда. Биз Денов тумани “Тотувли” маҳалласида жойлашган “Чағониён ўсимликлар клиникаси” фаолияти билан танишиш мақсадида у ерга ташриф буюрдик. Аммо у ерда ўсимликларнинг зараркунандаларига қарши курашиб, касалликларнинг олдини олишда аҳолига кўмаклашаётган “клиника”ни эмас, фаолиятини йўлга қўйишда қийналиб, ёпилиш арафасида турган масканни кўрдик.
— 5 гектар ерда олма боғим бор, — дейди “Чағониён ўсимликлар клиникаси” раҳбари Иномжон Зикиров. — Боғимдаги олмаларга қурт тушиб кетарди, натижада ҳар йили уларга турли хил дориларни сепардим, аммо фойдасини билмас эдим. Зироатга қирон келтириб, деҳқонларнинг азобини бераётган қуртлар, зараркундаларга қарши курашиб, касалликларга даво топадиган марказ очиш илинжида ушбу “клиника”ни очдим. Унга тажрибали агроном ҳам жалб қилган ҳолда фаолиятимни бошладим, аммо бошлаган ишим кўзланган натижани бермаяпти. Негаки, кўпчилик бундай клиника борлигини билмаса, айримлар дори сепаман деб еримизни ҳисоблаб, солиқни кўпайтирасизлар, дея биз билан шарт нома тузмайди. Мурожаат қилганларнинг аксарият қисми эса экинларига касаллик тарқалиб бўлгандан кейин, масалан, олмаларда қуртлаш аломатлари пайдо бўлганда мурожаат қилади. Дорилаганимиз билан фойдаси кам бўлади. Чунки ҳар бир ўсимликнинг дорилаш вақти бор. Масалан, олма, узумларни қишда, ҳали куртак ёзмасдан дорилаб қўйиш мақсадга мувофиқ. Яна бизда хизмат машинаси йўқлиги ҳам ишимизни оғирлаштираяпти.
Узоқ тоғли ҳудуддан мурожаат қилиб келган деҳқоннинг экинларини дорилаш учун дориларни, асбобларни машинасига бир марта ортган киши иккинчи бора уларни узоқдан кўрса ҳам айланиб ўтади. Негаки, улардан чиқаётган ҳид анчагина бадбўй-да. Савобли ишга қўл урган, бу йўлда гаров эвазига бўлса-да, 85 миллион сўм кредит олган, айни дамда эса машина сотиб олишда қийинчиликларга дуч келаётган, тарғибот-ташвиқот масалаларида ёрдам ололмаётган ушбу тадбиркорнинг “клиника”си ҳақиқатда кўмакка муҳтож.
— “Клиника”нинг очилганига ҳам беш ой бўлди, — дейди агроном Нурилло Хидоятов. — Шу кунгача 100 га яқин томорқа ҳамда 5-6 та фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, уларнинг экинларини дорилаяпмиз холос. “Клиника”мизда зараркунандаларга қарши қўлланадиган дори воситаларининг тури ҳам кам. Моддий томондан қийналганимиз туфайли уч-тўрт хил касалликка қарши бир хил дори воситасидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам бўлмоқда. Бундан ташқари, соҳани яхши тушунадиган, иштиёқманд кадрлар ҳам етишмайди.
— Ўзим тоғли ҳудудда, яъни Сина қишлоғида яшайман, — дейди “А. Ҳидоятов” фермер хўжалиги раҳбари Раҳматулла Шодиев. — Беш гектар ерда олма боғим бор эди. Ушбу “клиника” билан шартнома туздим, аммо техникаси йўқлиги сабабли вақтида олмаларни дорилаша олмади. Натижада, олмалар қуртлаб кетди.
“Клиника”ни очган тадбиркорнинг пухта режаси йўқлиги ҳамда тегишли ташкилотларни вақтида жалб қила билмагани унинг ўз оёғидан чалмоқда.
Ўсимликларни даволайдиган “клиника”лар фаолияти йўлга қўйилгани ҳозирги кун учун муҳим ислоҳотлардан бири десак, адашмаган бўламиз. Чунки улар туфайли томорқаларда, фермер хўжаликларида сифатли ва мўл ҳосил олиш имкони кўпроқ. Модомики тадбиркор ёлғиз ўзи бутун бошли “клиника” фаолиятини яхши йўлга қўя олмаётган экан, мутасадди ташкилотлар қўллаб-қувватласа, ҳамкорлик кенгайтирилса, ана шундагина “ўсимликлар клиникалар”и фаолияти гуллаб, экинлар сифатли, мўл ҳосил берар. Албатта, бу ишлар замирида халқ манфаати ётибди. Ўйлаймизки, бу янги соҳа ривожи ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Муаллиф: Адолат Мўминова. Манба: surxontongi.uz